Линклар

logo-print

Истанбул портлашлари айбдорлари жазосини олди

  • Ҳасанжон

Туркия суди 2003 йилда Истанбул шаҳрида худкушлар воситасида портлашлар содир этган “Ал-Қоида” гуруҳига аъзоликда гумон қилинган етти шахсга умрбод қамоқ жазоси белгилади.

Салкам 60 кишини ҳаётдан олиб кетган портлашлар Истанбулдаги икки синагог, Буюк Британия консулхонаси ва Буюк Британияга қарашли банк олдида уюштирган эди. Бу жиноят учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар орасида суриялик Лаъл Муҳаммад Ҳаж Бакир ас-Сақа ҳам бор. Ҳакамлар яна бошқа 41 айбланувчини 18 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилди. 26 шахс эса айбсиз топилди.

Бомба тайёрлаш бўйича мутахассис бўлган Лаъл Муҳаммад Ҳаж Бакир ас-Сақа Истанбулдаги портлашларни молия билан таъминлаш ва уюштиришда айбдор топилди. Суд мажлисларида бошқа судланувчилар билан ҳазиллашиб ўтирган Сақа ўзининг айбдор эмаслигини айтди.

Ироқдаги “Ал-Қоида” гуруҳининг собиқ раҳбари Абу Мусаб аз-Зарқавий билан сафдош бўлган Сақа “Ал-Қоида”нинг Туркиядаги тармоғи бошлиғи экани тахмин қилинмоқда.

У 2005 йилда Туркия жанубидаги Анталия шаҳрида яшириниб яшаётган бинода бехосдан портлаш содир бўлганидан кейин қўлга олинган. Туркия расмийларининг билдиришича, Сақа Ўрта ер денгизида Исроилга қарашли сайёҳлик кемаларини портлатишни режалаштирган.

Сақа билан бирга Хорун Илҳом исмли шахс ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У портлашларга алоқадорлиги ва “Ал-Қоида” гуруҳи аъзоси эканини тан олди.

Юк машинасига портловчи қурилмани ўрнатишда ёрдам берганига иқрор бўлган Февзи Йитиз, Юсуф Пўлат, Баки Йигит, Усмон Экен ва Аднан Эрсўз ҳам суд қарори билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. Етти шахснинг ҳаммаси мамлакатдаги дунёвий тузумни куч билан ўзгартиришга уриниш, одам ўлдириш ва 647 фуқарога тан жароҳати етказишда айбдор топилди.

Жавобгарликка тортилган бошқа шахслар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Сайит Эртул Туркиянинг Кўня шаҳрида “Ал-Қоида” гуруҳига бош бўлганликда айбланиб, 18 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳамид Обиси эса “Ал-Қоида”га аъзолик, бомба ясаганлик, шунингдек, шахсни тасдиқловчи сохта ҳужжат тайёрлаганлик учун ўн икки ярим йилга кесилди. Истанбул портлашларига алоқадор бўлган яна 29 шахс олти йил уч ой муддатга ҳамда бомба тайёрлашга ёрдам берганликда айбланган 10 шахс уч йил тўққиз ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Меҳмет Сами Селчукнинг адвокати суд қарори юзасидан юқори идораларга шикоят аризаси билан мурожаат қилишини билдирди.

“72 айбланувчидан 48 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Биз бундай ҳукм чиқарилишини кутмаган эдик. Биз апелляция судига мурожаат қиламиз”, – деди адвокат.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Маргарет Беккет шанба куни эълон қилган баёнотида суд қарорини олқишлади.
XS
SM
MD
LG