Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:12

Экологияга оид хабарлар


1 март куни Халқаро қутб йили бошланиши муносабати билан 60 дан ортиқ давлат вакиллари Шимолий ва Жанубий қутбда тадқиқотлар ўтказишга киришади. Режага кўра, Халқаро қутб йилида 50 мингга яқин одам мангу музликлар эриши жараёни, океан оқими тезлигини ўлчаш, оқ айиқлар ва пингвинлар ҳаётини ўрганиш билан боғлиқ 228 та лойиҳани амалга оширади. Ҳукуматлар мазкур лойиҳалар учун бир ярим миллиард доллар маблағ сарфлаши режалаштирилган.

Бундан олдинги Халқаро қутб йиллари 1882-83, 1932-33 ва 1957-58 йилларда нишонланган. Бу галги қутб йили ҳам аввалгилари каби икки йил, яъни 2009 йилгача давом этади. Олимлар глобал иқлим исиб бораётгани сабабли 2100 йилгача қутб музликлари бутунлай эриб кетиши мумкинлигини билдирмоқда.

*** *** ***

Хитойнинг жануби-шарқий минтақаларида қурғоқчилик кузатилаётгани боис, Чонкинг шаҳрининг олти миллион аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш жиддий муаммога айланмоқда. Мутахассислар шаҳарни ичимлик сув билан таъминлаш март ойи бошида янада оғирлашишидан огоҳлантиряпти.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Чонкинг шаҳрининг сув резервуарида 1,17 миллиард куб метр сув бор. Бу норманинг ярмини ҳам ташкил этмайди. Шаҳар аҳолиси ва фермерлар эса кунига 500 миллион куб метр сув сарфлайди. Гуандонг вилояти раҳбарлари сув танқислигини камайтириш мақсадида завод, фабрика ва фермерларнинг сувдан фойдаланишини чеклашни режаламоқда.

*** *** ***

БМТ бош котиби Пан Ги Мун июнь ойида глобал иқлим исишининг олдини олишга қаратилган саммит ўтказиш таклифини ўрганмоқда. Бу ҳақда бош котибнинг матбуот вакили Мишел Монтас маълум қилди.

Глобал иқлим исиши таҳдиди кучайиб бораётгани боис, БМТнинг Атроф-муҳит дастури Пан Ги Мунни иқлим масаласида фавқулодда саммит ўтказишга даъват қилмоқда. Ташкилот дунё раҳбарлари учрашувини БМТ Бош ассамблеяси йиғилиши ўтказиладиган сентябрь ойида уюштиришни таклиф қилаётир. Саммитда глобал иқлим исишининг олдини олишга қаратилган Киото келишуви муддати 2012 йилда тугаганидан кейин ўрнига бошқа халқаро келишув имзоланиши таклиф қилинади. БМТ расмийлари бу вазифани амалга оширишга бош котиб етакчилик қилишини хоҳлайди.

*** *** ***

27 февраль куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида глобал иқлим исиши борасида ўтказилган тадқиқотлар хулосаси эълон қилинди.

166 бетдан иборат бу ҳисобот 11 мамлакатнинг 18 мутахассиси томонидан тайёрланган. БМТ таклифига кўра тузилган олимлар гуруҳи кенг миқёсда ўтказилган сўнгги тадқиқотлар натижаларини ана шу ҳисоботга жамлаган.

АҚШнинг Гарвард университети профессори Жон Ҳолдрен глобал илиқлашув таҳдиди ҳақида гапириб: “Биз шундай хулосага келдикки, агар ҳаво ҳарорати саноатлашиш давридаги ҳароратдан Целзий ўлчови бўйича икки ёки икки ярим даражадан кўпга исиса, одамлар учун унинг салбий таъсири тасаввур қилиб бўлмас даражада ортади”, – деди.

Ҳисобот муаллифларидан бири, Мичиган университетининг иқлимшунос олими Росина Биербаум глобал иқлим исишининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари жуда ташвишли бўлишини билдирди.

“Об-ҳаво туфайли 2005 йилда кўрилган зарар бир триллион долларнинг учдан бирини ташкил этди. Агар денгиз суви сатҳи кўтарилса, атроф-муҳит бўйича қочқинлар сони ўнлаб миллион одамни ташкил этади, бўрон ва тўфонлар юз бериш ҳоллари кўпаяди”, – деди америкалик олим.

Ҳисоботда таъкидланишича, агар зарурий чоралар кўрилмаса, 2100 йилга бориб глобал иқлим Целзий ўлчови бўйича 11 даражагача исиши мумкин.

Олимларнинг айтишича, сўнгги ўн йилликлар мобайнида ҳаво ҳарорати тахмин қилинганидан кўра тезроқ исиб бормоқда. Ўз навбатида, бу қурғоқчилик, бўрон, тўфон ва бошқа табиий офатлар тез-тез содир бўлишига олиб келаётир.
XS
SM
MD
LG