Линклар

logo-print

АҚШ Эронинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймайди

  • Ҳасанжон

24 февраль куни Сиднейда Австралия бош вазири Жон Ҳовард билан учрашган АҚШ вице-президенти Дик Чейни Оқ уй Эроннинг ядро қуроли яратишига йўл қўймаслигини билдирди.

У Эроннинг ядро қуролини қўлга киритишига имконият яратиш катта хатолик бўлишини айтди.

Жон Ҳовард билан музокарадан кейин ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Дик Чейни муаммони дипломатик йўллар орқали ҳал этиш ҳаракатлари давом этаётгани таъкидлади, шунга қарамай, Эронга нисбатан ҳар қандай чора кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Эронни ўз ниятидан қайтариш учун биз Европа Иттифоқи ва БМТ билан ҳамкорликда сиёсий чоралар ишлаб чиқдик. Биз мазкур бўҳронни ҳозир ҳам тинч йўллар орқали ҳал этиш тарафдоримиз. Бироқ АҚШ президенти ва мен масалани ҳал қилиш учун барча чоралар кўрилиши мумкинлигини таъкидлаб келяпмиз”, – деди вице-президент.

Дик Чейни Вашингтон расмийлари Эрон раҳбарларининг кескин баёнотлар билан чиқаётганидан ташвишланаётганини маълум қилди.

23 февраль куни АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ҳам Эрон ўзининг уранни бойитиш ишларини тўхтатгандан кейингина Теҳрон расмийлари билан учрашиб, ҳар қандай масалани муҳокама қилиши мумкинлигини яна бир карра такрорлаганди.

Атом энергияси халқаро агентлиги шу ҳафтада эълон қилинган ҳисоботида Эрон БМТнинг 21 февралга қадар уранни бойитиш ишларини тўхтатиш талабини нафақат бажармагани, балки бу ишни янада кучайтирганини маълум қилган эди.

Эрон ядровий қурол яратишга уринмаётганини, БМТ талаблари қабул қилиб бўлмас экани, чунки у ноқонунийлигини айтмоқда.

Эроннинг БМТдаги элчиси Жавод Зариф Хавфсизлик кенгашининг 23 февраль кунги йиғилишидан олдин кенгаш БМТ хартияси ва оммавий қирғин қуроллари ҳақидаги кўп томонлама шартномаларга путур етказмаслиги кераклигини таъкидлади ва Эрон барча шубҳаларга чек қўйиш учун бор имкониятини ишга солганини билдирди.

“Тинч мақсадга қаратилган ядровий дастуримиз борасидаги мавжуд барча шубҳани бартараф қилиш учун биз Атом энергияси халқаро агентлигига кенг қамровли текширувлар ўтказишга бир неча бор рухсат бердик. Унинг 2003 йилдан бери эълон қилиб келинган барча ҳисоботида Эроннинг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлагани қайд этилган. Агентлик Эронда ядровий материаллар атом қуроли ёки бошқа ядровий портловчи қурилмалар яратиш ишларига сарфланаётгани кузатилмаганини қайта-қайта тасдиқлаган”, – деди Ж.Зариф.

Келаси ҳафтада Лондонда БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия вакиллари ўртасида учрашув бўлади. Музокараларда Эрон уранни бойитиш фаолиятини тўхтатиши учун яна қандай чоралар кўриш масаласи муҳокама этилади. Декабрь ойидаги учрашувда Хавфсизлик кенгаши Эронга ядро технологияси экспортини тақиқлаган эди.
XS
SM
MD
LG