Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:43

Экологияга оид халқаро хабарлар


БМТнинг уч ташкилоти 16 йирик ширкат, жумладан, “Microsoft”, “Hewlett-Packard” ва “Philips” компаниялари, шунингдек, давлатга қарашли идоралар, университетлар билан ҳамкорликда электрон чиқиндилар ҳақида тавсиялар ишлаб чиқишни режаламоқда. Бундан мақсад компьютер, телефон, телевизор ва бошқа турдаги электрон асбоблардан фойдаланиш муддатини узайтириш, уларни қайта ишлаш имкониятини ошириш ва электрон чиқиндиларнинг атроф-муҳитга зарарини камайтиришдир.

БМТ университетининг электрон чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш котибияти раҳбари Рудигер Кёхр “Рейтер” мухбири билан суҳбатда ишга яроқсиз микротўлқинли печлар, батареялар, соч қуритиш асбоблари ва бошқа электрон чиқиндилар ёқиб юборилса, атмосферага заҳарли газлар чиқишини айтади. Ҳозир электрон чиқиндилар миқдори кун сайин ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, яқин фурсатда дунё бўйича йилига 40 миллион тонна шундай чиқинди пайдо бўлади. Япония, Европа Иттифоқи ва АҚШ электрон чиқиндиларни қайта ишлаш ёки зарарсизлантириш ишларига ҳар йили миллионлаб доллар ажратмоқда.

БМТ ташаббуси билан тайёрланадиган ҳужжатда компаниялар вақт ўтиши билан ташлаб юбориладиган эмас, балки янгилаш мумкин бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга даъват қилинади.

Электрон чиқиндилар дунёнинг аксарият давлатлари каби Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда ҳам озми-кўпми муаммолар яратяпти.

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Равшан Маматқулов бу ҳақда гапирар экан: “Электрон чиқиндилар бўйича озгина муаммолар бор. Бундай чиқиндиларни қайта ишлайдиган цех ёки кичик завод ҳозир Ўзбекистонда бор-йўқлигини аниқ айта олмайман. АгарЎзбекистонда эскирган ёки бузилган электрон асбобларни таъмирлашнинг иложи бўлмаса, жойларда хусусий сектор вакиллари уларни йиғиб, қўшни давлатларга олиб бориб қайта ишлатяпти. Токда ишлайдиган электрон чиқиндилардан, масалан, люминисент лампаларни қайта ишлашга имкониятларимиз етарли. Унинг ичида симоб бор. Агар лампа синиб қолса, симоб ҳавога чиқиб, заҳарли атмосферани вужудга келтиради. Ана шу лампани қайта ишлаш яхши йўлга қўйилган. Электрон чиқиндилар ва жиҳозларни қайта ишлар ҳаракат дастурига киритилган. Бу ҳам яқин келажакда амалга ошиши керак. Биласиз, электрон чиқиндилар унчалик кўп ҳосил бўлмайди ҳозирги вақтда”, – деди.

*** *** ***

Ўзбекистонда ЭКОСАН халқаро ташкилоти бир неча йилдан бери экология ва саломатлик кунларини уч босқичда ўтказиб келмоқда. 3 март куни жорий йилги тадбирнинг “Наврўз” байрамига бағишланган биринчи босқичи республика ҳашари кўринишида ўтказилди. Унда бир неча миллион фуқаро қатнашгани айтилмоқда. Улар ўзи истиқомат қилаётган шаҳар ва қишлоқларда ободонлаштириш, ариқ ва зовурларни тозалаш, кўчат экиш ва бошқа ишларни амалга оширди.

ЭКОСАН ташкилоти матбуот котиби Хония Асилбекова республика миқёсидаги навбатдаги тадбир 10-11 март кунлари ўтказилишини айтди.

“10- 11 март куни ҳам умумреспублика ҳашари ташкил этилади. Шу тадбир доирасида 10 март куни биз дипломатик корпус вакиллари, хорижий ҳамкорларимиз билан ҳамкорликда Шредер институтида ҳам экологик акция ташкил этяпмиз. У ерда баҳорги дарахтларни экиш тадбири ўтказилади. У ерда “Дипломатлар боғи” ташкил этилган эди. У кенгайтирилади. Экологик ҳашарларнинг бошқа ҳашарлардан фарқи шундаки, унда нафақат ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилади, балки саноат корхоналарида кўпроқ табиатни муҳофаза қилишга, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар ташланишини камайтиришга йўналтирилган тадбирлар амалга оширилади”, – дейди Хония Асилбекова.

*** *** ***

Хитой, Ҳиндистон ва Таиланд божхона ходимлари ўтган йил сентябрдан ҳозирга қадар Ер атрофидаги озон қатламини емирувчи 65 тонна ноқонуний кимёвий моддаларни қўлга тушириб мусодара қилди.

БМТ Атроф-муҳит дастури озон қатламини емирувчи кимёвий моддаларни назорат қилиш ва уларнинг ноқонуний савдосига қарши курашда Осиёнинг 18 давлатига ёрдам бермоқда. Ташкилот расмийларининг билдиришича, мусодара қилинаётган кимёвий моддалар яширинча сотилаётган шу турдаги моддаларнинг жуда оз қисмини ташкил этади.

БМТ маълумотига кўра, ҳар йили Осиё давлатларида 7 минг тоннадан 14 минг тоннагача шундай моддалар яширинча сотилмоқда. Бу моддалар, асосан, музлаткич ёки кондиционерларда ишлатилади. 1987 йил Монреал шаҳрида имзоланган халқаро шартномада озон қатламини емирувчи кимёвий моддлардан фойдаланиш босқичма-босқич тўхтатилиши назарда тутилган. Тараққий этган давлатлар ўз мажбуриятини аллақачон бажарган. 2010 йилга қадар ривожланаётган давлатлар ҳам бу шартнома талабини бажариши керак.







*** *** ***

Туркиянинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон саноати вазири Усмон Пепе ҳукумат атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш борасида қатор тадбирлар амалга ошираётгани, аммо Туркия Киото шартномасига қўшила олмаслигини айтди.

Расмий маълумотларга кўра, Туркияда 1990-2004 йиллар мобайнида атмосферага чиқаётган зарарли газлар миқдори 75 фоиз кўпайган. Шу боис, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Энергетика ва Қишлоқ хўжалик вазирликлари ҳамкорликда зарарли газларни камайтиришни кўзда тутган дастур ишлаб чиққан. Бу ҳужжат келаси ҳафтада ҳукумат муҳокамасига қўйилади. Туркияда ҳавони ифлослантирувчи эски автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаган.

Усмон Пепенинг айтишича, Туркия ўзининг атроф-муҳитга оид қонунларини Европа Иттифоқиникига мослаштириш учун 60 миллиард доллар сарфлашни режалаштирган. Айни пайтда мамлакатда қайта тикланувчан энергиядан унумли фойдаланиш бўйича тадқиқотлар олиб бориляпти.

Вазир Туркияда қурғоқчилик юз бераётгани боис аҳоли сувдан ва электр қувватидан фойдаланишни қисқартириши ҳам кераклигини таъкидлади.

*** *** ***

Москва кўчаларига аҳолини камроқ электр сарфлайдиган лампочкалардан фойдаланишга тарғиб қилувчи рекламалар ўрнатилди. Бу 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан бери Россияда энергия тежаш мақсадида ўтказилаётган дастлабки тадбирдир.

Атмосферани энг кўп ифлослантираётган учинчи давлат ҳисобланган Россия аҳолисининг бир қисми кун давомида ўз уйларидаги чироқларни ёки ёнаётган газни ўчирмайди. Кузатувчилар энергия захираларига бой бўлган Россияда одамларни энергия тежашга ундаш ва ундан самара олиш қийин вазифа эканини айтмоқда. Чунки Совет Иттифоқи даврида ётқизилган газ қувурлари эскирган ва улардан кўпинча газ оқиб чиқади. Ёмон қурилган бинолар қишда яхши исимагани учун аҳоли уйни иситишда электр ёки газдан фойдаланади. Атроф-муҳит ҳимоячилари энергиядан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳақидаги тарғибот мамлакатда исроф бўлаётган улкан миқдордаги энергиянинг атиги бир қисмини тежаши мумкинлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG