Линклар

Умиданинг терговчилари асабийлашмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Сўнгги маълумотларга кўра, Тошкентдаги қамоқхонада сақланаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Умида Ниëзова Андижон воқеалари юзасидан сўроққа тутилган ва унинг қамоқхонадаги шароити видеотасвирга олинган.

Видеотасвирга олишдан мақсад қамоқхонада унинг қулай шароитда сақланаётганини хорижликларга намойиш этиш бўлган. Бу иш Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жорий этган санкцияларини қайта кўриб чиқиши арафасида амалга оширилган.

Умида қамоқхонада видеотасвирга олинганини куни-кеча уни кўргани борган холаси ҳам тасдиқлади.

“Мен билан учрашишидан олдин Умидани Тоштурмада видеога олишибди. Интернетга чиқариш, мана соғлиғи жойида, ҳаммаси олам гулистон, дейиш учун видеога олишибди”, - деди холаси.

Унинг таъкидлашича, терговчилар Умида ҳақида Интернетда эълон қилинган маълумотлардан асабийлашмоқда.

Халқаро ташкилотлар У.Ниëзова тақдиридан хавотир билдиргани сабабли терговчилар қариндошларига у билан кўришишга рухсат бергани айтилмоқда.

“Терговчи менга: “Мана, синглингизни кўриб олинг, аҳволи туппа-тузук, Интернетда унинг қийноққа солингани ҳақида ёзиляпти. Қаранг, бирор жойи ҳам кўкаргани йўқ”, - деди. Мен эса терговчига Умидани жисмоний бўлмаса ҳам маънавий қийноққа солишаётганини айтдим”, - деди холаси.

Ўзбекистон транспорт прокуратураси Умидани “чегарани ноқонуний кесиб ўтиш” ва “контрабанда”да айблаб, терговни давом эттирмоқда. Шунингдек, У.Ниёзова Андижон воқеалари ҳақида ёзган мақолалари учун ҳам сўроққа тутилаётгани ҳақида хабарлар бор.

У.Ниëзованинг компьютеридан “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Андижон воқеалари хусусидаги “Қўрғошин ёмғири” номли ҳисоботи топилгани унга нисбатан сиёсий айбловлар қўйилишига сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG