Линклар

Хельсинки федерацияси санкциялар ўз кучида қолиши тарафдори

  • Ҳурмат Бобожон

Хельсинки инсон ҳуқуқлари федерацияси вакиллари, жумладан, ташкилот раиси Аарон Родес сешанба куни Брюссел шаҳрида матбуот анжумани ўтказиб, Ўзбекистондаги вазият ҳақида ҳисобот берди.

Аарон Родес Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятининг ёмонлашуви, режимга мухолиф бўлганларнинг муттасил таъқиб қилинаётгани, ҳибсга олинаётгани ҳақида гапирди.

Яқин кунларда Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги вазиятни муҳокама этиши ва бу давлатга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш ёки кучда қолдириш масаласини кўриб чиқиши керак.

Ўтган йил ноябрда ЕИ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, сиёсий ва фуқаролар эркинлигини таъминлаш масаласида ҳеч бир ижобий ўзгаришларни намойиш қила олмаганини билдириб, Андижон воқеаларидан кейин жорий этилган санкцияларни яна олти ойга, 2007 йилнинг майигача чўзишга қарор қилган эди. Бу муддатга қадар ЕИ Ўзбекистонга жорий этилган қурол эмбаргоси ва Андижон воқеаларига масъул 12 ўзбек расмийсига виза тақиқи масаласини яна бир бор кўриб чиқади.

Бу муддат яқинлашган сари инсон ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда вазият ўзгаришсиз қолаётганини айтиб, ЕИдан Тошкент ҳукуматига жорий этилган санкцияларни ўз кучида қолдиришни талаб қилмоқда.

Хельсинки федерацияси ҳам бу талабларга қўшилди.

“Биз Ўзбекистондаги аҳвол ҳақида ЕИ ва Европарламент аъзоларига ахборот бериш мақсадида Брюсселга йиғилдик. Биз бу ерда ЕИ Ўзбекистонга жорий этилган санкцияларни бекор қилмаслиги кераклигини мубоҳаса этяпмиз”, - деди федерация раиси Аарон Родес.

Унинг фикрича, инсон ҳуқуқ фаолларига нисбатан қатағон сиёсатини юргизаётган ва ЕИ қўйган талабларни бажармаётган Ўзбекистонга нисбатан аввал жорий этилган санкциялар ўз кучида қолдириши керак.

“Мен ЕИ Ўзбекистондаги вазиятдан хабардор ва санкциялар масаласида буни инобатга олади, деган умиддаман. Муаммо шундаки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари жамоаси ишлай олмайдиган аҳволга тушиб қолган. Айрим ҳуқуқ ҳимоячилари таъқиблар боис ватанини тарк этди, айримлари қамоққа ташланди. Бунинг оқибатида Ўзбекистондаги вазиятни кузатишда мураккабликлар юзага келди. Бу Ўзбекистонда аҳвол нақадар таҳликали эканини кўрсатади”, - деди А.Родес.

Брюсселда ўтган учрашувда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси, Франциядан бошпана топган Толиб Ёқубов ҳам қатнашди.

Т.Ёқубовнинг айтишича, ЕИ Ўзбекистондан кўп нарса эмас, Ўзбекистон ҳукумати қила олиши мумкин бўлган нарсаларни талаб этмоқда.

“Биз Ўзбекистон сиёсий маҳбусларни, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини озодликка чиқаришини талаб қиляпмиз. Биз Ўзбекистон сиёсий тизимини ўзгартириш қийин эканини тушунамиз. Лекин Ислом Каримов яхши ният йўлида қадам қўйиши керак”, - деди Т.Ёқубов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон масаласи чоршанба куни ЕИ расмийлари билан бўладиган алоҳида учрашувларда ҳам муҳокама қилинади.

ЕИда Ўзбекистон масаласи кун тартибига қўйилиши кутилаётган айни пайтда бошқа ташкилотлар ҳам Брюсселда йиғилиб, турли тадбирлар ўтказишни режалаштирган. Жумладан, Европа сиёсати тадқиқот маркази 2 мартда ЕИ ва Марказий Осиё мавзуида йирик халқаро анжуман ўтказади.
XS
SM
MD
LG