Линклар

logo-print

АҚШ разведка идораларининг янги раҳбари қасамёдга келтирилди


Авазбек Алиев 20 февраль куни истеъфодаги вице-адмирал Майкл МакКоннел АҚШ разведка идораларининг янги раҳбари сифатида қасамёдга келтирилди. Бу маросимда АҚШ президенти Жорж Буш ҳам қатнашди.

Вашингтон ташқарисида жойлашган “Болинг” ҳаво кучлари базасида бўлиб ўтган маросимда Ж.Буш бу ташкилотнинг аввалги раҳбари Жон Негропонтенинг мамлакатдаги 16 та разведка идораси фаолиятини мувофиқлаштирига муваффақ бўлганига юқори баҳо берди ва М.МакКоннелдан бу ишларни давом эттиришни сўраганини маълум қилди.

“Мен ундан разведка жамоаси ва ҳукматимизнинг барча даражадаги расмийлари билан ўзаро маълумот алмашишни яхшилаш, шу орқали хавфсизлигимиз учун масъул шахсларнинг ўз ишини бажариши учун етарлича маълумотга эга бўлишини таъминлашни сўрадим. Мен ундан янги аср келтираётган хатарни бартараф этиш мақсадида тил ва маданиятларни билувчи америкаликларни бизнинг разведка идораларимизга жалб этишни сўрадим”, - деди Жорж Буш.

М.МакКоннел ҳам АҚШ разведка идораларига хорижий тилни яхши билувчи мутахассисларни жалб қилиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ташқи разведка учун масъул Марказий разведка бошқармаси билан ички разведка идораси бўлмиш Федерал тергов бюроси ўртасида маълумот алмашмаслик тажрибасига айнан тил муаммоси ҳам сабаб бўлган.

“Разведка соҳасидаги аввалги сиёсатимиз соғлом ақлга таяниши керак бўлган баъзи ислоҳотларимизга зарар етказди. Разведка ишига бошқа миллатлар тилларини биладиган, улар маданиятини тушунадиган, АҚШга таҳдид қилаётган бугунги хавфларни сезадиган америкаликларнинг биринчи ва иккинчи авлоди вакилларини жалб қилишимиз лозим. Бизга ҳам чет элда, ҳам АҚШ ичкарисида тўпланадиган маълумотларни бир жойга йиғадиган разведка керак. 11 сентябрь фожеасига қадар бу соҳада жиддий чекловлар мавжуд эди”, - деди М.МакКоннел.

М.МакКоннел қарийб 40 йил мобайнида разведка хизмати офицери бўлган. Кейинроқ у АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлигини бошқарган. 1996 йилдан буён эса М.МакКоннел хусусий секторда ишлаб келган.

АҚШ разведка идоралари бошлиғи “разведка султони”, деган норасмий ном ҳам олган. Чунки унинг идораси мамлакатдаги барча разведка хизматларидан келадиган маълумотлар билан ишлайди, уларни мувофиқлаштиради.
XS
SM
MD
LG