Линклар

Путин “башоратчи”ларни яна доғда қолдирди

  • Сарвар Усмон

15 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Кремлнинг кейинги қадамларини башорат қилишни ёқтирадиган экспертларни доғда қолдириб, кутилмаганда ҳукумат таркибига катта ўзгаришлар киритди.

Россия бош вазири ўринбосари, мудофаа вазири Сергей Иванов бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Федерал солиқ хизмати бошлиғи Анатолий Сердюков мудофаа вазири, Чеченистон президенти Алу Алханов Россия адлия вазири ўринбосари, Чеченистон бош вазири Рамзан Қодиров эса бу республиканинг муваққат президенти этиб тайинланди.

В.Путиннинг асосий ворисларидан экани тахмин қилинган Дмитрий Медведев бош вазирнинг биринчи ўринбосарлигига тайинлангандан сўнг яна бир ворис Сергей Ивановнинг эгаллаб турган мавқеи айримлар назарида анча пасайгандек кўринганди. Энди эса президент ҳар икки вориснинг мақомини тенглаштириб қўйди. Бош вазирнинг иккинчи биринчи ўринбосари пайдо бўлганидан бир йилдан кейинги президент сайловида айнан Д.Медведов ва С.Иванов Кремль хўжайинлиги сари “от солиши”ни тахмин қилиш қийин эмас.

“Новая газета” сиёсий шарҳловчиси Сергей Мулин ҳам “Озодлик”ка берган интервьюсида худди шундай фикр билдирди.

“С.Иванов бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига кўтарилиши тўлалигича президент Путин сўнгги матбуот анжуманида айтиб ўтган концепция доирасига кирувчи амалдир. Яъни президент мамлакатни икки номзоддан бирини танлаш кутаётганини айтган, лекин бу номзодлар Кремлнинг номзодлари бўлишини айтмаган эди”, - дейди Сергей Мулин.

Демак, агар таҳлилчилар адашмаётган бўлса, бир йилдан сўнг россияликлар ё Путиннинг ўзидай собиқ КГБчи, санкт-петербурглик 55 ёшли Сергей Ивановни ёки 42 ёшли ҳуқуқшунос ва ўқитувчи Дмитрий Медведевни ўзига президент қилиб сайлаб олади.

С.Ивановнинг амал пиллапояларидан юқорироққа кўтарилишидан бутун Россиянинг эртанги кунини тасаввур қилиш мумкин бўлса, Алу Алхановнинг Чеченистондан Москвага, адлия вазири ўринбосарлигига олиб кетилишидан қонталаш Чеченистоннинг эртанги куни тўғрисида тасаввур пайдо қилиш мумкин.

“Озодлик” радиоси рус хизмати шарҳловчиси Андрей Бабицкий фикрича, Алу Алхановнинг президентликдан олиниб, ўрнига Рамзан Қодировнинг тайинланиши билан Чеченистонда “Рамзан Қодиров диктатураси мутлақ шаклланиб бўлди”.

А.Бабицкий сўзларига кўра, Алу Алханов аввал-бошданоқ муваққат фигура, Рамзан Қодиров 30 га киргунича, яъни Конституция талабига кўра президентликка даъво қилгудай ёшга етиб олгунича турадиган фигура сифатида танланган эди. Президент Алу Алханов Чеченистонда ўз назоратини ўрнатишга уриниб кўрди, лекин бу ишни уддалай олмади. Чунки марҳум президент Аҳмад ҳожи Қодировнинг ўғли Рамзанни шахсан Путиннинг ўзи қўллаб-қувватлаб келмоқда.

А.Бабицкий Рамзан Қодиров ҳам Путинга хайрихоҳ, лекин бу хайрихоҳлик чечен халқига қимматга тушаётганини айтади.

“Р.Қодиров республикани жиноий усуллар билан бошқаришда давом этяпти. Кўп йиллардан бери айтиб келаётганимиз – одамларни ўғирлаш, қийноққа солишлар, судловсиз қатл этишлар – буларнинг ҳаммасига аслида барҳам берилган эмас. Бундан буён эса Р.Қодиров мутлақо ҳеч кимдан қўрқмай одамларни хўрлайвериши мумкин, - дер экан А.Бабицкий Р.Қодировнинг “Лица” журнали мухбири билан суҳбатда айтган гапини эслатди. - Ўшанда Р.Қодиров республикани 6 ойга ёпиб қўйиб, кейин нима бўлганини кўрсатиб қўйишни орзу қиламан, деган эди”.

А.Бабицкийнинг таъкидлашича, Чеченистоннинг Рамзан Қодировдай шахсга бериб қўйилиши Кремль минтақаларга нисбатан “ўзингнинг гўштингни ўзинг е” қабилида сиёсат юритаётганига ёрқин далилдир.
XS
SM
MD
LG