Линклар

logo-print

Халқаро ҳамжамият Эронни қандай жазолаш устида бош қотирмоқда

  • Ҳасанжон

22 февраль куни Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадейнинг Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги БМТ резолюцияси талабларини бажармагани ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши декабрь ойида Эрондан уранни бойитиш ишларини 60 кун ичида тўхтатишни талаб қилувчи резолюция қабул қилган эди. 21 февраль куни бу муддат тугади. Эрон эса бу ишларни тўхтатиш ниятида эмаслигини маълум қилди.

М.ал-Барадейнинг ҳисоботида Эрон нафақат резолюция талабларини бажармагани, балки уранни бойитиш ишларини янада кучайтиргани айтилади.

Венада ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган БМТ бош котиби Пан Ги Мун Эрон ҳукумати Хавфсизлик кенгаши резолюцияси талабини бажармаганидан ташвиш билдириб, Теҳрон расмийларини халқаро ҳамжамият сўзларига қулоқ осишга чақирди.

“Мен Эрон ҳукуматини Хавфсизлик кенгаши резолюцияси талабларини имкон қадар тез фурсатда тўлиқ бажаришга ва масалани тинч йўл билан ҳал этиш учун халқаро ҳамжамият билан музокараларни давом эттиришга яна бир бор даъват қиламан”, – деди БМТ бош котиби.

Ал-Барадейнинг ҳисоботи Атом энергияси халқаро агентлигининг 35 давлат аъзо бўлган бошқарув кенгаши ва БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этилади. Шундан сўнг дунёнинг олти етакчи давлати Теҳронга нисбатан қандай чора қўллаш масаласида музокаралар бошлайди.

Лондондаги Стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Марк Фицпартик фикрича, энди Эронга қарши кенг қамровли санкциялар жорий этилиши мумкин.

“Хавфсизлик кенгаши яна қандай санкциялар жорий этиш масаласини муҳокама қила бошлайди. Хавфсизлик кенгашининг 23 декабрда қабул қилинган резолюциясида агар Эрон қўйилган талабни 60 кун ичида бажармаса, Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан БМТ хартиясининг 41-моддасига мувофиқ қўшимча чора кўриши очиқ айтилган. Бу моддада иқтисодий санкциялар жорий этиш назарда тутилган”, - дейди М.Фицпартик.

Стокголмдаги Халқаро тинчлик институтининг оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик бўйича мутахассиси Шаннон Кайл Россия ва Хитой хоҳламагани боис Хавфсизлик кенгаши аъзоларининг Эронга нисбатан кескинроқ чоралар кўриш борасида ўзаро келишиши эҳтимолдан йироқлигини билдирди.

“Қисман савдо, қисман стратегик сабабларга кўра, Россия ва Хитой Эронга нисбатан янги жазо чоралари қўллашни хоҳламайди. Янги чоралар 1737 рақами остида аввал қабул қилинган резолюциянинг бир қисми сифатида жазо характерига эга бўлади. Унда Эроннинг ядровий ва баллистик ракеталар дастурига эга бўлиши рад этилган”, – деди Ш.Кайл.

Марк Фицпартик эса Эронга қарши янги жазо чоралари кўриш жараёни узоқ ва мураккаб бўлишини башорат қилди.

“Россия ва Хитой Эрон билан ўзининг стратегик ёки савдо алоқаларига таъсир этиши мумкин бўлган санкциялар жорий этилишидан манфаатдор бўлмайди. Айни пайтда Россия ва Хитой АҚШ ва Европа билан ҳам муҳим стратегик алоқаларга эга. Улар муаммога ечим топишда иштирок этишни, халқаро сиёсатда фаол бўлишни хоҳлайди”, – деди М.Фицпартик.

Сўнгги ойларда Хавфсизлик кенгаши доирасидан ташқарида Эронга нисбатан босим кучая бошлади. АҚШ Эронга қарашли банкларни изоляция қилишга уринди. Европа банклари, жумладан, “Credit Suisse” банки ҳам Эрон ва унга қарашли ширкатлар билан молиявий операцияларини тўхтатди.

Шаннон Кайл Эрон ядровий дастури борасидаги бўҳроннинг қандай ҳал этилишини олдиндан башорат қилиш қийин эканини айтади.

“Афтидан, агар Эрон ядровий қурол яратиш даражасига яқинлашса, АҚШ ёки Исроил ҳарбий чоралар кўришга қарор қилиши мумкин. Менимча, муаммога дипломатик йўл орқали ечим топиш учун ҳали вақт бор. Эрон тез деганда 2009 ёки 2010 йилгача ядровий қурол яратиш имконига эга бўлмайди”, – дейди ғарблик таҳлилчи.

АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти Эроннинг ядровий дастурини ҳал қилиш бўйича барча чоралар, жумладан, ҳарбий куч қўлланилиши мумкинлигини билдирган. Аммо АҚШнинг кўпгина юқори лавозимли расмийлари муаммони дипломатик йўллар орқали ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG