Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:48

Эрон “айбдор”ларни топди


Эроннинг Зоҳидон шаҳрида исломий инқилоб посбонлари корпуси аскарларига қарши ҳужум уюштиришда айбланган Насруллоҳ Шанбеҳ-Зеҳи 19 февраль куни дога осилди.

16 февраль куни Зоҳидонда портловчи модда жойланган машина аскарларни олиб кетаётган автобус ёнида портлатилиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ одам жароҳатланганди. Ўша куни Зоҳидон шаҳридаги мактабда иккинчи портлаш юз берганди. Бахтли тасодиф туфайли ҳужумдан ҳеч кимга зарар етмади. Эрондаги ахборот воситалари воқеа жойида полиция ходимлари ва қочиб кетаётган “террорчилар” ўртасида отишма бўлганини хабар қилди.

Орадан бир неча кун ўтиб, портлашлар содир этганига иқрор бўлгани айтилаётган Насруллоҳ Шанбеҳ-Зеҳи исмли шахс дорга осилди.

Эрондаги ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, очиқ тарзда ўтказилган қатл маросимида қатнашганлар “Америкага ўлим”, “Исроилга ўлим”, “Жангари ва ваҳҳобийларга ўлим”, деб бақирган.

Айтилишича, содир этилган портлашлар учун масъулиятни суннийларнинг “Жундаллоҳ” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Зоҳидонлик мустақил журналист Маҳмуд Бараҳуйнажотнинг айтишича, ўтган ҳафта юз берган портлашлардан сўнг вилоят аҳолиси ўртасида хавотир кучайган.

“Зоҳидонда ҳаёт қайта изга тушди. Бироқ аҳоли орасида хавотир ва қўрқув бор. Одамларнинг кечқурун кўчага чиқиши олдингига қараганда анча кам”, – деди мустақил журналист.

Эрон расмийлари минтақада хавфсизлик тўлиқ тикланганини таъкидламоқда. Уларнинг маълум қилишича, биринчи ҳужумдан сўнг беш шахс қўлга олинган.

Ҳокимият вакиллари ҳужум уюштирганларнинг айримлари портлаш содир бўлишидан 48 соат олдин Покистондан Эрон ҳудудига ўтганини таъкидламоқда.

Хабарларга кўра, Зоҳидон, Систон шаҳарлари ва Балучистон вилояти марказида содир бўлган портлашлардан кейин Покистоннинг Теҳрондаги элчиси Шавкат Саид 18 февраль куни Эрон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Учрашувдан сўнг чегара хавфсизлигини яхшилаш мақсадида икки давлат вакилларидан иборат қўмита тузилиши маълум қилинган.

Шунингдек, Эрон расмийлари ҳужум уюштирганларни Ғарб давлатлари қўллаб-қувватлаганини иддао қилмоқда.

Юқори лавозимли маҳаллий расмийлардан бири Султон Али Мир “ILNA” ахборот агентлигига берган интервьюсида “террорчилар” фойдаланган қуроллар АҚШда ишлаб чиқарилганини айтган. Ундан олдин Эрон расмийлари АҚШ ва Буюк Британияни миллатлараро низо келтириб чиқариш орқали мамлакатда беқарор вазиятни юзага келтиришга уринганликда айблаган эди. Аммо баъзи кузатувчилар минтақадаги кескин вазиятнинг асосий сабаби камбағаллик ҳамда ижтимоий ва иқтисодий муаммолар эканини айтмоқда.

Париждаги мустақил сиёсий таҳлилчи Али Қашғар “Фарда” радиосига берган интервьюсида Эрондаги вазият ҳақида гапириб: “Хузистон ва энди Зоҳидонда содир бўлган воқеалар учун Эроннинг ўзи айбдор. Чунки Эрон каби бой давлатда биз ҳозиргача юз минглаб ватандошларимиз оғир шароитда яшаётгани ва улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганини кўряпмиз. Улар бундай вазиятдан қутула олишга умидларини узган. Умизсизлик ва босимларга қарши бундай воқеалар бўлиши табиий бир ҳол”, – деди.

Эрон расмийлари аҳолисининг аксари араблар бўлган Хузистон вилоятида сўнгги пайтларда содир этилган қатор портлашлар учун АҚШ ва Буюк Британияни айблаб келмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг ўлим жазосини бекор қилишга чақириғига қарамай, портлашларга алоқадорликда айбланган камида 10 араб дорга осиб ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG