Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:57

Сўғдда ЎИҲ аъзолари кўпайиб боряпти


Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятида ўтган йил охирида террорчиликка алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган шахслар Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари экани тасдиқланди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, Исфара шаҳрида қўлга олинган “Шаҳобхон” лақабли 34 ёшли шахс, 24 ёшли “Абдулло” ва ҳозирча исми сир тутилаётган 26 ёшли шахс Сўғд вилоятида портлашлар уюштириш, гаровга олиш ва бошқа террорчилик ҳаракатлари содир этиш бўйича таълим олган. Қўлга олинган шахслардан бирининг уйидан портловчи модда тайёрлаш учун сақлаб қўйилган 500 килограмм аммиак селитраси топилган. Бу шахсларга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг “терроризм” ва “террорчилик фаолиятга қасд қилиш” моддалари бўйича жиноят иши очилган.

Расмийларнинг таъкидлашича, Сўғд вилоятида ЎИҲ аъзолари фаолияти жонланган ҳудуд Исфара тумани ҳисобланади. Чунки бу ҳаракатга аъзоликда айбланиб қамоққа олинганларнинг аксарияти Исфара туманидан.

“Исфара тумани Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегаралари ўзаро кечишган ҳудуддир. Яширин фаолият олиб бориш учун энг қулай жой. Шунинг учун ҳам уларнинг фаолияти жонлангани айни шу туманда кўпроқ сезилади”, - дейди Сўғд вилояти ИИБ бошлиғи генерал Абдураҳим Қаҳҳоров.

А.Қаҳҳоров вилоят ҳудудида содир этилган барча террорчилик жиноятларида ЎИҲ аъзоларининг қўли борлигини билдирди.

“Жумладан, Конибодом ички ишлар бўлимининг икки ходимига суиқасд, Қайроққум шаҳри ИИБнинг вақтинча сақлаш изоляторига ва Лаккон чегара заставасига қилинган қуролли ҳужумлар ҳам айнан ЎИҲ аъзолари томонидан амалга оширилган”, - дейди генерал.

Расмий маълумотларга кўра, шу пайтгача Сўғд вилоятида ЎИҲнинг 30 аъзоси ҳибсга олинган, яна 21 аъзосига қидирув эълон қилинган.

Ўтган йилнинг май ойида ҳам ЎИҲга аъзоликда айбланган 6 киши вилоят суди ҳукми билан 9 йилдан 19 йилгача муддатларга озодликдан маҳрум қилинганди. Уларнинг яқинлари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда судланувчилар барча айбни қийноқлар остида тан олгани, судда эса уларнинг айбини тасдиқловчи далил-исбот келтирилмаганини айтган эди.
XS
SM
MD
LG