Линклар

logo-print

Колониядаги тадбир, ўзини ўт қўймоқчи бўлган аёл ва “оқ кўйлаклар” юриши ҳақида

  • Озодлик

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкентдаги аёллар жазо колониясида “Сен барибир муқаддассан, аëл!” мавзуида кўрик танлов ўтказилди.

Тадбирда қатнашган 7 маҳкума ўзи чизган расмлар, ясаган ўйинчоқларини намойиш этди.

“Барибир аëлга байрам ярашади. У маҳкума бўлсин, озод бўлсин, барибир аëл байрамни кутади. Чунки аëл ҳаëти ҳар доим байрамдан иборат бўлишини истайди. Колониядаги тадбирда Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги маданият уйи ходимлари иштирок этди. Маҳбус аëлларнинг ўзлари турли номерлар тайëрлаган. Бу тадбирни кузатар экансиз, иштирокчиларнинг аксариятини маҳкумалар ташкил этганига ишонгингиз келмайди”, - дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ахборот-таҳлил бўлими ходимаси Феруза Орипова.

Ф.Орипова жиззахлик маҳкуманинг расм чизиш конкурсига ҳавола этган ижоди йиғилганлар қалбида чуқур из қолдирганини айтди:

“Маҳбуса уй ясагани, ойналари рангини уйда ҳар доим чироқ ёниқ бўлсин, деган маънода сариқ рангга бўяганини билдирди. У бежиз уй ясамагани, чунки Жиззахда уни яқинлари кутаётгани, фарзандлик бурчини, албатта, оқлашини айтди”, - дейди Феруза Орипова.

Расмийлар айтаётган кўтаринкилик руҳига қаршилик Ирина Акопяннинг режалаштирган иши бироз соя соладигандек. И.Акопян маҳаллий расмийлар сиёсатидан норозилик сифатида 8 март куни омма олдида ўзига ўт қўйиш орқали жонига қасд қилмоқчи.

Шу йил майда И.Акопян квартирасидан маҳрум қилинганига бир йил бўлади. Ўшандан бери у ижара уйда яшаб келади. Бу аёлнинг кечмишлари ҳақида “uznews.net” сайти хабар қилди.

Уч фарзанди ҳам пул топиш мақсадида Россияда юрган И.Акопян собиқ эри Валерий Акопяннинг ичкиликка берилгани ва ўзларига тегишли квартирани сотиб юборгани натижасида шахсий уй-жойсиз қолган.

Унинг айтишича, ўшанда эри маҳаллий нотариус ходимлари билан тил бириктириб, қалбаки ҳужжатлар асосида уйни сотиб юборган. Унинг бу юзадан судга қилган мурожаати ва тинимсиз ҳаракатлари бесамар кетган. Адолат топа олмаслигига кўзи етгандан кейин ўзига ўт қўйишга қарор қилган.

“Бирдамлик” ҳаракатининг АҚШда сиёсий муҳожирликда яшаётган лидери Баҳодир Чориев И.Акопянни бу йўлдан қайтарганини билдирди.

“Икки-уч кун олдин бу хабарни эшитдим. Бу йўлдан қайтаришга муваффақ бўлдик. Биз Ирина опага яхшиси оқ кийим кийиб, бизнинг митингимизда қатнашишни таклиф қилдик”, - дейди Б.Чориев.

Б.Чориев назарда тутган митингни “Бирдамлик” ҳаракати 8 март куни Ўзбекистоннинг 9 шаҳрида ўтказишни режалаштирган.

Ҳаракат бу митингларда қамоқхона ва ҳибсхоналарда тутқунликда сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Гулбаҳор Тўраева ва Умида Ниёзовани озод қилиш, кам таъминланган аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби талабларни илгари сурмоқчи. Ҳаракат фаоллари митингда оқ ранг норозилик белгиси сифатида ишлатилишини айтмоқда.

Акция учун оқ рангнинг танланиши, Б.Чориевнинг сўзларига кўра, тасодифий эмас.

“Биз диктатура билан нозўровон кураш олиб бориш тарафдоримиз ва оқ ранг нозўровонлик, адолат ва тинчлик рамзидир”, - дейди у.

Б.Чориев бу ҳаракатни миллионлаб ўзбекистонликлар, шунингдек, хорижий мамлакатлардаги хайрихоҳлар қўллаб-қувватлашига умид билдирар экан, Тошкент режимига қарши ўз фикрини очиқ айтишга қўрқадиганлар ҳам ўзида журъат топиб, 8 март куни режим қурбонлари ҳимоясида бирдамлик учун чиқишини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати 8 март куни ўтиши режалаштирилган тадбирнинг асосий иштирокчиларини четлатишга киришган. Унинг иштирокчилари 15 март кунигача уйдан чиқмаслик, акс ҳолда пушаймон бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.
XS
SM
MD
LG