Линклар

logo-print

Ҳақиқат таъмини тотганлар бор, тотмаганлар бор

  • Сарвар Усмон

Ҳақиқат тансиқ неъмат. Кўпчилик излайди уни. Ҳаммаям топавермайди. Қўқонлик тадбиркор Абдухалил Алимов топганлардан. Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев эса ўша ҳақиқатни тополмай овора.

А.Алимов Қўқондаги хусусий автокорхоналардан бирининг директори.

“Озодлик” мухбири у билан 27 февраль куни гаплашди. Корхонаси тўғрисида, Миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий бўлими ходими билан кўп йиллик ўзаро зиддияти тўғрисида айтиб берди.

Лекин гап А.Алимовнинг корхонаси тўғрисида ҳам, ўша кўп йиллик зиддияти тафсилотлари тўғрисида ҳам эмас. Гап у кишининг ҳақиқатни қисман бўлса-да, топгани тўғрисида.

Горбачев даврида асос солинган ва ўшандан бери муваффақият билан ишлаб келаётган корхона машиналарини Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари 2005 йилда текшира бошлайди.

А.Алимовнинг фикрича, бу текширув қонунга хилоф эди. Шунинг учун ҳам у хавфсизлик хизматининг маҳаллий ходими устидан Тошкентга, МХХга арз қилган. МХХ аризани кўриб чиққан ва ўша ходимига ҳайфсан эълон қилган.

“Озодлик” мухбири МХХнинг ҳайфсан олган ходимининг фамилиясиниям билди. Ҳатто телефонини топиб, унга қўнғироқ қилди ҳам. Аммо у гаплашишни истамади.

Хуллас, ўша ходим ҳайфсан билан “сийланган”дан сўнг орадан қарийб 2 йил ўтди.

“2007 йил 13 январь куни соат тахминан 4 ларда менга ғайирлиги бор бир одам қўйнида диктофон билан олдимга кирди, - дейди А.Алимов. - Унга гўёки менинг муттаҳамлигимни исботлайдиган гапларни ёзиб олиш топширилган экан. Мен диктофон борлигини сезиб қолиб, тортиб олдим. Бу ҳам яна ўша 2 йил муқаддам ҳайфсан олган ходимнинг иши эди”.

А.Алимов яна Тошкентга арз қилади. МХХ қўқонлик ходимига яна ҳайфсан эълон қилади.

Ўзаро суҳбатдан маълум бўлдики, тадбиркор билан иккита ҳайфсанлик ходим ўртасидаги зиддият шу кунгача ҳам давом этяпти.

Демак, қўқонлик тадбиркор чалароқ бўлсаям ҳақиқатни топа оляпти.

А.Алимовнинг кўргиликларини журналист Абдураҳмон Ташанов яхши билади. Унинг айтишича, А.Алимов ўз ҳақини бировга олдириб қўймайдиган, ҳуқуқларини ҳимоя қила биладиган одам.

Жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев ҳам қўқонлик А.Алимовдай ҳақиқатни излашни ҳам, топишни ҳам биладиганлардан. Лекин уларнинг битта фарқи бор: А.Алимов сиёсатдан йироқ, у инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эмас. Б.Ҳамроев эса инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

“Бугунги ўзбек жамиятида ҳақиқатни топиш мутлақо иложсиз бўлиб қолди. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ, мана ўз ўғлимнинг кўргиликларини олайлик...”, - дейди Б.Ҳамроев.

Ўтган йили унинг ўғли Ихтиёр безориликда айбланиб 3 йилга кесилган эди.

“...ўғлим масаласи бўйича кирмаганимиз эшик, ёзмаганимиз жой қолмади. Олий судгача бордик. Унга адвокатимиз 3 марта, ўзим бир марта мурожаат қилдик. Ҳамма инстанцияларни босиб ўтдик. Лекин ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Мени ҳайрон қолдирган бир нарса шуки, Олий судга ёзилган хат айнан Жиззах вилояти жиноят ишлари судига юборилаверади. Бу эса қонуннинг қўпол бузилишидир. Мана шундай аҳволда қандай қилиб ҳақиқат топиш мумкин”, - дейди Б.Ҳамроев.

Ҳақиқат.

Тансиқ неъмат у. Кўпчилик излайди уни. Ҳаммагаям кўрсатишавермайди.
XS
SM
MD
LG