Линклар

“Coscom” мажбурий таътилдан қайтди

  • Озодлик

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан фаолияти ўн кун муддатга тўхтатиб қўйилган “Coscom” мобиль алоқа компанияси бу даврда мижозларининг 20-40 фоизини йўқотди.

Компания операторларидан бирининг маълум қилишича, компания 16 февралдан яна мижозларига хизмат кўрсата бошлаган.

“Фақат шаҳар телефонларига қўнғироқ қилиш ва улардан қўнғироқ қабул қилишнинг ҳозирча иложи бўлмаяпти. Тўла кўринишдаги хизматлар кўрсатиш эртадан бошланади”, - деди оператор.

Унинг сўзларига кўра, “Coscom” вақтинчалик фаолиятини тўхтатган пайтда бу муаммо қачон ҳал бўлишини кутиб ўтирмай, бошқа компанияларга ўтиб кетган мижозларнинг ҳаммаси яна “Coscom”га қайтмоқда.

“Coscom” Ўзбекистонда 1996 йилдан бери фаолият юритади. Бу компания Американинг MCT корпорацияси (85 фоиз акция эгаси), Ўзбекистоннинг “Ўзбеккоинот” ҳамда “Давр-Конверсия” ширкатлари ҳамкорлигида очилган.

Россияга қарашли РБК Интернет нашрининг ёзишича, қарийб 400 минг мижозга хизмат кўрсатадиган “Coscom”нинг фаолияти вақтинча тўхтатилгандан кейин компания мижозлари сони 20-40 фоизга камайган.

Аммо “Coscom” вакиллари, юқорида таъкидланганидек, мижозлар яна компанияга қайта бошлаганини билдиряпти.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг лизенция бериш бўлими бошлиғи Альмира Гатаулина “Oзодлик” мухбири билан суҳбатда “Coscom”даги муаммолар ўз ечимини топганини маълум қилди.

“Давлат назорат идораси томонидан текшириш ишлари ўтказилди. Биз идорадан “Coscom” барча муаммони ҳал этгани, техник камчиликларнинг олди олингани ҳақида расмий тасдиқ олдик ҳамда лицензияни қайта тикладик. Бу ҳақдаги қарор кеча эълон қилинди”, - деди А.Гатаулина.

Айни пайтда “Coscom”нинг фаолияти бутунлай тўхтатилиши арафасида экани, уни америкалик акциядорлардан бошқа харидорлар, хусусан, Россиянинг “Мегафон” компанияси сотиб олмоқчи бўлаётгани ҳақида гап-сўзлар юрибди.

“Coscom” бизга акциялари сотилиши ҳақида ҳеч нарса демади,- дейди бу хабарларга муносабат билдирган А.Гатаулина. – Масалан, мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман. Мобиль алоқа бозоридаги гаплар иштирокчиларнинг фикрлари. Агар шундай нияти бўлса, яхшиси бу ҳақда “Coscom”нинг эълон қилсин”.

“Озодлик” мухбири “Coscom”нинг сотилиши ҳақида РКБ газетасида эълон қилинган мақола муаллифи Тимофей Дзадко билан ҳам суҳбатлашди ва бу компанияга босимлар ҳақидаги маълумотга ойдинлик киритишни сўради.

“Coscom”нинг вақтинчалик ўчириб қўйилиши арафасида ширкатдаги ишончли манбалар бунинг бекорга қилинмаëтгани, фаолияти тўхтатилиши ортида техник эмас, балки бошқа сабаблар борлиги ва уларга нисбатан босим ўтказилаëтгани айтди. “Uzmаcom” ширкати билан ҳам айни ҳолат юз берган эди. Аввал уни “Alfa” компанияси харид қилиб, кейин “Вымпелком”га сотиб юборган эди. Бир-бирига ўхшаш икки ҳолат. Аввал ширкатнинг лицензияси олиб қўйилади-да, кейин у арзон нархда бошқаларга сотилади. Тошкентдаги ишончли манбалар ҳам бу ҳаракатлар “Мегафон”нинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши билан боғлиқлигини айтди”, - деди Тимофей Дзадко.

“Мегафон”нинг бош акциядорларидан бири бўлмиш “Телеком инвест” ОАЖ вакиласи Людмила Чехова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда компания Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирганини тасдиқлаганди, аммо “Coscom” билан музокаралар ҳақида ҳали аниқ бир гап айтилмаганини таъкидлади.

Сўнгги вақтлар ичида Ўзбекистонда техник носозликларни бартараф эта олмагани иддаоси билан иккита мобиль алоқа компанияси иши тўхтатилган эди. 2005 йил февралда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги буйруғи билан “SkyTel” иши тўхтатилиб, кейинчалик унинг ўрнини “Ўзбектелеком мобайл” эгаллаганди. Ўша йилнинг августида эса GSM стандартида хизмат кўрсатувчи “Uzmacom” компанияси ҳам ëпилиб, кейинчалик “Вымпелком”га сотиб юборилганди.
XS
SM
MD
LG