Линклар

“Бирдамлик” митинг режалаштиряпти

  • Барно Анвар

АҚШда рўйхатга олинган ва Ўзбекистонда 800 га яқин аъзоси борлиги айтиладиган “Бирдамлик” ҳаракати аъзолари шу йил 8 март куни Ўзбекистон бўйлаб митинг ўтказишни режалаштирмоқда.

Ҳаракатнинг Ўзбекистондаги аъзолари мамлакатнинг 7 та шаҳри ва бир туманида тахминан 2000 киши иштирок этадиган тинч митинг ўтказиш режаси ҳақида жойлардаги ҳокимликларга билдиришнома йўллади.

Унда ёзилишича, 8 март куни ўтказилиши режалаштирилган митингларда бирдамликчилар қамоқхона ва ҳибсхоналарда тутқунликда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Гулбаҳор Тўраева ва Умида Ниёзовани озод қилиш, кам таъминланган аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби талабларни илгари суради.

Ўтган йили “Бирдамлик” аъзолари 8 декабрь - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 14 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабз шаҳрида 30 дақиқалик тинч митинг ва байрам паради ўтказиш истаги билан чиққан, аммо вилоят расмийлари бунга рухсат бермаган эди. Шаҳар ички ишлар ходимлари эса 4 декабрдан бошлаб кейинги қарийб 10 кун давомида шаҳрисабзлик бирдамликчиларни мунтазам назоратга олган, уларни милиция бўлимларида ушлаб ўтирган, ҳатто шаҳрисабзликларнинг 8 декабрни тузукроқ байрам қилишига ҳам имкон бермаган эди.

Ҳаракатнинг АҚШда яшаётган раҳбари Баҳодир Чориевнинг ўзи ҳам митинглар ўтказилишига рухсат берилишига унчалик ишонаётгани йўқ.

“Ўзбекистон ҳукумати бунақа митинглардан қўрқади. Шунинг учун зўр бериб унинг олдини олишга ҳаракат қилади ва бизнинг 8 мартга мўлжалланган намойишларимизга ҳам тўсқинлик қилиши тайин. Аммо биз Ўзбекистон қонунларига зид иш қилаётганимиз йўқ ва бу қонунларни бузиш мақсадимиз ҳам йўқ. Биз қонунга биноан тинч намойиш ўтказмоқчимиз ва уни, албатта, ўтказишга ҳаракат қиламиз”, - деди Б.Чориев.
XS
SM
MD
LG