Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:09

Чегара нотинч бўлгач...


Ўзбекистон расмийлари мамлакат чегарачилари ўзбек-қирғиз чегарасида қўшни давлат вакиллари иштирокисиз чегара белгиларини ўрнатишни бошлаб юборгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи “Рress-uz.info” сайти Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси бу ҳақдаги хабарларни инкор қилиши ҳақида ёзди.

5 февралда Қирғизистон парламенти йиғилишида депутатлар Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги Оққўрғон қишлоғи яқинида Ўзбекистон чегарачилари бир томонлама чегара белгиларини ўрната бошлаганини маълум қилиб, қўшниларнинг бундай ҳаракатлари жанжалга олиб келиши мумкинлигини айтганди.

Ўзбек чегарачилари эса “Рress-uz.info” сайти орқали бу айбловлар асоссиз эканини билдирди.

“Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасида делимитация жараёни ниҳоясига етмаган ва демаркация борасида гапиришга ҳали эрта. Ўзбекистон давлат чегараси билан боғлиқ масалаларда халқаро ҳуқуқий меёрларга амал қилади. Қирғиз депутатларининг Ўзбекистон томонни Қирғизистоннинг иштирокисиз чегара белгиларини ўрнатиш ишларини бошлаб юборгани ҳақидаги айблови мутлақо асоссиз”, - деб ёзди “Рress-uz.info”.

“Озодлик” мухбири мазкур баёнот юзасидан Ўзбекистон Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитасидан муносабат олишга ҳаракат қилди, лекин бундан натижа чиқмади.

Қирғиз парламенти депутати Қодиржон Ботиров эса чегарадаги вазият ҳақида маълумот беришга бажону дил рози бўлди.

“Олабуқа туманининг айрим қишлоқларида бир томони Ўзбекистонга, бошқа томони Қирғизистонга қарашли кўчалар бор. Ўзбекистон ўз томонини тартибга солиш ишларини қиляпти. Лекин бу борада Қирғистон томондан ҳали ҳеч қандай иш бошланмади. Бу масала қирғиз парламентида кун тартибига киритилгани йўқ эди. Лекин бу ерлардаги вазиятни яқиндан ўрганган депутатлар парламент йиғилишларида ўз фикрини билдирди. Аммо қирғиз депутатлари икки давлат ўртасида қандайдир зиддият туғдириб, муносабатларни таранглаштириш ниятида эмас”, - деди Қ.Ботиров.

Боткен вилояти ҳокимлиги мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бўлими мудири Тоштемир Эшалиев ҳам чегарага ўзбек чегарачилари томонидан сим тўсиқлар ўрнатилиши ҳолатлари бўлаётганини айтади.

“Қирғизистоннинг Ўзбекистоннинг Риштон тумани билан чегарасидаги Қайтмас қишлоғи ўртасидаги канал бўйига ўзбек чегарачилари маҳбуслар кучи билан тиканли сим тортмоқда”, - дейди Т.Эшалиев.

Унинг билдиришича, 28 январь куни ўзбекистонлик чегарачилар бу жойда ўз фуқароси бўлган тижоратчини отиб ўлдиргандан кейин тиканли сим тортиш ишлари бошланган.

Қирғизистон парламенти депутати Нўъмонжон Орқабоев кейинги йилларда ўзбек-қирғиз чегарасида салбий ҳолатлар кўп кузатилаётганини таъкидлади.

“Қадамжо туманининг Қирғизқишлоқ деган жойида ўзбекистонлик чегарачи қирғиз чўпонини отиб ўлдирган. Ҳеч ким жавоб бермади бунга. Ҳушёр постида Ўш-Боткен автобуси ҳайдовчисига ҳам автоматдан ўқ отилган. Бунақа ҳолатлар жуда кўп”, - дейди депутат.

Жалолобод вилояти губернатори Искандар Айдаралиев ўзбек-қирғиз чегарасида муаммолар кўпаймаслиги учун демаркация масалаларини тезроқ ҳал қилиш зарур, деб ҳисобламоқда.
XS
SM
MD
LG