Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:02

Ўзбекистон европалик экспертларни яна Тошкентга таклиф қилмоқда


5 март куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари тузилманинг Ўзбекистонга қарши жорий этган санкцияларини ўз кучида қолдириш ва бу масалани май ойида қайта кўриб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу ҳақдаги баёнотда ЕИ май ойида Ўзбекистондаги вазият, хусусан, расмий Тошкентнинг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида амалга оширган чора-тадбирларидан келиб чиқиб бир қарорга келиши айтилади.

Андижон воқеалари юзасидан халқаро мустақил текширув ўтказишга рухсат бермаган Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкциялар 2005 йилнинг 13 ноябридан кучга кирган, 2006 йил 13 ноябрда эса бироз юмшатилган ҳолда яна уч ойга ўз кучида қолдирилганди.

ЕИ ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Вальднер бу санкциялар қайта кўриб чиқилиши учун расмий Тошкентдан инсон ҳуқуқлари борасида аниқ чоралар кўриши талаб этилишини эслатиб ўтди.

“Шубҳасиз, Ўзбекистондаги вазият борасида жиддий хавотирлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Бошқа томондан эса бизни хавотирга солаётган масалалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг муросали бўлишга қанчалик тайёрлигини синаб кўриш ҳам муҳимдир. Бугунги муҳокамалар бу борадаги силжишларни кўриб чиқишга имкон беради. Май ойида виза чеклови муддати тугаганида бу масалага яна қайтишимизга тўғри келади”, - деди комиссар хоним.

ЕИ баёнотида ўтган йилнинг 12-14 декабрь кунлари Тошкентда европалик экспертлар иштирокидаги Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши ўтказилгани ва Ўзбекистон ҳукумати бу масалада яна музокараларга тайёрлиги эътироф этилади ва улардан аниқ натижалар кутилиши айтилади.

Ўтган йилнинг охирида Тошкентда бўлиб ўтган муҳокамалар натижаси эълон қилингани йўқ. Европа расмийлари ишчи гуруҳи ҳисоботи ички мақсадларда ишлатиш учун мўлжалланганини айтиб келади.

Андижон воқеалари масаласини европалик экспертлар билан бир марта муҳокама қилишга розилик берган Ўзбекистон ҳукумати эса ўтган жума куни кутилмаганда яна битта йиғилиш ўтказиш таклифи билан чиқди.

“Озодлик”нинг Брюсселдаги мухбири Ахто Лобякаснинг айтишича, ЕИ бу таклифдан фойдаланиб қолишга катта иштиёқ билдирмоқда, чунки Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи баҳонасида Брюссель Ўзбекистон билан яқинлашиш йўлида тўғаноқ бўлиб келаётган санкциялардан қутилишни ният қилган кўринади.

“ЕИ Ўзбекистон билан ҳамкорлик келишуви доирасида инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқотни расмийлаштиришни истайди. Лекин бу масаланинг иккинчи томони ҳам бор. ЕИ расмийлари Ўзбекистон ҳукуматига қўйилган дастлабки талаб, яъни 13 май воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказиш талабидан чекинаётганга ўхшайди. Жазо санкцияларини бекор қилиш масаласи бундай текширувсиз кўриб чиқилиши эҳтимоллари борган сари ошиб бормоқда”, - дейди Ахто Лобякас.

Унинг сўзларига кўра, ЕИга раислик қилаётган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер жорий ой охирида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашгани Қозоғистонга сафар қилади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳам қатнашиши айтилаётган Остонадаги учрашувда ЕИ вакили Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва жазо санкциялари масаласини кўтариши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG