Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Экологияга оид халқаро хабарлар


Буюк Британия бош вазири Тони Блэр фаолиятининг қолган даврини глобал иқлим исишининг олдини олишга қаратилган янги халқаро келишувни имзолаш масаласига сарфламоқчи.

Бош вазирлик муддати жорий йил сентябрь ойида тугайдиган Т.Блэр 13 февраль куни Берлинда Германия канцлери Ангела Меркел билан сўзлашувдан кейин шундай баёнот берди.

Ер атмосферасида йиғилиб, глобал иқлим исишига сабаб бўлаётган зарарли газлар миқдорини камайтиришга қаратилган Киото келишуви муддати 2012 йилда тугайди. Буюк Британия раҳбари унгача Киото протоколи ўрнига янги келишув имзоланишига умид билдирди.

Жорий йил июнда Германия саноати тараққий этган саккиз давлат раҳбарлари саммитига мезбонлик қилади. Тони Блэр билан бирга ўтказган матбуот анжуманида Германия канцлери “катта саккизлик” саммитида глобал иқлим ўзгаришининг олдини олиш масаласида “сиёсий келишувга эришилиши”га умид билдирди.

**********

Буюк британиялик миллиардер Ричард Брэнсон ва АҚШнинг собиқ вице-президенти Алберт Гор глобал иқлим исишига сабаб бўлаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш йўлини ўйлаб топган якка шахс ёки гуруҳга 25 миллион доллар миқдорида мукофот пули берилишини эълон қилди.

“Минглаб ҳайвон турлари ва балки инсониятни ҳам сақлаб қоладиганлар тақдирланади. Уларга дунёдаги энг йирик мукофот - “Вержин Ер мукофоти” ва у билан бирга 25 миллион доллар пул берилади”, - деди “Вержин” компанияси соҳиби Ричард Брэнсон.

А.Гор ва Р.Брэнсон ўтган йил сентябрда глобал иқлим исишига қарши биргаликда кампания олиб боришга келишиб олган эди. Р.Брэнсон глобал иқлим исиши жараёнини ортга қайтариш учун уч миллиард доллар сармоя сарфлашни ваъда қилган.



**********

АҚШ давлат котибининг атроф-муҳит масалалари бўйича ёрдамчиси Клаудия МакМюррей ёввойи ҳайвонлар, қушлар, ўсимликлар ва ҳашаротларнинг дунё чайқов бозоридаги ноқонуний савдоси 10 миллиард доллардан ошганини маълум қилди.

У “Рейтер” ахборот агентлигига берган интервьюсида ёввойи ҳайвонлар ноқонуний савдоси жиноий гуруҳлар учун наркотиклар ва қуроллар савдосидан кейин учинчи сердаромад манбага айланганини айтди.

К.МакМюррейнинг билдиришича, АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон ва Австралия ўндан ортиқ тадбиркор ва атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар контрабандасига қарши кураш бошлаган. Ўтган йил июлда Бангкокда ҳамкорликда ўтказилган рейдлар давомида овланган ноёб Тибет антилопаси жунидан тайёрланган юзлаб рўмол ва шарфлар мусодара қилинган.

Маълумотларга кўра, Тибет антилопаси жунидан тайёрланган рўмол ёки шарфнинг биттаси ривожланган давлатларда 10 минг доллардан сотилади.

Давлат котиби ёрдамчисининг фикрича, одамлар орасида тушунтириш ишлари олиб бориш ва контрабандачиларни таъқиб қилиш орқали кўплаб ноёб ҳайвонлар, ўсимликлар, қушлар ва бошқа жонзод турларини сақлаб қолиш мумкин.

Мутахассислар эса бу борада ҳукуматлар томонидан етарли чоралар кўрилмаётганидан шикоят қилмоқда. Хусусан, Хитой ва Ҳиндистонда ёввойи ҳайвонлар контрабандаси учун кескин жазо чоралари белгиланган. Шунга қарамай, Ҳиндистонда охирги 30 йил давомида атиги 30 та иш кўриб чиқилиб, айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилган. Мингдан ортиқ иш эса ҳозиргача судга ошмаган.

Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам айрим кишилар баъзи жонзотларни яширинча чет давлатга олиб чиқиб сотади.

Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Зоология институти профессори Оловуддин Ҳамроев мамлакатдаги айрим капалак турлари браконьерлар томонидан рухсатсиз тутилиб, чет элларга яширинча олиб чиқиб сотилишини айтади.

“Айрим коллекционерлар ниҳоятда чиройли капалаклардан бизнес қилади. Шунинг учун улар тоғлардан жуда кўп капалакларни йиғиб, яширин равишда Ғарб мамлакатларига олиб бориб, коллекционерларга жуда юқори баҳоларда сотади. Ғарбда айрим ноёб капалакнинг бир донаси нархи 200 долларгача туради”, – дейди ўзбекистонлик мутахассис.

**********

Бугунги кунда дунё аҳолисининг бир миллиарддан ортиғи тоза ичимлик сув истеъмол қилиш имкониятига эга эмас. Яқинда АҚШнинг “George Mason” университети профессори Абдул Ҳуссам тоза ичимлик сув муаммосини қисман ҳал этиши мумкин бўлган фильтр ихтиро қилди. У яратган қурилма сувни одам саломатлиги учун хавфли бўлган мишьяк, яъни маргимуш ва бошқа кимёвий моддалардан тозалайди. Келиб чиқиши бангладешлик бўлган Абдул Ҳуссам бу ихтироси учун бир миллион долларлик “Granger” мукофотига сазовор бўлди.

Маргимуш сув таркибидаги кўзга кўринмас модда. У одам саломатлиги учун хавфли ҳисобланади. Бангладешда яшаган даврида А.Ҳуссамнинг ўзиам таркибида маргимуш бўлган сувни кўп йил ичган. У ва оиласи соғлом овқатланишни урф қилгани боис, бу модда уларнинг саломатлигига зарар етказмаган. Аммо одам узоқ муддат давомида маргимушли сувни ичса, саратон ва бошқа оғир касалликларга чалиниши мумкин.

Маргимуш моддаси Аргентина, Чили, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Бангладешда сув таркибида табиий ҳолда учрайди. Аммо бу модда бошқа сабабларга кўра сувга қўшилиб кетган ҳоллар ҳам учрайди. Хусусан, кон саноати чиқиндиси бўлган маргимуш кўпинча оқова сувга аралашиб, ер ости сувига қўшилади. Бундай ҳолатни дунёнинг кўп минтақаларида учратиш мумкин.

Профессор А.Ҳуссамнинг айтишича, бундай ҳол Ўзбекистоннинг Зарафшон дарёси ўзанида ҳам кузатилган. БМТнинг 2002 йилги ҳисоботида Ўзбекистон шаҳарлари тупроғида маргимуш миқдори қабул қилинган меёрдан 6-10 баробар кўплиги қайд этилган.

А.Ҳуссам фикрича, дунёнинг кўп минтақаларида миллионлаб аҳоли таркибида маргимуш бўлган сув истеъмол қилаётганини билмайди. Айни пайтда, ҳукуматлар ҳам бу масалага эътибор қаратмайди.

“Аксарият ҳукуматлар ичимлик сув сифатига эътибор бермайди. Баъзи жойларда қудуқ қазисангиз биллурдек тиниқ сув чиқади. Одамлар уни истеъмол қилиш мумкин, деб ўйлайди. Аслида бундай эмас”, - дейди олим.

Абдул Ҳуссам 10 йиллик тадқиқотлари самараси ўлароқ ихтиро этган, нархи 35-40 доллар турадиган қурилмаси дунё аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш муаммосини қисман бўлса-да, ҳал қилишга ёрдам беришига ишонади.
XS
SM
MD
LG