Линклар

logo-print

Америкалик жиноятчи ҳарбий жазога тортилди

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқлик 14 яшар қизчани зўрлаб, кейин ўлдиришда айбланган америкалик сержант Пол Кортез ҳарбий унвони ва имтиёзлардан маҳрум этилиб, 100 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

24 ёшли сержант ўтган йил март ойида Бағдод жанубидаги Маҳмудия шаҳрида 14 яшар қизни зўрлаб, уни ота-онаси ва синглиси билан бирга ваҳшийларча ўлдиргач, из қолдирмаслик мақсадида уйга ўт қўйган америкалик тўрт ҳарбийнинг биридир. Ўша мудҳиш воқеадан кейин у ҳибсга олинди ва барча айбига иқрор бўлди.

Судда ҳукм ўқилганидан кейин сўз олган Пол Кортез кўзида ёш аралаш қилган жинояти учун кечирим сўради ва нима сабабдан бу жиноятга қўл урганига ҳали ҳам тушуна олмаётганини айтди.

Пол Кортез билан бирга ушбу жиноятни содир этган оддий аскар Жеймс Баркер ўтган йил ноябрь ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганди. Ҳар икки ҳарбий ўлим жазосидан қутилиб қолиш мақсадида ўз айбларига иқрор бўлди ва жиноятни содир этган бошқа ҳарбийлар ҳақида кўрсатма берди. Шундан сўнг бу жиноятга шерик бўлган оддий аскарлар Жесси Спилманн ва Брайан Ҳовард ҳам ҳибсга олинди.

Бу тўрт ҳарбийдан ташқари жиноятнинг бешинчи иштирокчиси ҳам бўлган. Аммо 21 ёшли Стивен Грин ўз ихтиёри билан ҳарбий хизматдан кетган эди. Ҳозир у ҳам ҳибсга олинган ва унинг иши фуқаролик ишлари судида кўрилади.
XS
SM
MD
LG