Линклар

logo-print

Халқ қувончли гаплардан бехабар


Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 15 февралдан визасиз борди-келди тартиби жорий этилгани расман эълон қилинган бўлса-да, чегара ҳудудидаги кўпчилик аҳоли бу қувончли гапдан бехабарлиги маълум бўлди.

Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Қорасув шаҳридаги чегара пункти энг серқатнов нуқталардан ҳисобланади. Бу ердан кунига ўн минглаб одамлар Ўзбекистондан Қирғизистонга бозорга ўтади. Бу чегара пунктида автомобиль қатнови яхши йўлга қўйилгани учун қирғизистонликлар Ўзбекистон шаҳарларига айни шу ердан боришни маъқул кўради. Бироқ бу ердан ўтаётган аксар ўзбекистонликлар ва қирғизистонликларнинг икки давлат ўртасида визасиз борди-келди жорий этилганидан хабари йўқ экан.

Чегара пунктларидаги кўргазмалар орасида эса визасиз борди-келди амалга киритилгани тўғрисида бирор маълумот ёки эълон кўринмайди. Бироқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Бақтибек Юсупов бу тартиб жорий этилганидан Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари хабардор қилинганини, бу борада ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини айтади.

“Ўзим чегарага бориб келдим. Ўзбек чегарачиларига аҳолини визасиз ўтказиш тўғрисида буйруқ берилибди. Улар одамларни виза талаб қилмай ўтказмоқда. Бу борада ҳеч қандай тўсиқлар йўқ”, - деди Бақит Юсупов.

Аҳолининг асосий қисми визасиз борди-келди бошланганидан бехабарлиги чегарачиларга қўл келаётган кўринади. Ўзини Миновар Алимова, деб таништирган қирғизистонлик аёл ҳам Ўзбекистон билан визасиз алоқа бошланганидан бехабар. У Ўзбекистонда яшайдиган ота-онасининг олдига бориш учун чегарадан ўтаётганида ўзбек чегарачиларига пул беришини айтади.

“Ўзбекистонга ўтишдан қўрқиб қолганмиз. Чунки ўзбек чегарачиларнинг муомаласидан юрагимиз безиллаб қолган. Қилдан қийиқ ахтаришади. Қирғиз чегарачилари ҳужжатларимизни текшириб, индамай ўтказиб юбораверади. Ўзбекистон чегарачиларига эса 200 сўмдан бериб ўтамиз”, - дейди М.Алимова.

Чегара ҳудудидаги хонадонлардан бирида яшовчи Шарифа Қўчқорова ҳам визасиз борди-келди бошланганидан хабарсиз. У бу хабарни “Озодлик” мухбиридан эшитгач, боши осмонга етди. Унинг икки опаси ва бир акаси Тошкентда яшайди. Виза тўсиғи туфайли у бир неча йилдан бери Тошкентга бора олмаган экан.

“Визасиз борди-келди бўлгани жуда яхши бўлибди. Ўзбекистонда жуда кўп қариндош-уруғларимиз бор. Виза муаммоси туфайли уларнинг тўй-маъракаси, ўлим-йитимига қатнаша олмай қолгандик. Энди ана шу қариндошчилик алоқаларимизни яна қайта тиклаш имкони пайдо бўлибди. Мана шундай имкониятни яратиб берганларга раҳмат”, - деди Шарифа Қўчқорова.
XS
SM
MD
LG