Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

Қирғизистонда уйғур айирмачилари фаоллашяптими?


Яқинда Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида ҳибсга олинган Хитой фуқароси, миллати уйғур бўлган Муҳаммадали Турсунтолиб Қирғизистон ҳудудида террорчилик ташкилотлари тузишда айбланмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбоевнинг айтишича, М.Турсунтолиб бундан аввал ҳам Қирғизистон чегарасидан ноқонуний ўтишда айбланиб ҳибсга олинган ва бир неча йилга озодликдан маҳрум этилганди.

“Бу одам 2006 йил 19 ноябрда Иссиқкўл вилояти Чўлпонота шаҳридаги 44-жазони ўташ колониясидан қочиб кетган эди. У қирғиз-хитой чегарасидан ноқонуний тарзда ўтишда айбланиб, жазони ўтаётган эди. М.Турсунтолиб ўтган йилдан бери халқаро қидирувга берилган”, - деди Ж.Аширбоев.

Айни пайтда Хитой фуқароси Қирғизистон ҳудудида террорчилик ташкилотига асос солганликда айбланмоқда.

“Биз 2007 йил январда Хитой фуқароси М.Турсунтолиб Ўзган шаҳрида яширин яшаётгани ҳақида тезкор маълумот олдик. Деярли 1,5 ой давом этган қидирувдан сўнг уни қўлга олдик. Ҳозир тергов олиб борилмоқда. Лекин М.Турсунтолибнинг яна уч шериги озодликда юрибди. Ҳозир уларни қўлга олиш учун қидирув ишлари олиб борилмоқда”, - деди Ж.Аширбоев.

Қирғизистондаги уйғур диаспораси вакили Муҳаммад Жапар кейинги йилларда шу каби айбловлар билан бир неча уйғур тадбиркори қўлга олинганини айтди. Унинг билдиришича, бу айбловларнинг асосий қисми асоссиз бўлиб чиққан ва тадбиркорлар озод этилган.

“Бундай фактлар жуда кўп марта қайд этилган. Бироқ охир-оқибат миллатдошларимга қўйилган айбловлар исботланмади. Баъзан Хитой тарафининг сиёсий буюртмасига асосан ҳам уйғур тадбиркорлари қамоққа олинади. Бироқ Худонинг қудрати улуғдир. Мен адолат тантана қилишига ишонаман”, - деди Муҳаммад Жапар.

Айрим маҳаллий экспертлар Қирғизистон ҳудудида ҳақиқатан ҳам тақиқланган ва экстремистик-айирмачи йўналишдаги уйғур озодлик ҳаракати гуруҳлари мавжуд эканини таъкидлади.

“Қирғизистон жанубида ҳуқуқ-тартибот идоралари экстремистик ташкилотларнинг кўплаб вакилларини қўлга олмоқда. Бундай партияларнинг вакиллари варақалар тарқатаётган, партия низомларини тарғиб этаётган пайтда ушланмоқда. Улардан қурол ҳам топиляпти. Менимча, Қирғизистон ҳудудида бундай ташкилотларга қарши курашни кучайтириш лозим. Чунки биздаги анча эркин муҳитдан фойдаланган жиноятчилар бу ерда ўз гуруҳларини ташкил этаётганига шубҳа йўқ”, - дейди маҳаллий таҳлилчи Нурдин Келдибоев.
XS
SM
MD
LG