Линклар

Тожикистонликлар ҳам Умиданинг ҳимоячилари сафида

  • Садриддин Ашур

Тожикистон электрон ахборот воситаларида Хўжанд шаҳридаги “Эделвейс” жамоатчилик бирлашмаси раиси Умид Тоҳировнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаати эълон қилинди.

Унда У.Тоҳиров ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзованинг ҳибсга сақланаётганидан ташвишда эканини билдириб, журналистнинг дарҳол озод этилишини талаб қилган.

Мурожаатда айтилишича, Ўзбекистонда журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқлар, қамоққа олиш ва қийноқлар мунтазам давом этмоқда. Айбланувчилар устидан суд мажлисларининг ёпиқ тарзда ўтказилиши, уларга самарали ҳимоя учун имконият берилмаслиги ва судларнинг мустақил эмаслиги ташвиш пайдо қилмай қолмайди.

У.Тоҳировнинг таъкидича, У.Ниёзова ҳам ҳукумат томонидан бўлаётган ана шундай тазйиқлар қурбони бўлмоқда.

“У.Ниёзованинг ноқонуний усуллар қўлланган ҳолда кунига 15 соатдан сўроқ қилинаётганига асослар бор. Олинган маълумотларга кўра, айбланувчига терговчи Улуғбек Ортиқов ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг беш ходими томонидан мунтазам руҳий босимлар ўтказиляпти, унинг соғлиғи ёмонлашган. Умида сақланаётган камерага вақти-вақти билан заҳарли газлар юборилмоқда. ОАВ хабарига кўра эса унинг олдига яқинларидан ҳеч ким киритилмаяпти”, - дейилади мурожаатда.

У.Тоҳиров мурожаати сўнггида И.Каримовдан У.Ниёзованинг қамоқдан зудликда озод этилишини ва унга ҳимоянинг самарали усулларини фойдаланишга имкон берилишини талаб қилган ва шу билан зора Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларга йўл очилишига умид билдирган.

Хўжандда чоп этиладиган “Тонг” газетаси бош муҳаррири Мирзаҳаким Қобилов эса Ўзбекистонда ҳали бери демократик ўзгаришлар бўладиганга ўхшамаслигини айтади.

“Кейинги пайтда эркин фикрлайдиган, демократик мавзуларни ёритадиган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун Ўзбекистонда яшаш дўзахга айланиб боряпти. Назаримда бу Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай тўлқиннинг олдини олиш учун қилаётган хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ. Биз ҳам эшитяпмиз, Ўзбекистонда ҳар қандай ҳақ сўз эшитилиши биланоқ бўғиб ташланяпти”, - дейди М.Қобилов.

Унинг сўзларига кўра, бу ташвишли хабарлар жаҳон ахборот воситаларида шунчаки хабар сифатида тарқалмокда. Ўзбекистон ҳукумати эса бунга пинагини ҳам бузмайди.

“Умида Ниёзованинг қамоққа олиниши Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек халқи олдидаги ожизлигидан бир нишона. Энди ўйлаб кўринг, ёшгина бир журналист аёл қаердадир нимадир деган бўлса, шунга энди туҳмат-бўҳтонлар билан уни қамоққа тиқишса. Сўз учун қамоққа олиш қўрқоқлик нишонаси. Тожикистон, жумладан, бизнинг Сўғд вилояти қаламкашлари Умида Ниёзовага нисбатан босимлар зудлик билан тўхтатилиши ва қамоқдан озод этилишини талаб қиламиз. Гапларимиз жаноб Каримов ёки Ўзбекистон ҳукумати қулоғига қанчалик етиб боради, билмадик. Лекин ҳақ сўз учун жазолаш фақат диктатор ҳукмдорларга хос ишдир”, - деди М.Қобилов.
XS
SM
MD
LG