Линклар

Андижон воқеаларига “алоқадор” яна бир ташкилот “топилди”

  • Фаррух Юсуфий

Расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” сайти Адлия вазирлиги АҚШнинг гўёки Андижон воқеаларига алоқадор “Ҳоуп” ташкилотини текшираётганини хабар қилди.

Бу ҳақдаги мақоланинг номи кўрсатилмаган муаллифи “Ҳоуп”га нисбатан илгари сурган айбловларини мазкур ташкилот 2005 йил 13 май воқеаларидан кейин Қирғизистондан паноҳ топган андижонлик қарийб 500 қочқинга инсонварварлик кўрсатганига оид фикрлар билан асослаган.

Сирли муаллиф “Ҳоуп”нинг Андижон воқеаларига аралашганига далил ўлароқ, АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Ричард Баучернинг бу ташкилот Қирғизистондан паноҳ топган қочқинларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани ҳақидаги сўзларини келтиради.

Ҳақиқатан ҳам Р.Баучер Андижон воқеаларидан 10 кун ўтиб, АҚШнинг “AmeriCares” ва “Project Hope International” ташкилотлари орқали Қирғизистондан паноҳ топган андижонлик қочқинларга 2,5 миллион долларга тенг инсонпарварлик ёрдами кўрсатилганини айтган эди.

“Пресс-ўз.инфо”даги мақола муаллифи “Ҳоуп”нинг Ўзбекистондаги фаолияти Адлия вазирлиги томонидан текширилаётганини айтган, лекин бу ташкилот муҳтожларга, яъни андижонлик қочқинларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб, Ўзбекистон қонунларини бузган-бузмагани масаласига тўхталиб ўтирмаган.

“Ҳоуп”нинг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Том Мор “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Пресс-ўз.инфо”да ташкилот шаънига билдирилган фикрлар юзасидан гапириб: “Ташкилотимиз ҳақиқатан ҳам Қирғизистондаги қочқинлар лагерига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатганми-йўқми, ҳозир айта олмайман. Жаноб Баучер буни айтган экан, шундай бўлган бўлиши ҳам мумкин. Лекин “Ҳоуп” лойиҳаси бутун минтақа, қолаверса, жаҳон бўйлаб муҳтожларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатади. Бу бизнинг миссиямиздир. Сўнгги олти йил ичидан лойиҳамиз бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам катта миқдорда инсонпарварлик ёрдами кўрсатган. Шунинг учун “Ҳоуп” инсонпарварлик ёрдами кўрсатганига ҳайрон қолиш керак эмас. Бундай ёрдам кўрсатгани баҳонасида ташкилотимизни Андижон воқеаларига алоқадорликда айблаш мен учун таажжубли ҳолдир. Чунки, яна қайтараман, “Ҳоуп” лойиҳаси бутун жаҳон бўйлаб муҳтожларга ёрдам кўрсатади. Марказий Осиёда ҳам ёрдамга муҳтож кишилар кўп”, - деди.

“Ҳоуп” лойиҳасининг Ўзбекистондаги фаолиятини текшираётган Адлия вазирлиги расмийлари “Пресс-ўз.инфо”да эълон қилинган мақолани изоҳлашдан ва ташкилот фаолиятида қонунбузарликлар бор-йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.

“Ҳоуп”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Апко Ҳаскер эса ўтган ҳафта ўтказилган текширувларда ҳеч қандай қонунбузарликлар топилмаганини маълум қилди.

“Ўтган ҳафта Адлия вазирлиги ташкилотимиз фаолиятини тафтиш қилди. Сўралган ҳужжатлар уларга тақдим этилди ва билишимча, фаолиятимиздан ҳеч қандай қонунбузарликлар топилмаган. Ҳарқалай, вазирлик ҳозирча бизга Ўзбекистон қонунларини бузишга оид айбловларни илгари сургани йўқ”, - деди Апко Ҳаскер.

“Пресс-ўз.инфо” сайтида эълон қилинган мақола билан боғлиқ яна бир қизиқарли фактни айтиб ўтиш жоиз. Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлигида эълон қилинган бир хабарда “Пресс-ўз.инфода”ги мақоланинг сирли муаллифи билдирган фикрлар Ўзбекистондаги Минтақавий сиёсат жамғармаси эксперти Аҳтам Жалилов номидан берилган.

“Пресс-ўз.инфо”даги мақоланинг сирли муаллифи “Ҳоуп” Американинг Андижон воқеаларига аралашган ягона ташкилоти эмаслигини ҳам ёзган. Унинг таъкидича, АҚШга қарашли ABA/CEELI ва ACDI/VOCA ташкилотларининг ҳам Андижон воқеаларига алоқадорлиги тасдиқланган фактдир.

Ўз сўзларига тасдиқ ўлароқ, сирли муаллиф “Озодлик” радиосида шу йилнинг 9 январь куни эфирга кетган лавҳага таянишга ҳам ҳаракат қилиб кўрган. Яъни, унинг айтишича, гўё “Озодлик” радиоси мухбири Алишер Сиддиқ ACDI/VOCA ташкилотининг акрамия оқими аъзоларига молиявий кўмак кўрсатганини тасдиқловчи версияни илгари сурган. Бироқ “Озодлик” мухбирининг бу версияни Ўзбекистон ҳукумати кўз-қарашларини акс эттирувчи “Пресс-ўз.инфо”да кундалик равишда мақола эълон қиладиган Минтақавий сиёсат жамғармаси эксперти илгари сурганини айтганини сирли муаллиф пайқамай қолган кўринади.

Нима бўлганда ҳам АҚШнинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган яна бир ташкилоти устида қора булутлар тўпланаётганга ўхшайди. Зеро, сўнгги бир-икки йил ичида АҚШнинг “Пресс-ўз.инфо” сайтида танқид қилинган ташкилотларининг деярли барчаси судга тортилиб ёпилди.

“Ҳоуп”нинг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Том Мор эса бу ёмонлик аломати ўз ташкилотини четлаб ўтишига умид қилишини билдирди.

“Ҳоуп” ўзбекистонлик ҳамкорлари билан сил касаллигини назорат қилиш дастури бўйича жуда ижобий натижаларга эришмоқда. Ўзбекистонда силни назорат қилиш дастурига жуда катта эҳтиёж бор. Бу соҳада кўрсатаётган ёрдамимиз Ўзбекистонда олиб борилаётган дастурга жиддий ҳисса қўшмоқда. “Пресс-ўз.инфо”да эълон қилинган мақола “Ҳоуп”нинг Ўзбекистондаги фаолиятига ҳамда сил касаллигини назорат қилиш бўйича миллий дастурга салбий таъсир кўрсатмаслигига умид қиламан”, - деди Том Мор.
XS
SM
MD
LG