Линклар

Ва ниҳоят, “Иваново ўзбеклари” озодликка чиқди. Иваново шаҳри судининг 2 март куни уларни озодликка чиқариш тўғрисида қабул қилган қарори 5 март куни тушдан кейин ижро этилди.

Бироқ эндиги хавотирли масала уларнинг кейинги тақдири нима бўлади, деган саволнинг ҳануз жавобсиз эканидир. Боиси, ҳибсхонани тарк этган ўзбеклар тўғри Федерал миграция хизмати бошқармасига бориб, Россия ҳудудини бир ой ичида тарк этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади.

Энди бу бир ой ичида улар қочқин сифатида учинчи мамлакатга чиқарилиши ёки визасиз бориш мумкин бўлган бошқа бирор давлатга кетиши, ёхуд уйга, Ўзбекистонга қайтиши керак. Чунки Россия ҳукумати уларга қочқин мақомини беришдан бош тортган. Уларнинг мамлакат ҳудудидан вақтинчалик бошпана сўраб қилган мурожаати ҳам рад этилган. Бунинг устидан судга қилинган шикоят аризаларидан сўнггиси бўйича якуний жавоб 7 март куни айтилиши кутилмоқда, аммо “Иваново ўзбеклари”нинг адвокати Светлана Мартинова бу гал ҳам ижобий жавоб бўлиши даргумонлигини билдиряпти.

“Бу масала бўйича дастлабки қарор тайёр ва афтидан, уларга вақтинча бошпана бериш рад этилади. Эндиликда масаланинг ечими БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш бошқармаси қарори билан боғлиқ. Бу ўзбеклар қочқин сифатида тан олинган ва Россия Федерал миграция хизматига зарур ҳужжатлар тақдим қилинган. Уларнинг қочқин сифатида учинчи давлатга чиқариб юборилиши учун юридик асослар етарли”, - дейди С.Мартинова.

Айни вақтда Россия Бош прокуратурасининг бу ўзбекларни юртига экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарори ҳам бекор қилингани йўқ. Россия Бош прокуратураси бу фуқаролар Ўзбекистон томонидан Андижон воқеаларини уюштиришга алоқадорлик, терроризм ва қотилликда айбланаётганига асосланиб, уларни юртига қайтаришга қарор қилган, аммо уларнинг апелляция аризалари Европа инсон ҳуқуқлари судида кўриб чиқилгунича экстрадициясини тўхтатиб туришга мажбур бўлган эди.

Аммо орада фақат бир ой муддат бор. Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоллари масаланинг энг тўғри ва зарур ечими – уларнинг қочқин сифатида учинчи давлатга чиқариб юборилиши эканини айтаётир.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Москвадаги ваколатхонаси қочқинларни бошқа давлатга чиқариб юбориш учун бор имкониятни қилишини билдирмоқда.

“Албатта, биз “Иваново ўзбеклари” тақдирига оид ахборотни мунтазам кузатиб боряпмиз ва бу борада Россия ҳукумати билан доимий мулоқотдамиз. Уларни учинчи мамлакатга чиқариш масаласини имкон қадар тезроқ ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Масала аниқ бир ой ичида ҳал бўлади, дейиш қийин. Бу ерда ўзига хос тартиб-қоидалар бор. Аммо биз уларни Ўзбекистонга бермасликка чақириб келяпмиз”, - деди ваколатхона ҳуқуқшуноси Юрий Бортников.

Аммо, унинг сўзларига кўра, 20 ой ҳибсда ўтирган ўзбекларни қочқин сифатида учинчи давлатга ўтказиш масаласи бир ой ичида ҳал бўлмаган тақдирда ҳам уларнинг юридик мақоми масаласи Россия ҳудудида ҳал этилиши лозим.

Адвокат Светлана Мартинова ҳам бу масала ечимида Страсбург суди қарори муҳим рол ўйнашини билдирди.

“Бу масала ечимида ҳали Европа судининг қарори ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки у ерда бу ўзбекларнинг шикоят аризалари биринчилар қатори кўриб чиқиладиган ариза сифатида қабул қилинган. Европа суди қарори чиқмагунча, бу фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш мумкин эмас”, - деди адвокат.

Хуллас, яқин бир ой эндигина озодликка чиққан “Иваново ўзбеклари” учун ҳибсдагидан кам бўлмаган даражада хавотирли ўтади, дейилса хато бўлмас. Албатта, Россия ва хориждан туриб улар тақдирини кузатаётган жамоат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу ўзбеклар тез муддатга учинчи давлатга чиқарилишидан умидвор.

Бу ўзбекларнинг ўзлари қандай? Уларнинг соғлиғи, кайфияти қандай ва ҳозир қаерда?

“Озодлик” мухбири бу саволларга озодликка чиққан ўзбекларнинг ўзидан жавоб олишга уринди. Аммо улар ҳар қандай ОАВ билан суҳбатлашишдан бош тортмоқда.
XS
SM
MD
LG