Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:49

Депутат хоним Ўзбекистонни мақтаганмиди?


Германиянинг Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилишига қаратилган ҳаракатлари муваффақиятсизликка учраган шу кунларда “Озодлик” мухбири Бундестаг депутати, Германия-Марказий Осиё парламент гуруҳи раисаси Ҳайди Вегенер хоним билан суҳбатлашди.

Германиянинг Ўзбекистонга қарши санкцияларни бекор қилиш таклифи 28 февраль куни ЕИ вакиллари томонидан кўпчилик овоз билан рад этилди. 5 март куни эса ЕИ ташқи ишлар вазирлари бу қарорни расман қабул қилиши кутиляпти.

Яқинда “Жаҳон” ахборот агентлиги Вегенер хоним ва Бундестагдаги Германия-Марказий Осиё парламент гуруҳининг бошқа аъзолари Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида ўтказилган тадбир чоғида Ўзбекистон-Германия алоқалари, қолаверса, президент Ислом Каримов сиëсатини мақтаганини хабар қилган эди.

“Озодлик” мухбири суҳбат бошида Вегенер хонимнинг Германия-Ўзбекистон муносабатлари хусусидаги асл фикрлари қандайлиги билан қизиқди.

Ҳ.Вегенер: Мен ўзаро муносабатларни яхши, аммо мураккаб, деб атаган бўлардим. Ўзбекистон расмийлари кўп нарсаларни биздан бошқачароқ талқин қилади. Масалан, биз бундан икки ҳафтача олдин Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида меҳмонда бўлдик. Бу учрашув ҳақида Ўзбекистон расмий манбалари тарқатган хабар ҳақиқатнинг фақат бир қисмини акс эттиради. Биз бу тадбирда Ўзбекистондаги вазият хусусида жуда кўп танқидий фикрлар билдирдик. Масалан, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Ўзбекистонда муаммоларга учраëтганини тилга олдик. Элчи бизга бу муаммолар тезда бартараф этилиши ва ҲРУнинг Ўзбекистондаги аккредитацияси узайтирилиб, унинг ходимларига виза берилишини таъкидлади. Аммо ҳозиргача бу ваъда бажарилгани йўқ. Ўзаро муносабатлар ҳақида, афтидан, Ўзбекистон расмийлари ўзига хос тасаввурга эга кўринади.

Мухбир: Вегенер хоним, сиз тилга олган учрашувда Ўзбекистондаги ночор инсон ҳуқуқлари вазияти ва сиëсий босимлар мавзуси очиқ муҳокама қилиндими? Ўзбек расмий манбалари таъкидича, йиғинда сиз ва Бундестагнинг бошқа вакиллари, асосан, Каримов сиëсатини мақташ билан овора бўлгансиз...

Ҳ.Вегенер: Табиий, биз инсон ҳуқуқлари муаммоларини тилга олдик ва Ўзбекистонда мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг қамалаëтгани, журналистлар ва ноҳукумат ташкилот вакиллари фаолиятига имкон берилмаëтганини танқид қилдик. Ўзбекистон расмий манбалари бизни Ўзбекистон президентини мақтаганга чиқарибди. Биз президентни мақтаганимиз йўқ. Ўзбекистонда президент яккаҳокимлиги мавжуд. Биз эса парламентчилар ўлароқ, Ўзбекистонда кучли президентлик эмас, балки кучли парламент тизими бўлишини истаймиз.

Мухбир: 2005 йил 13 майда Андижонда юз берган қонли воқеалардан сўнг Ғарбнинг аксар давлатлари Тошкент режимидан узоқлашди, ЕИ ҳукуматга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бироқ Берлин ҳукумати Тошкент билан муносабатларни аввалгидай давом эттирди. Бу ҳол кенг майдонда танқидларга сабаб бўлмоқда. Сиз Германиянинг бундай ëндашувини қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Ҳ.Вегенер: АҚШга ўхшаш давлатлар Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан ҳайдаб чиқарилди, аммо Германия қолди. Бугун ЕИ Ўзбекистон билан гаплашиш учун Германияни воситачи қилиб танлади, чунки Берлин Тошкент билан гаплаша олади. Кеча Германия ташқи ишлар вазири Штайнмайер ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан телефонда гаплашди. Агар томонлар бир-бирини қабул қилмаганида бундай мулоқот имконсиз бўларди. Берлин расмийси ўз ҳамкасбини экспертлар гуруҳини мамлакатга таклиф қилиш ва инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқотни давом эттиришга кўндирди. Буларнинг бари Германия Ўзбекистон билан алоқаларда бошқаларга нисбатан сабрлироқ бўлгани учун амалга ошмоқда.

Мухбир: Душанба куни ЕИ ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкшияларни кучда қолдириши кутилмоқда. Сиз бу санкциялар келажагига қандай қарайсиз?

Ҳ.Вегенер: Ўзбекистон ҳукумати ўз ëндашувини ўзгартирмас экан, санкциялар кучда қолаверади. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқотни давом эттириши, журналистлар ва ноҳукумат гуруҳларнинг эркин ишлашига имкон бериши шарт. Шундагина ЕИ санкциялари бекор этилади. 28 март куни МО ва Германия ташқи ишлар вазирларининг Остонада ўтадиган учрашувига Ўзбекистон ҳам таклиф этилган. Мен бу учрашувгача жуда жиддий дипломатик ҳаракатлар бўлади, деб ўйлайман. Агар Ўзбекистон музокаралар столига ўтириб, ўз сиëсатини тўғри тарафга бурмас экан, санкциялар кучда қолаверади.
XS
SM
MD
LG