Линклар

logo-print

Беларус мухолифатида тарқоқлик кузатилмоқда

  • Ҳасанжон

Беларусда талай қонунбузарликлар билан ўтказилган президент сайловида Александр Лукашенко учинчи муддатга ҳокимиятда қолганидан бир йил ўтиб, мамлакат мухолифати 17-18 март кунлари умуммиллий қурултой ўтказишни режалаштирмоқда.

Аммо президент сайловида А.Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Александр Милинкевич қурултойда қатнашиш ниятида эмаслигини билдирди.

Беларус мухолифатининг 2005 йил октябрда ўтказилган умуммиллий қурултойида А.Милинкевич демократик кучларнинг президентликка ягона номзоди қилиб танланган эди. Беларуснинг барча вилоятидан келган 800га яқин мухолифат фаолининг аксари берган овоз натижасида А.Милинкевич озгина фарқ билан Бирлашган фуқаролик партияси раҳбари Анатолий Лябедзка устидан ғалаба қозонган эди.

2006 йил 19 мартда ўтказилган президент сайловида, расмийлар таъкидлашича, атиги олти фоиз овоз олган А.Милинкевич Ғарбда бирлашган Беларус мухолифати раҳбари сифатида танилди.

Ўтган давр мобайнида А.Милинкевич Европанинг юқори лавозимли сиёсатчилари билан тез-тез учрашиб турди. 2006 йил октябрда унга Европа парламентининг фикр эркинлиги бўйича Сахаров номидаги нуфузли мукофоти топширилди.

Кузатувчилар фикрича, А.Милинкевичнинг Европада нуфузи ортиб бораётгани А.Лябедзка ёки Беларус коммунистик партияси раҳбари Сергей Калякин каби рақибларида ҳасад уйғотган бўлиши мумкин. Ўтган қурултойда улар ҳам бирлашган мухолифат раҳбари бўлиш учун ҳаракат қилган эди.

Жорий йил бошида А.Милинкевич раҳбар бўлган Демократик кучлар сиёсий кенгашига раислик лавозимини ҳамма партия раҳбарлари галма-гал эгаллаши таклиф қилинган эди. Шу таклифнинг март ойига мўлжалланган қурултойда муҳокама этилиши кутилаётганди. Бироқ энди А.Милинкевич бунга кескин қаршилик кўрсатмоқда.

“Мен рақобатдан қўрқаётганим йўқ. Мен мухолифат раҳбари бўлиш учун яна курашишга тайёрман. Коалиция раҳбарликнинг алмашиниб туриши ҳақида қарор қилиши билан мен дарҳол унга эътироз билдирдим. Чунки мухолифат коалициясини галма-галдан бошқариш ягона раҳбар йўқ, бир вақтнинг ўзида ҳамма раҳбар, деган гап. Ҳамма бир неча ойдан раҳбар бўлади ва жой алмашади. Ягона мухолифатга бирлашмай туриб диктатурани қандай енгиш мумкин”, – дейди Александр Милинкевич.

2006 йилги президент сайловида А.Милинкевичнинг сайловолди кампаниясини бошқарган Коммунистик партия раҳбари С.Калякин А.Милинкевичнинг қурултойда қатнашишдан бош тортганини унинг раҳбарлик лавозимидан ажралишдан қўрқаётгани билан изоҳлади.

“Менимча, қурултой қатнашчилари уни қўллаб-қувватлашига кўзи етмаяпти. Шунинг учун у бу масалада ҳатто рақобатлашишга ҳам уринмаяпти. Рақобатдан воз кечиш тўғри иш эмас”, – деди С.Калякин.

Агар А.Милинкевич Демократик кучлар сиёсий кенгаши раислигидан воз кечса, унинг ўрнини А.Лябедзка эгаллаши мумкин. У А.Милинкевичнинг мухолифат қурултойида қатнашишдан бош тортганини ўз лавозимидан расман воз кечиш, дея изоҳлади.

“Ҳозирдан бошлаб бирлашган демократик кучлар на ҳуқуқий ва на амалда раҳбарга эга. Афтидан А.Милинкевич катта сиёсатдан фуқаролик секторига қайтишга қарор қилган кўринади”, – деди А.Лябедзка.

Аммо ҳамма ҳам А.Милинкевичнинг лавозимдан кетиши раҳбарлик муаммосини ҳал қилади, деган фикрда эмас. Хусусан, Беларус халқ фронти партияси раҳбари Винтсук Вячорка фикрича, А.Милинкевич ва Демократик кучлар сиёсий кенгашидаги бошқа мухолифат ўртасидаги ихтилофларнинг кучайиши барчага бирдек зарар етказади.

“Биз Милинкевич иштирокисиз ўтган қурултой бирлашган демократик кучлар қурултойи бўлмаслигини тушунамиз. Айни пайтда бирлашган мухолифат кучларисиз Милинкевич мамлакат мухолифати раҳбари ҳам эмас”, – дейди Винтсук Вячорка.

Беларус демократик мухолифати ичидаги бўлиниш шу тарзда давом этаверса, кузатувчилар таъкидича, мухолифат янада заифлашиб, мамлакат сиёсий ҳаётига таъсир кўрсатиш имкониятини қўлдан тобора кўпроқ бой бераверади. Мустақил таҳлилчилар мухолифат етакчиларининг ўзаро ихтилофи демократик кучларнинг ҳокимиятга келиш фурсатини янада номаълум муддатга кечиктиришини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG