Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:35

Ўзбекистон суд тизими шунчалик одилми?


Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири билан суҳбатда мамлакат суд тизими жамиятни ижтимоий зиддиятлардан ҳимоя қилаётганини айтди.

Жумладан, Б.Мустафоев мамлакатда ўтказилаётган суд ислоҳотлари судни мустақил ҳокимият тармоғига айлантирганини таъкидлади.

Унинг фикрича, бундай вазият фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончи тобора юксалтириб боришига хизмат қилмоқда.

Бу соҳада жиддий нуқсонларни кўра билган ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар ўзи раислик қилаётган суд ҳокимияти шаънига анча илиқ гапларни айтган Б.Мустафоевнинг фикрлари қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмаслигини билдирмоқда.

Уларнинг фикрича, мустақиллик давридан буён ҳеч қачон мустақил бўлмаган мазкур тизим амалдаги репрессив тузумга хизмат қилиб келди.

Ўзбекистондаги таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Тамара Чикунова қотилликда айбланган ўғли ўлим жазосига ҳукм этилиб, отиб юборилгандан буён мамлакатда ўлим жазосининг бекор қилиниши учун курашиб келмоқда.

Президент И.Каримов Андижондаги қонли воқеалардан сўнг 2005 йил 1 август куни Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. 2008 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинадиган бўлди. Аммо Т.Чикуновани қонунчиликдаги бу ўзгариш қониқтираётгани йўқ.

“Кенг кўламда қийноққа солиш ҳукм сураётган Ўзбекистонда маҳбуслар ўлими давом этавериши мумкин. Бизда санкциясиз ўлим ҳукмини ижро этиш бор. Тергов давомида одамларнинг ўлдирилиши, қамоқхоналарда тиббий ёрдам кўрсатилмаган маҳбусларнинг ўлимини назарда тутяпман”, – дейди Т.Чикунова.

Ўзбекистон суд тизимига фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида хизмат қилиб келган, эндиликда эса Олий суд раиси Б.Мустафоев ЎзА мухбири билан суҳбатда мамлакат судлари ўз олдига қўйилган вазифани оқилона бажараётгани ҳақида ҳам гапирди. Аммо Ўзбекистон судлари ҳеч қачон судланувчиларнинг ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги иддаоларини инобатга олмайди. Судьянинг қийноқлар масаласини кўтариши тергов органларига ва энг даҳшатлиси, давлат айбловчиси - прокуратуранинг фаолиятига жиддий соя ташлаши мумкин.

“Бош прокуратурамиз умумий назорат органи бўлмай қолган тақдирдагига суд мустақил бўлиши мумкин. Бугунги кунда Бош прокуратура ҳатто Олий суд президиуми томонидан чиқарилган ҳукмлар юзасидан ҳам шикоят киритиб, уларни бекор қилишга ҳақли”, – дейди Т.Чикунова.

Кўп йиллик тажрибага эга адвокат Руҳиддин Комилов ҳам суд ҳокимиятини ижрочи органларга қарамликдан қутқариш лозимлигини, бундай қарамлик одамларнинг судга ишончини мутлақо сўндирганини таъкидлайди.

“Тўғрисини айтсам, одамлар судга мутлақо ишонмайди. Судлар томонидан чиқарилаётган ҳукмлар бир кўзгу бўлса, ҳеч бўлмаганда юзта ишдан ўнтаси юзасидан ижобий қарор чиқармайдиган судни қандай қилиб мустақил дейиш мумкин”, – дейди тажрибали адвокат.

Ўзбекистондаги маҳбусларнинг муайян қатлами сиёсий маҳбуслар ёки виждон тутқунлари сифатида алоҳида ажратилади. Бу эса Ўзбекистонда суд ҳукмлари сиёсий буюрма асосида ҳам чиқарилаётганини англатади. Бундай тутқунлар орасида ўнлаб журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва минглаб диндорлар борлиги маълум. Амалдаги тузум мухолифлари конституциявий тузумга тажовуз қилиш ёки террорчилик айблари билан узоқ йилларга панжара ортига ташланган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов бундай айбланувчилар ўтказилаётган суд жараёнларини анча йиллардан буён кузатиб келади.

“Бу ерда суд ислоҳотларини умуман кўрмаймиз. Айбсиз одамларга ҳар хил айбларни ёпиштириб қамаш давом этяпти. Агар ислоҳот бўладиган бўлса, биринчи галда қатағонларни тўхтатиш керак. Қатағонларнинг тўхтатилиши эса қаттиққўл режимнинг тугатилишини англатади”, – дейди С.Икромов.

Ўзбекистондаги суд тизими қанчалик танқид этилиб, қораланмасин, бу соҳадаги вазиятни ўнглаш барибир суднинг ўз қўлида эмас. Ўзбекистон учун суд ислоҳатлари бугунги кунда олий ижроия ҳокимиятининг сиёсий иродасини талаб этувчи энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG