Линклар

Сўнгги бир неча кун ичида Россиянинг турли шаҳарларида ўзбекистонликларнинг ўлдириб кетилиши ва калтакланиши билан боғлиқ бир неча ҳодиса рўй берди

  • Озодлик

Ўтган шанба куни ҳам Москвада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига ҳужум уюштирилди. Гувоҳлар 36 ёшли ўзбекистонликни уч ўспирин ҳеч қандай сабабсиз тўсатдан калтаклай кетгани ва пичоқлаганини айтмоқда. Жабрланувчи зудлик билан шифохонага олиб кетилди. Шифокорларнинг унинг оғир жароҳат олганини билдирмоқда. Мазкур жиноят юзасидан милиция тергов бошлади. Хабарларга кўра, улар жиноят содир этишда гумон қилинаётган 16-18 ёшли ўспиринларни қидирмоқда.

Худди шу куни Санкт-Петербург яқинидаги Пушкин шаҳрида ҳам тунда йигирмага яқин маҳаллий ёшлар маст ҳолда ўзбекистонлик икки йигитга ҳужум қилиб, уларни калтаклаган ва пичоқлаган эди. Оқибатда йигитлардан бири ўлган, бошқаси пичоқ зарбларидан оғир яраланганди.

9 феврал куни эса Москва шаҳридаги Зорге кўчасида номаълум шахснинг қонга беланиб ётгани тўғрисида милицияга хабар қилинди. Воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари 1971 йилда туғилган ўзбекистонлик Зуҳриддин Равшановнинг жасадини топди.

Бу Россия ҳудудида хорижликларга, жумладан, ўзбекистонликларга ҳам содир этилаëтган ҳужумларнинг ҳаммаси эмас. Сўнгги 4-5 йил ичида Россиядан ўзбекистонликларнинг юзга яқин тобути ватанига жўнатилгани ҳақида бир неча бор гапирилган эди.

Кузатувчилар хорижликларга қарши ҳужумлар Россияда ирқчилик, миллатчилик кайфияти кучайиб бораётганидан далолат беришини айтиб келади. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бу жиноятлар айнан шу кайфиятлар натижаси эканини ҳамма вақт ҳам тан олавермайди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси эса ўз ватандошларига қилинаётган ҳужумлар юзасидан ҳали бирор марта муносабат билдирмади ëки бу борада бирор баëнот бермади.

Нега? Элчихонадагиларни Ўзбекистоннинг Россиядаги фуқаролари тақдири қизиқтирадими ўзи?

“Албатта. Бизнинг элчихона вакиллари бу масалани ўрганяпти. Сиз икки ўзбекистонликка қарши ҳужум уюштирилганини сўраяпсизми? Бу ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг иши. Элчихона вакиллари бундан хабардор”, - деди Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот котиби Олег Шатуновский юқоридаги саволларга жавоб берар экан.

Асли наманганлик Ҳожи Мансур 6 йилдан буëн Москвада истиқомат қилади. Унинг сўзларига кўра, гарчи сўнгги кунларда ўзбекистонликларнинг Россияда ўлдириб кетилиш ҳолатлари учраëтган бўлса-да, буни фақат ўзбекларга қарши ҳаракат сифатида баҳоламаслик керак.

“Нафақат ўзбеклар, балки ëш-ëш қизлар ҳам зўрланиб, ўлдириб кетиляпти. Бундай воқеалар жуда кўп учрайди. Лекин бу ҳаракатлар фақат ўзбекка қарши қаратилмаган. Ҳа, Ўзбекистонда ҳам нечтасини бегуноҳ қамаяпти. Бу ўлдириш эмасми? Бекордан-бекорга 10-15 йил беряпти одамларга. БМТ ҳам, ЕХҲТ ҳам ҳеч нарса қила олмаяпти-ку!? Нега Москвада битта ўзбекни ўлдириб кетди, деб жаҳонга жар солиш керак!?” - дейди Ҳожи Мансур.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходимаси Елена Рябинина ксенофобия кайфияти кучайиб бораëтган Россияда бундай кўринишларга фақатгина ҳукуматнинг ўзи чек қўя олишини, бироқ бунинг учун заррача ҳам истак йўқдек кўринаëтганини айтади.

“Энг ачинарлиси шуки, тақирбошлар паспортингизга қараб эмас, балки башарангизга қараб уради. Улар учун славян миллатига мансуб эмасмисан, бас, калтаклайди, майиб қилади ва ҳаттоки ўлдиради. Чунки улар Россияда фақат руслар яшашини истайди. Бундай ҳолатлар қайтарилмаслиги учун ҳуқуқ-тартибот органларининг қандай чоралар кўришини тасаввур ҳам қила олмайман. Бир нарса аниқ, ўтган йили ҳукумат Москвада “Рус марши” ўтишига рухсат бермаган эди. Бу эса расмийлар агар истаса, бундай юришларни тўхтатишга кучи етади, деганидир. Агар кучи етмаса, демак унинг олди олинишини унчалик ҳам истамайди”, - дейди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG