Линклар

logo-print

Яхши ваъдаларга учманг, аёллар!


БМТ маълумотларига кўра, айни пайтда дунёда 12 миллионга яқин одам қул бўлиб яшамоқда. Уларнинг аксарияти жинсий эксплутация қилинаётган аёллардир.

Марказий Осиё мамлакатларида ҳам аёллар савдоси долзарб муаммолардан бирига айланмоқда. Яқинда ўзбекистонлик 20 хотин-қиз ҳам қул савдоси қурбонига айланишдан қутқариб қолинди.

Қозоғистондаги “Сана сезим” ташкилоти раҳбари Хадича Абишеванинг билдиришича, ўзбекистонлик қизлар Туркияга фаҳш ишларда фойдаланиш учун олиб кетилмоқчи бўлинган. Ташкилот кўмагида бу қизлар Қозоғистондаги аэропортдан Ўзбекистонга қайтарилган.

Кейинги пайтда бу каби ҳолатлар кўплаб учраши ҳақида гапирган Х.Абишева авваллари қозоғистонлик аёллар Португалия, Бирлашган Араб Амирликлари, Греция ва Туркияга фоҳишалик мақсадида сотилган бўлса, сўнгги пайтларда фаҳш йўлида фойдаланиш учун Қозоғистонга Қирғизистон ва Ўзбекистондан аёллар жалб қилинаётганини билдирди.

“Аёлларга олтин тоғ ваъда қилинади. Хорижда яхши ишга жойлашиш, мўмайгина ойлик, аъло шароитларда ишлаш ваъдаси берилади. Оиладаги иқтисодий етишмовчиликлар, руҳий ва жисмоний зўровонликлар натижасида ўз бахтини хориждан изловчилар кўпчиликни ташкил қилади. Улар айнан шу йўл орқали ҳаётларида улкан ўзгариш бўлишига умид боғлайди. Айни шу орзу уларнинг трафик қурбонига айланишига замин бўлади”, - дейди Х.Абишева.

Одамлар газета журналларда бериладиган эълонларга алданади. Кўпчилик ҳолатларда бундай эълонлар қуруқ ваъдадан бошқа нарса эмас. Аёлларга, асосан, хорижда официант, раққоса, уй хизматчиси, энага сифатида ишлаш таклиф қилинади.

“Португалия ёки Грецияга боргач, аёлларнинг паспорти тортиб олинади ва уларга энага эмас, фоҳишалик қилиши шартлиги тушунтирилади. Аёлларнинг бундан бошқа йўли ҳам қолмайди. Улар мажбурликдан шу ишни қилади”, - дейди Х.Абишева.

Қайтиб келишга муваффақ бўлган аёлларни оила аъзолари қабул қилмайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради.

“Яқинда Туркияда жинсий эксплутация қилинган ўзбекистонлик бир қиз “Сана сезим” ташкилоти кўмагида қайтариб олиб келинди. Бироқ қизининг фоҳишалик билан шуғулланганидан хабар топган уйидагилар ундан воз кечган. Ҳозир ўша қиз Чимкент шаҳрида яшашга мажбур бўлмоқда”, - деди Х.Абишева.

Жинсий эксплуатация қилинаётган ўзбекистонлик аёлларни Марказий Осиёнинг деярли барча мамлакатларида, жумладан, Қирғизистонда ҳам учратиш мумкин.

“Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жуда кўп аёл фоҳишалик билан шуғулланади. Уларнинг 70 фоизи Ўзбекистондан келган,- дейди Қирғизистондаги “Ҳаво” ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаров. – Қирғизистонлик аёллар эса фаҳш ишлар учун, асосан, Россияга жўнатилади. Яқинда бир қирғиз аёли бизга мурожаат қилди. Унинг айтишича, у Россиядан қочиб келибди. Қирғизистонлик 24 аёл “РАФ” машинасида Россиянинг Ярославль вилоятига жўнатилган. Уларни ўша ерда бир одам кутиб олган ва аёлларнинг барчасини сотиб олганини айтган. Аёллар фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинган. Улардан фақат биттаси минг азобда қочиб келишга мувоффақ бўлибди. Маълум бўлишича, аёлларни Россияга сотиш билан махсус шуғулланувчи гуруҳлар фаолият кўрсатар экан”.
XS
SM
MD
LG