Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:00

Кажаки афғонларга нур олиб келади


Халқаро ҳамжамият Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларгагина эмас, балки иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ҳам катта эътибор қаратишга интиляпти ва бу борада айрим режалар ҳам тузилмоқда.

Афғонистоннинг баланд тоғларидаги довонларни қор тўсиб қўйганига қарамай, илиқ об-ҳаво туфайли Хилманд вилоятининг шимоли-шарқий минтақасида қор эрий бошлади. Бу минтақада жойлашган Кажаки тўғонида эса хорижлик муҳандислар ГЭС генераторларини қайта тиклаш ишларини олиб бормоқда.

Агар улар бу ишни уддалай олса ва Қандаҳор шаҳригача бўлган 110 километр масофада симёғочлар ўрнатишга муваффақ бўлса, бир миллион 800 минг афғонистонлик сўнгги бир неча ўн йиллик мобайнида биринчи марта ишончли электр манбасига эга бўлади. Бу эса минглаб иш жойлари яратилиши мумкин, деган гап.

Толиблар жангарилари 2 февраль куни босиб олган Мусоқалъа шаҳрини ҳозиргача ўз назоратида ушлаб турибди. Бу шаҳар тўғондан 25 чақирим нарида жойлашган.

Хилманд вилояти ҳокими таркибида юзлаб чечен, покистонлик ва ўзбек жангарилари бўлган гуруҳлар шу ҳафтада Покистондан Афғонистон ҳудудига ўтиб, тўғонни қайта тиклаш ишларини барбод қилишга уринганини маълум қилди. НАТО ҳарбийлари эса жангарилар узоқ масофадан ракеталар отаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, ҳужумлар жиддий зарар етказмаганини билдирмоқда.

Куни-кеча Халқаро тадқиқотлар институти Лондонда Афғонистонга бағишланган симпозиум уюштирди. Унда мудофаа ва хавфсизлик соҳаларининг 300га яқин вакили қатнашди. Толиблар Мусоқалъани босиб олгунга қадар Буюк Британиянинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони бўлган генерал-лейтенант Дэвид Ричардс йиғилишда чиқиш қилиб, Афғонистон баҳорда дуч келиши мумкин бўлган стратегик муаммолар ҳақида гапирди.

У Афғонистон жанубидаги сўнгги тўқнашувларни толибларнинг ҳужуми, деб атамаган бўлишини айтди.

“Йўқ, бу халқаро кучларнинг минтақада олиб бораётган тозалаш ишлари натижасидир. Кажаки тўғонини қайта тиклаш лойиҳасини амалга ошириш учун улар шундай амалиёт ўтказяпти. Толиблар Афғонистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият бундан тарғибот мақсадида фойдаланиши мумкин, деган фикрда лойиҳанинг амалга ошишини хоҳламаяпти. Шунинг учун толиблар бизни кўришни хоҳламаган минтақага халқаро кучлар боряпти”, – дейди британиялик генерал.

Унинг таъкидлашича, толиблар Қандаҳор шаҳрини қўлга кирита олмагандан кейин Афғонистон жанубида уларнинг тарафдорлари сони кескин камайган.

АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги молиялаштирган лойиҳа бўйича хитойлик муҳандислар яқинда Кажаки тўғонидаги электр станциясини ишга тушириши режалаштирмоқда. Жангарилар ГЭСни сурункали равишда миномётлардан ўққа тутгани боис, 2006 йилда станцияни таъмирлаш ишлари тўхтаб қолган эди. Ҳозир халқаро кучлар станция атрофида олти километрлик хавфсизлик зонаси яратган.

“Шунинг учун тўқнашувлар бўляпти. Чунки биз лойиҳани амалга ошириш учун имконият яратдик. Бу бутун жанубий минтақа аҳолиси учун ўта муҳим бўлган лойиҳа”, – деди Буюк Британия армияси генерали.

Лондон симпозиумида сўзга чиққан аксарият мутахассислар толиблар мағлубиятга учраяпти, деган фикрга қўшилишини билдирди.

АҚШ Давлат департаментининг терроризмга қарши курашни мувофиқлаштириш бўлими вакили Дэвид Килкуллен жанглар содир бўлаётгани толиблар ғалабага эришаётганини англатмаслигини айтди.

“Афғонистонда уруш доим мавсумий характерга эга бўлиб келган. Биз буни “баҳорги ҳужум”, деб атаймиз. Ҳар баҳорда кимдир ҳужумга ўтади. Менимча, биз жанубдаги толиблар кучини бўрттириб кўрсатмаслигимиз керак. Жанубда НАТО ва Афғонистон ҳукуматига қарашли кучлар мустаҳкам позиция эгаллаган. Менимча, биз толиблар фаоллашишини кутишимиз мумкин бўлади. Аммо буни толибларнинг муваффақияти, деб атамаслигимиз керак”, – деди Д.Килкуллен.
XS
SM
MD
LG