Линклар

“Coscom” ҳали ҳам тўлиқ ишлашга қўйилмаяпти

  • Озодлик

Ўзбекистон ҳукуматига қарашли идора қарори билан фаолияти ўн кунга тўхтатилиб, яқиндагина ишини қайта бошлаган “Coscom” компанияси атрофидаги можаро ҳали ҳам ҳал этилмаган кўринади.

“Coscom” операторларидан бирининг маълум қилишича, “Ўзбектелеком” ва “Ист телеком” компаниялари “Coscom” учун шаҳар телефонлари ва “МТС-Ўзбекистон” компаниясига каналларни очиб бермаяпти.

“Шунинг учун ҳозир фақат тармоқ ичи ва “Билайн” абонентларига телефон қила олиш имконига эгамиз. Ҳозир фақат Тошкент ва Самарқандда хизмат кўрсатяпмиз. Қолган жойларда “Coscom” ўчирилган”, - деди оператор.

“Coscom” фаолияти вақтинчалик тўхтатилгач, унинг кўпчилик мижозлари бошқа компанияларга ўтиб кетди. “Coscom” вакиллари эса телефон зарур бўлган мижозлар бошқа компанияларга ўтиб кетишга мажбур бўлгани табиий экани, бироқ “Coscom” фаолиятини тўла йўлга қўйса, улар қайтиб келишини билдирмоқда. Бундан ташқари, мажбурий фаолиятсизлик учун “Coscom” ўз мижозларига товон тўлашни ҳам режалаштирган.

“Абонентларимизга 16 февралдан бошлаб ой охиригача юз дақиқа бепул гаплашиш учун вақт берганмиз ва улар шу ой охирига қадар абонент хизматларини тўламайди. Тўла хизмат кўрсата бошлаганимиздан сўнг эса уларга яна имтиёз берилади”, - деди компания оператори.

“Coscom” матбуот котиби Алексей Мининнинг айтишича, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги жойлардаги идораларига “Coscom” тижорий хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга экани ҳақидаги буйруқларни жўнатмагани учун иш тўхтаб турибди.

“Агар муаммонинг ечими топилмаса, у ҳолда суд идораларига мурожаат қилишга мажбурмиз. Лекин ҳозирча бу ҳақда ўйламаяпмиз ва вазият ҳам судга мурожаат қилишни тақозо этмайди”, - дейди А.Минин.

А.Минин “Coscom”нинг сотилиши ҳақида юрган гап-сўзларга ойдинлик кирита олмади.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг лизенция бериш бўлими бошлиғи Альмира Гатаулина “Oзодлик” мухбири билан суҳбатда агентлик ўзидан талаб қилинган ишларни амалга оширгани ва “Coscom”нинг тўла фаолият юритмаëтганига бу идоранинг ҳеч қандай дахли йўқлигини билдирди.

“Мен бутун бир бошли агентлик эмасман. Мен фақат лицензия бериш соҳасида ишлайман. Мендан талаб қилинган нарса бажариб бўлинди. Биз компания ишини кўриб чиқиб, лицензияни қайта тиклаш ҳақида қарор чиқардик. У ëғига энди “Ўзбектелеком”, “Ист телеком” операторлари билан гаплашиш керак. Ким билан шартномаси бўлса, ўшалар билан гаплашиб ишлайверсин”, - деди А.Гатаулина.

“Ист телеком”нинг тижорий директори Гуля Назарова эса “Coscom” учун каналлар очилмаётгани техник муаммолар билан боғлиқлигини маълум қилди.

“Ўзимизда ҳам техник муаммолар пайдо бўлган. Ўша муаммоларни ҳал этишимиз билан дарҳол “Coscom”ни улаймиз. Биз бир-иккита канални очиб кўрган эдик, бу бошқа компаниялар алоқаси сифатида салбий таъсир қилди. Шунинг учун охиригача тузатайлик, кейин “Coscom”ни тўла ишга туширамиз”, - деди Гуля Назарова.

“Coscom” мобил алоқа компанияси Ўзбекистонда 1996 йилдан бери фаолият юритади. Бу компания Американинг MCT корпорацияси (85 фоиз акция эгаси), Ўзбекистоннинг “Ўзбеккоинот” ҳамда “Давр-Конверсия” ширкатлари ҳамкорлигида очилган.

Кузатувчилар “Coscom” фаолиятидаги қийинчиликларга уни бошқа компанияларга арзонроқ сотиш мақсадида яратилган сунъий тўсиқлар натижаси сифатида қарамоқда.
XS
SM
MD
LG