Линклар

“Темир Феликс” мухолифатчилар сафига ўтди

  • Сарвар Усмон

Собиқ бош вазир Феликс Қуловнинг мухолифат сафига ўтишга қарор қилгани ҳақидаги хабарлар Қирғизистоннинг сиёсий ҳаётида 14 февраль куни рўй берган энг муҳим янгилик бўлди.

Мазмун-моҳиятига кўра эса бу хабар нафақат 14 февралнинг, балки мамлакат яқин келажагини белгиловчи янгилик бўлиши мумкин.

14 февраль куни матбуот анжмуни ўтказган Ф.Қуловнинг айтишича, яқинлари уни президентга ишонмаслик, давлат раҳбари ундан қутулиш учун қулай пайт кутаётгани ҳақида кўп бор огоҳлантирган.

“Лекин мен иш билан бўлиб, бундай гапларни четга суришга ҳаракат қилдим, чунки мен учун эркакча сўз, ор-номусли одамнинг сўзи қимматроқ эди”, - деди Ф.Қулов.

Гап нимадалигини тушуниш учун, бироз ортга қайтишга тўғри келади. 2005 йил март инқилобидан сўнг Қирғизистон сиёсий инқирозга юз тутган, жанубликлар шимолликка, шимолликлар жанублик номзодга овоз бермай қўйиш хавфи пайдо бўлиб қолган эди.

Ана шундай шароитда жанублик Қурманбек Бақиев президент, шимоллик Феликс Қулов бош вазир бўладиган бўлиб, биргаликда сайловга кирган ва ғолиб чиққан эди.

Ф.Қулов 2006 йилнинг охирида истеъфога чиққан ва бу ишни таҳлилчилар президентнинг тегирмонига сув қуйиш, деб баҳолаган эди. Уларнинг фикрича, президент билан бош вазир тил бириктириб, парламентни тарқатиб юбормоқчи эди. Лекин бундай бўлмади. Пайтдан фойдаланган президент Ф.Қуловни бир четга суриб қўйди. Собиқ бош вазир ишсиз қолди.

14 февраль кунги чиқишини собиқ бош вазирнинг ҳукумат раиси сифатидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, деб қабул қилиш ҳам мумкин. У қилган хатоларини ҳам тан олар экан, уларни билиб туриб қилгани, мақсади Бақиев-Қулов иттифоқи шартларига содиқ қолиш бўлганини таъкидлади.

Қ.Бақиевнинг бошқарув услубини, мамлакатдаги вазиятни кескин танқид қилар экан Ф.Қулов, жумладан: “Телеканалларнинг кўпчилиги битта оилага яқин одамларнинг назоратига ўтиб кетди, жиноят олами яна бош кўтара бошлади, боз устига, ҳокимият ҳам, сиёсат ҳам жиноятчилик билан омухталашиб кетяпти, “раҳбарият фикри” аталмиш чизиқдан чиқувчиларга яна таҳдидлар янграмоқда, улар таъқибга олинмоқда. Қўлимда атрофимдаги кишилар ҳаётига суиқасдлар уюштириш режалаштирилаётгани тўғрисида маълумотлар бор”, - деди.

Шундай қилиб, халқ берган “Темир Феликс” лақаби билан танилган собиқ бош вазир мухолифатчилар сафига ўтди. Унинг бу қароридан кейинги ўзгаришлар қандай бўлишини яқин келажак кўрсатиб беради.
XS
SM
MD
LG