Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:37

АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилаш йўлларини излаяпти


Ўзбекистонга 3 кунлик сафарини якунлаган АҚШ давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Эван Фейгенбаум Вашингтон расмий Тошкент билан юзага келган мураккаб муносабатларни яхшилаш йўлларини излаётганини билдирди.

2 март куни журналистлар билан учрашувда АҚШни иккиюзламачи сиёсат юритишда айблаб келаётган Ўзбекистон ҳукуматига жавоб тариқасида Э.Фейгенбаум Америка дунёнинг барча давлатларидан бир хилда демократик ислоҳотларни талаб этишини таъкидлади.

2005 йил 13 май куни ҳукумат кучлари Андижондаги ғалаённи қонли бостиргандан сўнг АҚШ бу воқеалар юзасидан халқаро тергов ўтказиш талабларига қўшилган эди. Халқаро аксилтеррор коалиция аъзоси бўлган Ўзбекистон бунга жавобан АҚШни Хонободдаги ҳарбий ҳаво базасидан мосуво қилди.

Орадан қарийб 2 йил ўтгач, томонлар Андижон воқеаларидан кейин тобора совуқлашиб борган Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари нормаллаштириш учун мулоқотни бошлаш заруратини таъкидламоқда.

Э.Фейгенбаум АҚШ Давлат департаментининг Марказий Осиё давлатлари бўйича энг юқори мартабали расмийларидан бири ҳисобланади. Атиги 7 ой аввал АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари лавозимига тайинланган Э.Фейгенбаум илк бор Ўзбекистонга келди. Бу ерда у ҳукумат ва бизнес вакилларидан тортиб, мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, сиёсатшунослар ва журналистлар билан учрашди.

Э.Фейгенбаум Тошкентда ташқи ишлар вазири Владимир Норов, мудофаа ва таълим вазирлари, президентнинг хавфсизлик ва дин масалалари бўйича давлат маслаҳатчилари ҳамда Омбудсман билан музокаралар ўтказди.

“Уларнинг ҳар бири АҚШ билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди. Икки давлат ҳам ҳамкорлик қилишга мойил эканини айтмоқда. Аммо асосий синов бу мойилликни конкрет амалиётга йўналтиришдан иборат”, - деди Э.Фейгенбаум.

У АҚШнинг Ўзбекистон билан алоқа ўрнатиш мақсадларига тўхталар экан, Тошкентга ўтган йили ташриф буюрган АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Ричард Баучернинг сўзларини такрорлади.

“Бу ерда биз бошқа давлатлар билан ўйин қилаётганимиз йўқ. Марказий Осиёнинг беш мустақил давлати бизнинг бошқа мамлакатлар билан кураш воситамиз эмас. Америка Марказий Осиёда жуда кўп соҳаларда, жумладан, хавфсизлик, савдо-сотиқ ва иқтисодиёт, демократия ва инсон ҳуқуқлари, энергетика ва террорчиликка қарши кураш соҳаларида сиёсат юргизмоқда”, - деди Э.Фейгенбаум.

Давлат департаменти расмийси АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари сўнгги 20 ойда давомида мураккаб даврни бошдан кечираётганини тан олди.

“Ўртамизда тафовутлар бор. Аммо биз бу тафовутлар ҳамкорликка тўсиқ бўлишни истамаймиз. Бу ерга келишимдан мақсад ҳам икки томонлама муносабатларимизни давом эттириш йўлларни ўрганишдан иборат”, – деди Э.Фейгенбаум.

АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларининг совуқлашиши икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка таъсир кўрсатмай қолмади.

Э.Фейгенбаумнинг айтишича, АҚШнинг Ўзбекистондаги сармоялари ҳажми йил сайин пасайиб бораётган бўлса, қўшни давлатларда бу миқдор ўсаётир.

“Рақамлар мени хавотирга солмоқда, чунки Ўзбекистон билан иқтисодий соҳада жуда кенг ҳамкорлик қилиш имкониятлари бор. Тўғри, Америка бизнеси бу ерда кўплаб тўсиқларга дуч келмоқда. Мана шу тўсиқларнинг баъзиларини олиб ташлаш биз учун асосий синовлардан биридир”, - деди у.

Ўз баёнотларида эҳтиёткорликни эсдан чиқармаган Э.Фейгенбаум АҚШ Марказий Осиёда мустақил ва барқарор, бир-бири, АҚШ ва бошқалар билан ҳамкорлик қилувчи давлатларни кўришни исташини билдирди.
XS
SM
MD
LG