Линклар

Ислом илм-фани Ғарбни яна бир бор ҳайратга солди

  • Барно Анвар

Дунёнинг икки нуфузли илм даргоҳи — Ҳарвард ва Пристон университетлари олимлари навбатдаги тадқиқот натижаларидан сўнг Шарқ, хусусан, Ислом оламининг илм аҳли заковатига яна бир карра тан берди.

Квазикристалл - табиатда учрайдиган кристаллар орасида ўзининг мураккаб, аммо жуда мукаммал структураси билан фарқланади. Бу шаффоф кристалл табиатда кўпроқ 20 қиррали мураккаб шаклда учрайди.

1970 йилда илк бор олим Рожер Пенрос кўп қиррали квазикристалл жисмининг геомертик шаклини аниқлашга муваффақ бўлди ва бу кашфиёт унинг номи остида тарих зарварақларига битилди.

Аммо яқинда Ҳарвард ва Пристон университетлари олимлари бу модданинг мураккаб геометрик шакли бундан 500 йил муқаддам Ислом олами меъморлари чизган тарҳлар ва қурилган меъморий обидаларда акс этганини аниқлади. Ҳали Ғарб аҳли қуюқ ўрмонлар орасида яшаб юрган бир вақтда Шарқ олимлари аниқ фанлар бўйича бугун фақат мураккаб технологиялар билангина аниқланаётган кашфиётлар устида муваффақиятли ишлагани яна бир бор исботини топди.

Ўзбекистонлик математик олим буни эътироф этар экан, дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналадиган Тож Маҳал архитектурасидаги биргина жиҳатга эътибор қаратди.

“Тож Маҳалдаги оддийгина устунлар узоқдан қараганда 16 қирралик бўлиб кўринади. Яқинига борсангиз кўрасизки, аслида 4 қиррали устунлар. Бунда мураккаб геометрик фигуралардан фойдаланиб, ғишт терилган. Шунингдек, обидадаги кристалл тошлар аслида рангсиз, аммо турли рангда товланади. Чунки бу кристаллар шаклига қараб қандай рангда товланиши ҳам геометрик қонуниятларга мос равишда ҳисоблаб чиқилган ва буларнинг ҳаммасини ўзимизнинг марказий осиёлик усталар қилган”, - дейди ўзбекистонлик олим.

Унинг сўзларига кўра, ўрта асрлардаёқ кристаллар ва уларнинг мураккаб геометрик структураси ёки моддий хоссалари, математик формулалари Марказий Осиё олимлари қолдирган қўлёзмаларда акс этган.

Эндиликда Ғарб олимлари шарқлик ҳамкасблари бундан 500-1000 йил муқаддам эришган илм-фан ютуқларида Ислом динининг аҳамияти катта бўлганини эътироф этмоқда. Хусусан, Ҳарвард университети профессори Петер Ли Ғарб олимлари яқиндагина кашф қилган мураккаб геометрик фигуралар, жумладан, декагонал, деб юритилувчи 10 қиррали шаклни 16-асрда Ўзбекистонда қурилган аксар тарихий обидалар нақшида кўргани ва бу обидалар, асосан, диний меъморий обидалар экани ҳақида айтмоқда.

Ўзбекистонлик яна бир математик ва исломшунос Анвар Ҳакимов ғарблик ҳамкасби сўзларини тасдиқлайди ва ўз фикрига далил сифатида бугун аксар дунё олимлари кашф этаётган айрим буюк кашфиётларга асос бўлган ғоялар аслида Ислом оламининг асоси бўлган Қуръони каримда борлиги ҳам ўз исботини топаётганига бир мисол келтиради.

“Қуръони каримда абжад ҳисоблари бор. Ана шу ҳисобга асосланиб квадрат тенгламаларни ечиш мумкинлигини бизга ал-Хоразмий ўргатиб кетган. Бошқа динлардан фарқли ўлароқ, Ислом олимлари дунё илми билан ҳам кенг шуғулланган. Ҳозир дунё илмига чуқур кетган Ғарб олимлари Қуръонни билмайди. Қуръонни билган олимлар эса дунё илмини ўрганишга ғайрат қилмайди. Аслида Қуръон ва дунё илмлари орасида кўприк бўлиши шарт, ҳозирги олимлар шу вазифани бажариши лозим”, - дейди А.Ҳакимов.

Унинг фикрича, Ислом оламининг бугунги кунда нафақат аниқ фанлар, балки бошқа фанларда ҳам бироз ортда қолаётгани сабаби диний ва дунёвий илмларга бирдек эътибор билан қаралмаётганидир.

Ҳозир Ғарбда яшаётган ва Ғарб оламидаги илм-фан тараққиётини кузатиб бораётган ёш тадқиқотчи Абдулла Қодиров бошқа бир жиҳатга эътиборни қаратди.

“Дунё тарихида катта рол ўйнаган илк илм марказлари Шарқда шаклланган. Хусусан, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги қадимий илм ва дин марказлари бугун қайсидир маънода Ғарбга кўчгандек. Ислом дини аслида мусулмонларни жамоатга бирлашишга чақиради. Бағдод ўз даврида илм аҳлини бирлаштирган марказ бўлган. Ҳозир ана шундай марказлар Ғарбда шаклланди ва бу марказларда кўплаб Шарқ олимларини учратиш мумкин. Улар бугун ҳам дунё илмига ўз ҳиссасини қўшмоқда, фақат энди Ғарбдан туриб. Ҳозир аксар Шарқ давлатлари, жумладан, Марказий Осиё ҳам ўз иқтидорли фарзандлари учун илмни ривожлантирувчи ўчоқ бўла олмаяпти”, - деди А.Қодиров.
XS
SM
MD
LG