Линклар

Маҳмуд Аҳмадийнажот БМТдан қўрқмади

  • Ҳасанжон

БМТ Хавфсизлик кенгашининг уранни бойитиш ишларини тўхтатиш талаби билан Эронга қўйган икки ойлик муддат 21 февраль куни тугади. Аммо расмий Теҳрон бу талабни бажаришга иштиёқ ҳам билдирмади.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот чоршанба кунги чиқишида ядро технологиясига эга бўлиш мамлакат “тараққиёти ва шаъни” учун жуда муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.

Уранни бойитиш ишлари тўхтатилиши учун Эронга берилган муҳлат тугаши муносабати билан Атом энергияси халқаро агентлигининг шу ҳақдаги ҳисоботи эълон қилиши кутилмоқда.

Эрон расмийлари Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик шартномасига аъзо давлат сифатида мамлакатнинг ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб келмоқда. Бироқ Ғарб давлатлари Теҳрон махфий равишда атом бомбаси тайёрлашга уринаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб, Эроннинг ядровий дастурини тўхтатишга уринмоқда.

20 февраль куни Эроннинг ядро масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний ўз мамлакати ядро қуролини қўлга киритишга ҳаракат қилмаётгани хусусида кафолат бериш истагида эканини айтди. У Эрон музокарага тайёрлиги, аммо уранни бойитиш жараёни тўхтатилмаслигини маълум қилди.

Венада Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей билан учрашган Али Ларижоний Ғарбни Эронга қарши ҳарбий куч қўллаш оқибатидан огоҳлантирди.

“Агар кимдир мантиқсиз ва кескин ҳаракатдан манфаатдор бўлса, у шунга яраша жавоб олади. Муаммони ҳал этишга мантиқ билан ёндашиб, уни музокаралар орқали ҳал этиш ҳам, аксинча, унга бошқача ёндашиш ҳам мумкин”, – деди Эрон расмийси.

20 февраль куни эса Маҳмуд Аҳмадийнажот агар Ғарб давлатлари уранни бойитиш ишларини тўхтатса, Эрон ҳам шундай қилишини билдирди.

Бироқ Оқ уй матбуот котиби Тони Сноу АҚШ Эрон раҳбарининг бу таклифини рад этишини маълум қилди.

БМТ белгилаган муддат тугаши муносабати билан Эронга нисбатан қўшимча жазо чоралари кўриладими, деган саволга Оқ уй вакили жавоб беришдан бош тортди.

АҚШ ва Буюк Британия Эронга қарши қўшимча санкциялар қўллаш тарафдори. Аммо Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия ва Хитой Эронга бундай босимни кучайтиришга қарши. Пекин расмийлари фикрича, ядро масаласидаги бўҳронни ҳал этишда санкциялар якуний ечим бўла олмайди. Эрон расмийлари ҳам санкциялар мамлакатни ўз ядровий дастуридан воз кечишга мажбур қила олмаслигини айтмоқда.

Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей 19 февраль куни “Financial Times” газетасига берган интервьюсида Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган бўҳронни фақат музокаралар орқали ҳал этиш мумкинлигини таъкидлади.

Айни пайтда, ахборот агентликларининг Венадаги дипломатларга асосланиб хабар қилишича, Атом энергияси халқаро агентлиги бошқарув кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтмагунча, БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга қарши ҳеч қандай чора кўра олмайди. 35 аъзодан иборат мазкур кенгашнинг навбатдаги йиғилиши эса 5-9 март кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG