Линклар

logo-print

“Оскар” эгаларини топди


Аваз Алиев Лос-Анжелесдаги ҳашаматли саройлардан бирида Америка киноакадемиясининг “Оскар” мукофоти совриндорлари номи эълон қилинди. 79 та олтин ҳайкалча 24 номинация ғолибларига топширилди.

Мазкур кечага шоу бизнеснинг энг таниқли вакиллари, жумладан, футбол юлдузи Дэвид Бэкҳемнинг рафиқаси Виктория Бэкҳем, машҳур телебошловчи Опра Уинфри, қўшиқчи Элтон Жон ҳамда кино оламининг энг порлаган юлдузлари ташриф буюрди.

Кечани олиб бориш масъулияти актриса Эллен Де Женерес зиммасига юкланди.

Энг нуфузли “Йилнинг энг яхши фильми” номинациясида кинорежиссёр Мартин Скорсезенинг Бостон полицияси ва жиноий гуруҳлар фаолиятига бағишланган “Муртад” фильми ғолиб бўлди.

“Йилнинг энг яхши режиссёри”ни эълон қилиш учун саҳнага машҳур режиссёрлар Стивен Спилберг, Францис Форд Копола ва Жорж Лукас кўтарилди. Мазкур номинациянинг ғолиби эса уларнинг энг яқин дўсти 64 ёшли Мартин Скорсезе бўлиб чиқди.



Шу пайтгача Мартин Скорсезе “Оскар”га беш марта номзод бўлган, бироқ ҳеч қачон уни қўлга киритмаганди. Саройга тўпланганларнинг деярли барчаси мукофот ҳайъати томонидан қабул қилинган қарорни тик туриб олқишлади.

“Мен киноакадемиясининг бу эҳтиромидан, қолаверса, эски дўстларим қўлидан мукофот олиш шарафидан тўлқинланиб кетяпман”, - деди ҳаяжонини яшира олмаган Мартин Скорсезе.

“Энг яхши аёл бош роли” номинациясида “Қиролича” фильмида Елизавета Иккинчи образини яратган Ҳелен Миррен ғолиб бўлиши кутилаётган эди. Бу тахминлар ўзини оқлади.

“Сизларга катта раҳмат. Биласизларми, синглим менга ёш болалар олтин юлдузларни қўлга киритишни суяди, деган эди. Бу мен ҳаётимда эга бўлган энг катта ва энг зўр олтин юлдуздир. Бу мукофотни унга номзод бўлган актрисалар билан баҳам кўрмоқчиман”, - деди “Оскар”ни қабул қилиб олган Ҳелен Миррен.

“Энг яхши эркак бош роли” учун “Оскар”ни “Шотландиянинг сўнгги қироли” фильмида угандалик диктатор ролини ўйнаган Форест Виттакер қўлга киритди.

Бу йилги беллашувда “Оскар”га аксар сиёсий руҳдаги фильмлар сазовар бўлди.

“Йилнинг энг яхши ҳужжатли фильми” номинациясида АҚШнинг собиқ вице-президенти Алберт Гор иштирокидаги глобал иқлим ўзгаришига бағишланган “Аччиқ ҳақиқат” асари ғолиб топилди.

“Энг яхши хорижий филм” номинациясида Германиянинг собиқ ГДРнинг “Штази” хавфсизлик хизмати агентлари тўғрисидаги “Бошқаларнинг умри” номли фильми ғалаба қозонди.

Кузатувчилар кечанинг “Бабел” фильми учун кўнгилсиз кечганини таъкидламоқда. Бу фильм номзоди етти номинация бўйича олға сурилганди. Бироқ биттагина, яъни “Энг яхши мусиқа” учун совринга сазовор бўла олди.
XS
SM
MD
LG