Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:33

Мигрантлар Москвада кўчма меҳмонхоналарда яшайди


Москва шаҳри маъмурияти пойтахтда аянчли аҳволда яшаётган меҳнат мигрантларининг яшаш муаммоларини енгиллатиш мақсадида улар учун махсус кўчма меҳмонхоналар қуриш таклифи билан чиқди.

Москва маъмуриятининг минтақалараро алоқалар ва миллий сиёсат бўлими раҳбари ўринбосари Евгений Чернецов бундай меҳмонхоналар қурилиши меҳнат мигрантларининг яшаш шароитини яхшилабгина қолмай, иш берувчилар учун ҳам қулайликлар яратиши мумкинлигини таъкидлади.

“Бундай соддалаштирилган меҳмонхоналарни, масалан, қаерда қурилиш бўлаётган бўлса, ўша ерда бунёд этиш мумкин. Қурилиш битгач эса бу меҳмонхона бошқа шундай жойга кўчирилади. Меҳмонхонада муҳожирлар учун душ, қуритиш хоналари, тиббий ёрдам бўлимлари, дам олиш марказлари, тартиб-интизом пунктлари бўлиши кўзда тутилган”, - деди Е.Чернецов.

Даставвал Москвада йил охиригача тажриба учун иккита шундай меҳмонхона қуриш режалаштирилмоқда. Бу меҳмонхоналарда бир кун яшаш нархи 60 рубль, яъни тахминан икки доллар атрофида бўлиши тахмин қилиняпти. Бу дунёдаги энг қиммат шаҳарлардан бири бўлган Москва шароитида жуда арзондир.

“Хорижлик мигрантлар оқимининг кучайиши бизни шундай таклиф билан чиқишга ундади. Москвада жами 3,5 миллиондан ортиқ хорижлик муҳожир яшайди. Улардан икки миллиони ноқонуний мигрантлардир. Улар 10 миллионлик Москва аҳолисининг деярли 30 фоизини ташкил этади ва бу ижтимоий низони келтириб чиқариши мумкин”, - деди Е.Чернецов.

Унинг сўзларига кўра, уй ижараси қиммат бўлгани учун Москвада 3-4 кишига мўлжалланган хонадонларда 50 тагача мигрант яшайди. Лекин бу санитар аҳволга зарар етказиши, қўшни хонадонлар эгалари, маҳаллий аҳолига ноқулайлик яратиши мумкин. Айни шу сабабли кўчма меҳмонхоналар қуриш таклифи юзага чиққан.

Москвада Ўзбекистондан борган меҳнат мигрантлари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг айримлари уйлар ёки турли идораларнинг ертўлаларида, кўчма вагонларда, ўзлари ишлаётган қурилиш объектларида яшаётган бўлса, баъзилари кўпчилик бўлиб битта хонадонни ижарага олган ҳолда тиқилиб, суриниб кун ўтказаётир. Агар Москва маъмуриятининг кўчма меҳмонхоналар қуриш режаси амалга оширилса, уларнинг ҳам муаммолари бир қадар камаярмиди...
XS
SM
MD
LG