Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:19

Андижонлик қочқинларнинг навбатдаги гуруҳи юртига қайтди


5 март куни бир қанча электрон оммавий ахборот воситалари АҚШнинг Айдаҳо штатидан бошпана топган андижонлик қочқинлардан яна 10 нафари юртига қайтгани ҳақида хабар тарқатди.

Асосан аёллардан иборат бўлган бу гуруҳ Андижон воқеалари ортидан аввал Қирғизистон, сўнг Руминия ва кейин АҚШнинг Айдаҳо штатидан бошпана топган 60 қочқин сафида эди.

Ўзбекистон расмийларига таяниб тарқатилаётган хабарларда бу аёллардан ташқари мамлакатга қайтган қочқинлар сони 64 нафарга етгани ва уларнинг ҳаммаси ўз ихтиёри билан қайтгани айтилмоқда.

Андижон воқеаларидан сўнг юртини тарк этган, ҳозир Германияда бошпана топган ва Айдаҳодан қайтган андижонлик қочқин аёлларни танийдиган ўзбекистонлик қочқин бу ҳақда аввалдан хабардор бўлганини билдирди.

“Биз уларнинг Ўзбекистонга қайтаётгани ҳақида бир ой аввал эшитган эдик. Улар, биринчидан, фарзандларини соғинган. Иккинчидан, ўз болалари Ўзбекистонда тинч бўлишини хоҳлайди. Аёлларни бундай вазиятда тушунса бўлади”, - дейди қочқин.

Унинг сўзларига кўра, ўзи ва АҚШнинг Айдаҳо штатидаги яқинлари ҳали Ўзбекистонга қайтиш ниятида эмас.

Айни вақтда хорижда яшаётган бошқа қочқинлар орасида айдаҳолик қочқин аёлларни ортга қайтарган сабаб фақат соғинч эмас, деган фикр ҳам бор. Жумладан, Швецияда яшаётган Дўстназар Хонназаров икки ойлар муқаддам айнан шу 10 аёлнинг Ўзбекистонда қолган фарзандлари билан махсус хизмат вакиллари алоҳида суҳбатлар ўтказгани ва сўнгра уларни АҚШдаги ота-онасига телефон қилдиришгани ҳақида маълумот олганини айтади.

“Андижон воқеасидан сўнг Ўзбекистонни тарк этган аёлнинг Тошкентда яшайдиган синглиси билан янги йил арафасида суҳбатлашган эдим. У ўз жиянлари билан махсус хизмат вакиллари бир неча бор суҳбатлашгани ва шундан сўнг жиянлари онасига телефон қилиб, махсус ўргатилган гапларни айтишга мажбур этилганини айтган эди. Бунақа қўнғироқлардан сўнг қайси она чидаб тура олади?! Бу аёллар болалари учун хавотир олиб ортга қайтди”, - дейди Д.Хонназаров.

Ўзбекистонга қайтган 10 қочқин аёлни ортга қайтишга мажбур қилган сабаб уларнинг уйи, фарзандларига бўлган соғинчими ёхуд Ўзбекистон махсус хизматларининг уларнинг Ўзбекистонда қолган яқинларига нисбатан босимларими – бунга аниқлик киритиши мумкин бўлган расмий маълумотларни эса олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG