Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:48

Испанияда узоқ кутилган суд бошланди


15 февраль куни Испанияда 2004 йил 11 март куни Мадриднинг марказий темир йўл вокзалида содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланаётган шахслар устидан суд жараёни бошланди.

Мазкур ҳужум оқибатида 191 одам ўлган, қарийб икки минг киши жароҳатланган эди. Тўртта поездда содир этилган портлашлар “Ал-Қоида”га алоқадор гуруҳлар Европа ҳудудида амалга оширган энг йирик террорчилик ҳужумидир.

Судга тортилган 29 айбланувчи устидан бошланган жараён бир неча ой давом этади. Чунки айблов хулосасининг ўзи юз минг бетдан кўпроқдир. Бундан ташқари, 600дан ортиқ гувоҳ ва 107 эксперт кўрсатма бериш учун судга таклиф этилган. Суд жараёни бир ҳафтада уч кун бўлади ва июлга қадар чўзилади. Ҳукм октябрь ойида ўқиб эшиттирилиши кутилмоқда.

Суд залидаги тахминан 50 та ўринни ҳужум оқибатида жабрланган фуқаролар эгаллади. Бошқа залда яна 150 жабрланувчи ички телеканал орқали суд жараёнини кузатмоқда.

Пилар Манхуан “11 март ҳужуми жабрланувчилари уюшмаси” раҳбари. У “Рейтер” ахборот агентлиги мухбирига узоқ кутилган суд ниҳоят бошланганидан мамнун эканини билдирди.

“Бу узоқ йўл ортидаги ёруғлик нуридир. 11 март портлашлари юзасидан суд бошлангани биз учун муҳим ғалаба ҳисобланади”, – деди П.Манхуан.

Мадрид вокзалида содир этилган портлаш оқибатида қизидан айрилган муслима Ямилла эса суд жараёнига муносабат билдирар экан: “Қизимнинг қотиллари билан рўпара келиш қалбимда оғриқ пайдо қиляпти”, – деди.

Хейсус Рамирез Кастанедо Мадрид вокзалида уюштирилган ҳужум оқибатида оғир яраланганлардан бири. Портлаш оқибатида Кастанедонинг оёғи синган, танаси куйган ва қулоғи шикастланган. У ҳужум уюштирганлар дунёқарашини асло тушуна олмаслигини айтади.

“Биз жабрланувчи сифатида ўзимизга: “Танимаган ва билмаган одамлар ҳаётини барбод қилиш учун эрталаб соат еттида поездга чиқиб портловчи моддалар ва металл парчалари билан тўлдирилган рюкзакларни вагонда қолдириб кетган бу одамларни қандай ақл механизми бошқараётган экан”, деган савол берамиз”, – дейди Кастанедо.

Суднинг қора курсисида ўтирган 29 айбланувчининг ҳаммаси шимолий африкалик. Улардан еттитаси портлашларни ташкил этишда айбланяпти. Қолган 22 нафарига террорчи ташкилотларга аъзолик ёки улар билан ҳамкорлик қилиш, портловчи моддаларга эга бўлиш ва ҳужжатларни сохталаштириш айблари қўйилмоқда.

Суд мажлиси портлашларни бевосита содир этишда айбланаётган тўрт шахснинг бири Рабей Усмон Сайид Аҳмад ишини кўришдан бошланди. “Мисрлик Муҳаммад” номи билан танилган бу шахс гувоҳлик беришдан бош тортиб, ўзига қўйилаётган барча айбловни рад этди.

Сайид Аҳмад қотиллик, террор ташкилотига аъзолик ва бошқа айбловлар бўйича 40 минг йилгача бўлган муддатга озодлик маҳрум этилиши мумкин. Бу Испания тарихида судланувчига берилиши мумкин бўлган энг узоқ жазо муддати экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG