Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:58

Божхоначи ҳақми ёки тадбиркор?


Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси тошкентлик тадбиркор Гулсара Йўлдошеванинг божхона ходимлари уни калтаклаб, маҳсулотларини тортиб олгани тўғрисидаги иддаоларини рад этди.

Бундан аввалроқ Г.Йўлдошеванинг бу қонунбузарликлар ҳақида айтганлари бир қанча электрон ОАВда эълон қилинган, шунингдек, “Озодлик” радиоси орқали ҳам эфирга берилганди. Ўшанда Г.Йўлдошева шу йилнинг 21 февраль куни қорақалпоғистонлик дугонасига тегишли умумий баҳоси 2,5 минг долларлик 51 дона DVDни машинада Қорасувдан Тошкентга олиб кетаётганида Андижон вилояти йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилганини айтганди.

“Йўл-патруль хизматининг икки ходими бизни бир соат машинада олиб ўтирди. Кейин мендан 300 минг сўради. Мен эса қўрққанимдан 100 минг сўм бера олишимни айтдим. Улар мени божхона ходимига топшириб юбориш билан қўрқитди. Мен уларга унда DVD олинг, дедим. Шундан кейин йўл-патруль хизмати ходимлари менга бўлмағур гапларни - эрингиз борми, яна қачон келасиз каби сўзларни айта бошлади. Хуллас, кейин божхона ходимлари келиб, молимни тортиб олди, мени эса калтаклади. Гувоҳларим ҳам бор”, - деган эди Г.Йўлдошева.

Аммо Давлат божхона қўмитаси бу ҳақда бошқача маълумотга эга. Қўмита матбуот хизмати инспектори Мастура Абдуллаева бу ҳақда гапириб: “Маҳсулот олиб ўтаëтган якка тадбиркорлар кўп ҳолларда ўзларини тўғри тутмайди. Мен ўзимизникиларни ҳимоя қилаëтганим йўқ. Аммо ҳақиқатан ҳам улар ўзлари ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиб, яна айбини ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига тўнкайди. Бундай ишларга, асосан, аëллар қўл уради. Бозорчи аëллар ўзини қандай тутишини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Айтганча, Гулсара билан боғлиқ вазият видеога олинган”, - деди.

Г.Йўлдошева ўзини божхона кийимида бўлган Сардор Каримов деган кимса калтаклагани, товарларини тортиб олгани, эртаси куни шифохонага борганида унга ўнг қўли лат егани ташхиси қўйилганини билдирганди. Шунингдек, у ДБҚнинг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғига ходимлари устидан арз қилиб кирмоқчи бўлгани, лекин уни ҳеч ким қабул қилмаганини айтганди. Шундан сўнг у бўлиб ўтган можаро юзасидан Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва ДБҚга мурожаат этишга қарор қилган.
ДҚБ ҳам Г.Йўлдошева Андижон вилояти бошқармасига келганини инкор этмайди. Уларнинг таъкидлашича, Г.Йўлдошева ҳақиқатан ҳам бошқармага борган, аммо у ерда тўполон кўтариб, тортиб олинган товари қайтариб берилишини талаб қилган. Лекин у бошқарма бошлиғи қабулига кириш учун навбатга ёзилишни сўраб мурожаат қилмаган.

ДҚБ матбуот хизмати инспектори Мастура Абдуллаева Г.Йўлдошевадан тортиб олинган маҳсулот мусодара қилинганини ҳам тасдиқлади.

“Маҳсулот мусодара қилинди. Гулсаранинг ўша пайтдаги қилмишлари видеотасмага туширилди”, - деди М.Абдуллаева.

Божхоначилар Г.Йўлдошева иши бўйича текширув кетаётгани ҳам хабар қилди.

Ўзбекистонда Г.Йўлдошеваникига ўхшаш ҳолатлар кўп учрайди. Аммо бу ўз-ўзидан бўлмаётгандир, тадбиркорларнинг қонун бўйича иш тутишига қандайдир тўсиқлар бордирки, улар ўша тўсиқларни айланиб ўтишга мажбур бўлаëтгандир?

“Бир нарсани айтишим мумкинки, агар қонун доирасида ишласа, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Албатта, одам қонун доирасидан чиқиб кетса, муаммоларга дуч келади”, - дейди М.Абдуллаева.

Мустақил кузатувчи Абдулла Абдураззоқов фикрича, Ўзбекистонда жамият пора устига қурилган ва шунинг учун божхона ходимларининг бундай йўл тутишига ажабланмаса ҳам бўлади.

“Чегара ва божхоналар ташкил этилишининг сабаби халқнинг пулини соғиш ва тепада ўтирганларни бойитишдир. Ўзбекистонда сердаромад жойлар ҳаммаси тақсимлаб олинган. Ўша ерда ишлаган одам борки, сарфлаган пулини чиқариб олмаса ва чиқариб олишга кўзи етмаса, у ерда ишламайди. Вақти-вақти билан у ердагиларнинг баъзилари ишдан олинади ва ўрнига янгилари келади. Бу ҳам пул ишлаш”, - дейди кузатувчи.
XS
SM
MD
LG