Линклар

logo-print

Эрон расмийларнинг аёллар байрамига “совғаси”

  • Сарвар Усмон

8 март - Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Эронда ўттиздан зиёд аёл ҳибсга олинди. Улар ўтган йил ёзда норозилик акциялари уюштиргани учун судланаётган 4 аёлни қўллаб-қувватлаб, якшанба куни Теҳрон шаҳри суди биноси олдига йиғилган эди.

Нўшин Аҳмадий Хуросоний, Парвин Ардалон, Суссон Таҳмассабий ва Шаҳло Интизорий Эрон хотин-қизлар ҳаракати лидерларидир. 4 март куни уларнинг иши Теҳрон судида кўрилди. Аёллар хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилган қонундан норозилик билдириш учун ўтган йилнинг июнида оммавий йиғилиш ўтказгани учун жавобгарликка тортилганди.

Тўрт аёл Эроннинг миллий манфаатларига зид ҳаракат қилганликда, рухсат этилмаган йиғилиш ўтказганликда айбланмоқда.

Судланаётган бу тўрт аёл суд биносидан чиқиб, ташқарида, Теҳрон инқилобий суди олдида йиғилган бошқа аёллар сафига қўшилганидан сўнг яна ҳибсга олинди. Суд олдида йиғилганлар қўлида “Тинч йиғилишлар ўтказиш бизнинг ҳуқуқимиздир”, деган шиор бор эди.

Эронлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, мамлакат Бош қонунига кўра, фуқароларнинг тинч намойиш ўтказишга ҳақи бор. Бироқ полиция митингни тарқатиб, унинг иштирокчиларини ҳибсхонага олиб кетган.

Теҳронлик талаба қиз Паймон Орифнинг гувоҳлик беришича, полиция аёлларга нисбатан куч ишлатган.

“Уларга таҳдид қилинди, кейин таёқлар ишга солинди. Бу ерга тўпланган 50 дан зиёд киши калтакка жавоб қилмаслик мақсадида ерга ўтириб олди. Охир-оқибат соат тахминан 10 ларда аёллар полицияси етиб келди ва фаоллар ҳибсга олинди”, - деди П.Ориф.

Ўтган йилнинг июнида бўлиб ўтган намойиш ҳам куч билан тарқатиб юборилган, қарийб 70 киши ҳибсга олинган эди. Кейинроқ улар қўйиб юборилганди.

Францияда яшовчи эронлик сиёсатшунос Озода Кияннинг айтишича, ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи эронлик аёлларнинг расмийлар босимига учраётганига сабаб уларнинг икки масала бўйича норозилик акциялари ўтказаётганидадир.

Биринчидан, дейди у, ҳуқуқ ҳимоячилари хиёнат қилган аёлларни тошбўрон қилиб ўлдириш жазосини бекор қилишни, иккинчидан, бир қатор соҳаларда хотин-қизларга ҳам эркаклар билан тенг ҳуқуқлар берилишини талаб қилмоқда.

“Хотин-қизлар фаолларининг мақсади қонунларнинг ўзгартирилишини истаётган, лекин ҳозирча аёллар ҳаракатига қўшилмаган турли табақага мансуб аёлларнинг эътиборини қозониш, уларнинг қўллаб-қувватлашига эришишдир. Бу ҳолат эса Эрон расмийларини ташвишга соляпти. Амалга оширилган ҳибслар тобора кўпроқ эронлик аёллар қонунларнинг ўзгартирилишини истаётганини, бу масала тобора сиёсийлашиб бораётганини кўрсатиб турибди”, - деди профессор Озода Киян.

Нобель тинчлик мукофоти лауреати, эронлик Ширин Ибодий якшанба куни амалга оширилган ҳибсларни “ғайриқонуний” баҳолаб, қўлга олинганлар қамоқдан бўшатилишини талаб қилди.

Баъзи маҳаллий таҳлилчилар фикрича, ўттиздан зиёд аёлнинг қамоққа олиниши Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёлларнинг турли намойишлари олдини олиш учун амалга оширилган чорадир.
XS
SM
MD
LG