Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси - можароли ҳудуд (2-лавҳа)


Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари Фарғона водийсида туташади. Бу чегара ҳудудида муаммо кўп, чегарачилар ва аҳоли ўртасида тортишувлар тез-тез кузатилади.

Қирғиз ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, 3 март куни Ўзбекистон фуқаролари Жалолобод вилоятининг Соқолди чегара постини тошбўрон қилган. Натижада чегара пости хизматчиси Асомиддинов тан жароҳати олган.

Қирғизистон чегара хизматининг билдиришича, қирғиз чегарачилари Ўзбекистоннинг ҳужжати бўлмаган тўрт фуқаросини Қирғизистон ҳудудига ўтказмаган ва бу жанжал бошланишига сабаб бўлган. Чегарачилардан хафа бўлган ўзбекистонликлар қишлоқларига қайтиб бориб, элликка яқин ҳамқишлоғини олиб келган ва чегара постини тошбўрон қила бошлаган.

Бу воқеа ўзбек-қирғиз чегарасида тез-тез кузатиладиган можаролардан бири, холос. Ўтган йили қирғиз чегарачиси ўқидан Ўзбекистоннинг бир фуқароси ярадор ҳам бўлган эди.

Маҳаллий таҳлилчилар ва расмийлар чегарада бундай ҳолатлар тез-тез содир бўлаётганига турли сабабларни келтиради. Бу сабабларнинг энг асосийси чегара делимитация ва демаркация қилинмагани экани эътироф этиляпти.

“Ҳозир Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 763 километри баҳсли бўлиб турибди. Биргина Жалолобод вилоятининг етти тумани Ўзбекистон билан чегарадош. Бу туманларда аниқланмаган чегара ҳудудлари жуда кўп. Мана шу ноаниқлик туфайли Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳамда чегарачилари ўртасида турли можаролар келиб чиқмоқда”, - дейди Жалолобод вилояти губернатори ўринбосари Жаниш Қурбонов.

Жалолобод вилоятининг Ахси тумани чегара можаролари энг кўп содир бўладиган ҳудудлардан биридир. Ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар азалдан бу тумандаги яйловларда чорва боқиб келган. Мустақилликдан сўнг бу ерга чегара чизиғи тортилган. Шунга қарамай, кўпинча ўзбекистонликлар чегарани ноқонуний бузиб ўтиб, чорваларини мана шу ҳудудда боқади.

Жалолободлик таҳлилчи Нурқул Истамов сув масаласи ҳам чегарадаги можаролар сабабларидан бири эканини таъкидлади.

“Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш лозим. Акс ҳолда кичик жанжал катта тўқнашувга сабаб бўлиб қолади. Чегара ҳудудидаги дарё ва сойларнинг кимга тегишли экани ҳалигача ноаниқ бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, ҳукуматлар яйловлардан ўзаро манфаатли фойдаланиш масаласини ҳам ўрганиб чиқиши зарур. Акс ҳолда ёз келиши билан яйловларда яна жанжаллар бошланади”, - деди Нурқул Истамов.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида яшовчи аҳоли ҳукуматлар томонидан йўл қўйилаётган хатоликлар туфайли ҳам кўпинча сен-менга бориб қолади. Новкен туманидаги нодавлат ташкилотлардан бирининг раҳбари бўлган Раҳматжон Мўлдожанов бунга бир қанча мисоллар келтиради.

Унинг айтишича, Новкен туманидан Ўзбекистонга қарашли “Сталин ариғи” номли канал ўтади. Бу канал туфайли қирғизистонликлар жабр тортади.

“Уйлардан зах сув чиқади. Ер ости сувлари кўтарилиб, уйларни яроқсиз ҳолатга келтириб қўйган. Бу аҳолига моддий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам зиён келтирмоқда. Ҳукуматлар ўртасида бу каналдан зиён тортаётган оилаларга моддий кўмак кўрсатиш тўғрисида шартнома мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам бу ерда яшовчи қирғизистонликлар Ўзбекистон фуқаролари билан жуда кўп жанжаллашади”, - дейди Р.Мўлдожанов.
XS
SM
MD
LG