Линклар

Янги қонун партияларга жон киритадими?

  • Озодлик

5 март куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси президент Ислом Каримов таклифи билан киритилган қонун лойиҳаларини маъқуллади ва уларни Сенат муҳокамасига юборди.

“Мамлакатни модернизациялаш ва давлат бошқарувини янгилаш ҳамда янада демократлаштиришда сиёсий партияларнинг ролини ошириш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари президент томонидан 2006 йил 8 ноябрда парламент муҳокамасига тақдим этилганди.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган партиялар вакиллари мазкур қонунлар кучга кирса, мамлакатда сиёсий партиялар фаоллиги ошишига туртки бўлишини таъкидлаяпти.

“Бу лойиҳада жуда кўп ўзгаришлар ёзилган. (Унда) вилоят¸ шаҳар ҳокимлари¸ бош вазирларни сайлашда айнан сиëсий партияларнинг роли ва ваколатини кучайтириш назарда тутилади”, - дейди Либерал демократик партия вакили Акбар Магдиев.

Айрим кузатувчилар эса бу қонун лойиҳаларининг тайёрланишини шу йил бўлиб ўтиши кутилаëтган президент сайловига боғламоқда. Бироқ расмий рўйхатдан ўтган партия вакили А.Магдиев бу фикрга қўшилмайди.

“Ҳозир президент сайлови ҳақида очиқ-ошкора гап бўлаётгани йўқ. Аммо эртага президент сайлови бўлиб ўтганда асосий ролни мана шу партиялар ўйнайди. Чунки улар ўз партияларидан номзодларни эълон қилиши мумкин. Шунинг учун партия ваколатлари кучайтирилмоқда”, - деди А.Магдиев.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов фикрича, сиëсий партиялар ролини кучайтириш ҳақидаги қонуннинг айнан бугун қабул қилинаëтгани ортида бошқа сабаблар ëтибди.

“Ўзбекистон ҳукумати сиëсий тизимда қанақадир ислоҳотлар қилиш кераклиги, бунинг тагида кўппартиявийлик ва муқобиллик ëтишини тан олиши яхши. Лекин ҳозирги кунда киритилаëтган қонун лойиҳаси муқобилликни таъминламайди. Сайлов тизимида кўппартиявийликни ҳам таъминлай олмайди. Чунки уни таъминлаш учун маълум шартлар бор, ўша шартлар бажарилмаган”, - деди О.Орипов.

Унинг сўзларига кўра, жамиятни демократлаштириш даъвоси билан қабул қилинаëтган бундай қонунларга қасдма-қасддек амалда тескари вазият ҳукм сурмоқда.

“Сиëсий партияларнинг роли фақат сайловда эмас, умуман сиëсий ҳаëтнинг ҳамма қирраларида ўзини кўрсатиши керак. Ҳозирги киритилаëтган ўзгартишлар эса бу мақсадда қилинмаяпти. Аслида мақсад қандайдир ислоҳотлар амалга оширилаётганини кўз-кўз қилишдир. Бу президент сайловига ҳам таъсир қилиши керак”, - деди О.Орипов.
XS
SM
MD
LG