Линклар

Анча вақтдан буён ўз сунъий йўлдошини, жумладан, тижорат мақсадларида фойдаланиладиган йўлдошларни учириш ниятида бўлиб келаётган Эрон ўзининг дастлабки ракетаси фазога муваффақиятли чиқарилганини овоза қилди.

Парвоз муваффақиятли ўтганини эълон қилган давлат телевидениеси ракета бортидаги жиҳозлар ёки у мамлакатнинг қайси ҳудудидан учирилгани ҳақида маълумот бермади.

Эроннинг Фазовий тадқиқотлар маркази бошлиғи Муҳсин Баҳромий давлат телевидениесига берган интервьюсида ракета бортида Фан ва технология ҳамда Мудофаа вазирликлари томонидан тадқиқот мақсадида ишланган материал борлигини айтди. У ракета учирилишидан олдин ўтказилган барча синовлар халқаро қонунлар доирасида мамлакат саноат иншоотларида амалга оширилганини қўшимча қилди.

“Etimad e-Milli” газетасининг Эрон мудофаа вазири Мустафо Муҳаммад Нажар сўзларига асосланиб ёзишича, сунъий йўлдош яратиш ва уни фазога учириш орқали Эроннинг фазони ўзлаштираётган давлатлар сафига қўшилиши вазирлик режасига киритилган.

ИРНА ахборот агентлиги Фан ва технология вазири Муҳаммад Сулаймоний сўзларига таяниб, Эрон ўз фазо дастурини амалга оширишни тезлатишни режалаштирганини маълум қилди.

“Бу соҳа жуда жиддий инвестиция ва вақт талаб қилади. Аммо биз бу ишни тезлаштиришга ҳаракат қиляпмиз”, - деган М.Сулаймоний.

Эрон Россияда ишланган ўз сунъий йўлдошини 2005 йил октябрда Россияга қарашли ракета ёрдамида фазога учирган эди. “Сино-1” номли бу йўлдош ҳозирга қадар Эроннинг Ер орбитасида парвоз қилаётган ягона йўлдоши эди. Аммо Эрон расмийлари келаси йиллар давомида яна бир неча йўлдош қурилиши ва фазога учирилиши режаланганини айтмоқда.

“Форс” ахборот агентлигининг Эроннинг Фазовий тадқиқотлар маркази бошлиғи ўринбосари Али Акбар Гулру айтганига асосланиб маълум қилишича, ракета ер сатҳидан 150 километр баландликда парвоз қилган ва парашютда ерга тушган.

Эрон ўзининг дастлабки ракетасини фазога муваффақиятли учиргани ҳақидаги хабар Эроннинг ядровий дастури борасида Ғарб ва Теҳрон ўртасидаги торишувлар кескин тус олаётган пайтга тўғри келди. Бу масала Эрондаги ахборот воситаларида бош мавзу сифатида кенг ёритилмоқда.

Хусусан, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот ISNA ахборот агентлигига берган интервьюсида ўз мамлакати ядровий ёнилғи ишлаб чиқариш технологиясига эга бўлганини айтиб, Эроннинг бу соҳадаги ҳаракатини тормозсиз, ортга юрмайдиган поездга қиёслаган.

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Манучеҳр Муҳаммад эса Теҳрон ўзини “воқеанинг ҳар қандай ривожи, ҳатто урушга ҳам тайёрлагани” ҳақида баёнот берди.
XS
SM
MD
LG