Линклар

“Иваново ўзбеклари” ишида ижобий силжишлар бор

  • Сарвар Усмон

Москвадаги "Фуқаровий кўмак" ташкилоти Иваново шаҳридаги Октябрь тумани суди Мамиржон Тоштемиров ишини 5 март куни кўриб чиқишини маълум қилди.

М.Тоштемиров Андижон исёнига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган ва бир ярим йилдан буён Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи остида қамоқда сақлаб келинаётган 13 “ивановолик ўзбек”дан биридир.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, “Иваново ўзбеклари”дан 12 нафарининг иши 2 март куни судда кўриб чиқилди ва уларни қамоқдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди.

(Лавҳа эфирга узатилаётган пайтда бу ўзбеклар ҳибсдан озод қилинмаган эди. Б.Ҳамроев буни суднинг қарори тергов изоляторига етиб бормагани билан изоҳлади).

“Ўзбекистон ҳукумати “Иваново ўзбеклари”нинг айбдор эканини далиллай олмади. Бас, шундай бўлгач, Россия ҳукумати ҳам Европа қонунларига бўйсунишга мажбур”, - деди Б.Ҳамроев.

Баҳром Ҳамроев “Европа қонунлари” иборасини бежиз ишлатаётгани йўқ. Чунки “Иваново ўзбеклари” иши Европа инсон ҳуқуқлари суди назорати остида турибди.

Хўш, тақдиридан ҳатто Страсбургдаги халқаро суд ҳам ташвишга тушган “Иваново ўзбеклари” ким ўзи? Улар асли ўзбекистонлик бўлиб, Иваново шаҳрига иш излаб келганлардан. Б.Ҳамроев улар ўз вақтида Ивановодаги ўзбекларнинг жамоат ташкилотини тузган кишилар эканини билдирди.

“Бу ўзбекларни уюштириш, уларга ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, маданий-ҳуқуқий йўналишдаги ташкилот эди”, - дейди Б.Ҳамроев.

Мазкур ташкилотни тузганлар 2005 йилнинг 18 июнида қўлга олиниб, Иваново шаҳридаги 1-тергов изоляторига қамаб қўйилган эди.

“Россия маъмурлари ўзбекистонликларни ноқонуний қўлга олган. “Иваново ўзбеклари” тижорат билан шуғулланар эди. Уларнинг фирмаларига уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари бостириб кириб ҳибсга олган ва Ўзбекистонга бу ҳақда хабар берган. Ана шундан кейингина Ўзбекистон маъмурлари уларга нисбатан жиноят иши қўзғаган. Энг қизиғи мана шу жойда”, - деди Б.Ҳамроев.

Хуллас, бош бўлса... модда топилади. “Иваново ўзбеклари аввал қўлга олиниб, сўнгра жиноят иши қўзғатилган эди.

Қўлга олинганларидан кейин қарийб 13 ой ўтгач – 2006 йилнинг 31 июлида Россия Бош прокуратураси “Иваново ўзбеклари”ни ватанига экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқаради. 2006 йилнинг 7 августида эса Страсбург суди Россия прокуратурасининг экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарори ижросини тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилади. Страсбург суди ўз қарорини “Иваново ўзбеклари”нинг БМТ томонидан қочқин сифатида тан олингани билан асослайди.

Шуни айтиш керакки, Страсбург судининг ўзбекистонликлардан бошқа ҳам иши кўп.

Шу ўринда мазкур суд эътиборини “Иваново ўзбеклари” ишига қаратишга эришган ташкилот - Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ва унинг раҳбари Светлана Ганнушкина тўғрисида икки оғиз сўз айтишга тўғри келади.

“С.Ганнушкина билан бирга 2 йил ишлаганман. У халқимиз ўз бошидан кечираётган қийинчиликларни жуда яхши билади. У нафақат сиёсий ва диний мотивлар билан қувғинга учраб Россияда юрган ўзбекистонликлар, балки оддий меҳнат мигрантлари бўлган ўзбекистонликларга ҳам яқиндан ёрдам бериб келади”, - дейди мазкур ташкилот вакили Б.Ҳамроев.

“Иваново ўзбеклари” иши, афтидан, ижобий якун топаётган шу кунларда Светлана Ганнушкина инсон ҳуқуқларига оид ҳужжатли фильмлар фестивалида қатнашиш ва унинг бош совринларидан бирини олиш учун Чехия пойтахти Прагага келди.

Куни-кеча Ганнушкина хоним “Озодлик” радиосида ҳам бўлиб, мухбирлар саволларига жавоб қайтарди.

Журналистлар билан мулоқот чоғида С.Ганнушкина нодавлат ташкилотлар, айниқса, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар кейинги пайтларда Россияда ҳукуматнинг турли босимларига дуч келаётганини таъкидлади.

“Нодавлат ташкилотларга қарши кампания фаол олиб бориляпти. Гоҳ у, гоҳ бу амалдор, баъзан эса мамлакатимизнинг энг катта амалдори биз ҳақимизда бўлмағур гап айтади. Шунга қарамай, “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ўз низомида белгилаб қўйгани - инсон ҳуқуқлари ҳимоялаш вазифасини бажаришга ҳаракат қиляпти”, - дейди С.Ганнушкина.

“Иваново ўзбеклари” иши 2 март куни ижобий ҳал бўлгани, яъни уларнинг қарийб 2 йил давом этган ҳибсдан озод қилингани “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг ўша ҳаракатлари маҳсулидир.

“Иваново ўзбеклари”дан ўн учинчисининг 5 март куни кўриб чиқиладиган иши ҳам ижобий ҳал бўлишига умид қилинмоқда.

Лекин уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган москвалик ҳуқуқ ҳимоячиларининг суюнишига ҳозирча эрта кўринади. Чунки Россия Бош прокуратураси “Иваново ўзбеклари”ни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорини ҳозирча бекор қилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG