Линклар

Янги президентнинг қадами туркманлар учун қутлуғ келадими?

  • Замира Шукур

14 февраль куни Ашхободда Туркманистоннинг мустақилликдан кейинги иккинчи президенти мақомига эришган Қурбонқули Бердимуҳаммедовни қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтди.

Шуниси эътиборлики, мамлакатда 11 февралда ўтказилган президент сайлови натижалари эълон қилинмай туриб, янги президентни қасамёдга келтириш маросими белгилаб бўлинганди. Бу қарор сайловнинг иккинчи тури бўлмаслиги аввалдан маълум эканидан далолат эди. Ҳатто худди шунга ишончи комилдек, турли мамлакатлар раҳбарлари ҳам ҳали расман эълон қилинмаган президентни қасамёдга келтириш маросимида қатнашиш учун Ашхободга ошиқди.

Хуллас, Туркманистоннинг олий қонунчилик органи бўлмиш Халқ маслаҳатининг 2,5 мингдан ортиқ аъзоси ҳамда 30 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари кўз олдида Туркманистон президентлигини Қурбонқули Меликқулиевич Бердимуҳаммедов қабул қилиб олди.

Ашхободнинг энг ҳашаматли қасрида совет замонидан қолган анъаналарнинг туркманча дабдабаю асъаса билан қоришиқ шаклида янги президент қасамëдга келтирилди.

Туркманча узун либослардаги хушбичим қизлар қўшиқлари остида Халқ маслаҳати ва хорижий меҳмонлар қаршисига чиққан Қ.Бердимуҳаммедов 21 декабрь куни вафот этган Сапармурод Ниëзовнинг беш метрлик баҳайбат портрети остида Қуръони Карим, Туркманбоши “Руҳнома”си ва Туркманистон байроғини ўпган ҳолда туркман халқига қасамëд қилди.

“Мен Қурбонқули Меликқулиевич Бердимуҳаммедов, мустақил ва бетараф Туркманистон президенти вазифасини қабул қилар эканман, Туркманистон конституцияси ва қонунларини ижро этишга, туркман давлати фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, туркман давлатининг суверен ва мустақил бардавомлигини кафолатлашга қасам ичаман”, - деди Қ.Бердимуҳаммедов.

Қасамëдини давом эттирар экан янги президент Ўғузхон қавмидан бўлмиш туркманларнинг нафақат ҳозирги, балки келажак насллари шуҳратини ҳам баландга кўтаргулик ишлар қилишни ваъда этди.

Шундан сўнг Туркманистон Марказий сайлов комиссияси раиси Қ.Бердимуҳаммедовга президентлик шаҳодатномасини топширди, бошларига чўгирма кийган беш вилоят оқсоқоллари унинг кўксини нишонлар билан безади. Туркман аëллари эса Қ.Бердимуҳаммедов босган қадамнинг нафақат ўзи, балки халқига ҳам қутлуғ келиши умиди билан унинг пойига оқ гилам тўшади.

Буюк сардор Туркманбоши, дея мадҳ этиб келинган Сапармурод Ниëзов ворисининг “тахтга чиқиши”ни рангли инқилоблар тўлқинида ҳокимиятга келган Грузия ва Украина президентлари Михаил Саакашвили ва Виктор Юшченко, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Афғонистон президенти Ҳомид Карзай, Туркия бош вазири Режеп Тойип Эрдўғон¸ Россия бош вазири Михаил Фрадков, “Газпром” раиси Алексей Мюллер каби 30 дан ортиқ юқори мартабали хорижий меҳмонлар олқишлаб турди.

Кимга тўй, кимга аза, деганларидек, на ватанга қайтишига рухсат берилган ва на мустақил Туркманистон тарихидаги иккинчи президент сайловига қатнашишига имкон берилган муҳожиратдаги туркман мухолифати аксар туркманистонликлар томошабин бўлиб турган сайловлару қасамëд тантаналари диктатура табиатини ўзгартира олмаслигини айтади.

“Ҳокимият тепасига янги келганлар ҳам мамлакатда кучли диктатура қуради. Чунки бу одамларни халқ сайлагани йўқ. Булар жиноят билан юрт бошига келгани боис, халқдан қўрқади ва уни қўрқитиш, тазйиқ–таъқибда ушлашга уринади. Халққа эркинлик берган куни ўзининг ҳокимиятдан кетажагини булар яхши билади”, - дейди муҳожиратдаги туркман мухолифати президент сайловига номзод қилиб кўрсатган “Ватан” партияси раиси Худойберди Оразов.

Гарчи Қ.Бердимуҳаммедовни қасамëдга келтирилиш маросими унинг бутун туркманлар отаси ҳисобланган Сапармурод Ниëзов йўлидан оғишига нисбатан умидларга кўп ҳам асос бермаса-да, янги президент диктатурасининг ниëзовча даражага етмаслигини башорат қилаëтганлар ҳам йўқ эмас.

Қасамёд маросимида қатнашган Ғарб дипломатларидан бирининг фикрича, ҳокимият бундан буëғига С.Ниëзов давридаги шаклда қола олмайди. Қ.Бердимуҳаммедов Туркманистон тепасига келганлардан бири холос ва у ўз шериклари билан бирга ишлашга маҳкум. Шу сабабли бундан кейин Туркманистонда ҳокимият якка шахс эмас, балки бир неча шахс томонидан маслаҳат орқали бошқарилади.

Президент сайловида қарийб 90 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани айтилган Қ.Бердимуҳаммедов Туркманистон президенти сифатида қасамëдга келтирилар-келтирилмас, Ашхободнинг янги хўжайини ким эканини ҳам туркманларга, ҳам меҳмонларга кўрсатиб қўйди. Президент сифатида иш бошлаган илк дақиқаларидаëқ у ҳукуматни тарқатиб юборди.
XS
SM
MD
LG