Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:53

Қочқинларнинг қайтиши соғинч натижасими ёки...


2005 йил 13 май воқеаларидан сўнг Ўзбекистонни тарк этиб, АҚШдан бошпана топган қочқинлардан юртга қайтган 10 нафарининг номи электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Ўзбекистонда ишлаётган ҳиндистонлик журналист Алок Шекҳар “Центразия.ру” сайтида эълон қилинган мақоласида қочқин аёллар у билан суҳбатда ватанга ўз хоҳиши билан, бола-чақаси, юртини соғиниб ортга қайтганини ёзган.

Аёллар АҚШда ўтган кунлари давомида уйда ўтиргани ва кейин ўз яқинлари, фарзандлари ёнига қайтишга қарор қилганини айтган.

Уларнинг айтишича, тез орада қочқинларнинг яна бир катта гуруҳи қайтиши мумкин.

Бироз муқаддам Айдаҳо штатидан бошпана топган 60 қочқин Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига қайтиш истаги билан ариза топширгани хабар қилинган эди. Бу 10 аёл ана шу гуруҳ таркибида бўлган.

“Улар Ўзбекистон фуқароси сифатида бизга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Шу боис, биз имкониятимизда бор ҳамма ёрдамни кўрсатяпмиз. Бу қандай ёрдам ва қай шаклда кўрсатилаяпти - буни шарҳлай олмайман”, - деди Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Қочқинлар қайтиши билан боғлиқ ҳолатларни хориждан ва Ўзбекистондан туриб кузатаётган таҳлилчилар ҳам бу жараённи шарҳлашда якуний фикр айтишдан ҳунуз тийилиб турибди.

“Албатта, она юртга қайтиш яхши. Аммо андижонлик қочқинларнинг қайтиши борасида бор вазиятни ўрганиб, кейин бир хулоса айтиш мумкин. Чунки улар, биринчидан, она. Иккинчидан, махсус хизматларимиз ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ”, - деди Андижон воқеаларидан сўнг қочқинликка маҳкум бўлиб, ҳозир Европа давлатларидан бирида яшаётган Акбаржон Орипов.

Вашингтондаги таҳлилчи Абдуманноп Пўлатов бу борада ҳар икки қараш – аёлларнинг юрт соғинчи устунлик қилиб ортга қайтиш истаги ва айни вақтда Ўзбекистон махсус хизматлари босими ҳам ҳақ бўлиши мумкинлигини айтади.

“Фарзандларидан айрилган онага бегона юртда яшаш оғир. Айни вақтда уларнинг ана шу вазиятидан фойдаланиб, Ўзбекистон ҳукумати халқ орасида, халқаро жамоатчилик олдида обрўсини ошириш, қайтаётганлар юртида гўёки эмин-эркин яшаётганини кўрсатиш учун ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда аниқ гап айтиш қийин”, - дейди А.Пўлатов.

Аксар кузатувчилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари юртга қайтган қочқинлар билан алоқа қилиш, уларнинг вазиятини ўрганиш деярли имконсиз эканини, бу шахслар мунтазам назорат ва кузатув остида эканини айтмоқда.

Бир қанча муддат аввал “Озодлик” мухбири Ўзбекистонга биринчи бўлиб қайтган 41 кишилик гуруҳ орасида бўлган Иқболжон билан учрашишга муваффақ бўлганди.

“Келганимиздан бери ҳар ҳафта ички ишлар бошқармасига учраб, нима қилаётганимиз, қандай яшаётганимиз ҳақида хабардор қилиб турибмиз. Жиддий сиқувга олиш бўлгани йўқ ҳали”, - деган эди ўшанда Иқболжон.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Иқболжоннинг бу сўзлари юртга қайтган қочқинлар мунтазам кузатув ва назорат остида экани, уларга ён-атрофдагилар билан алоқа қилиш имконияти чеклангани ҳақидаги хабарларни тасдиқлашини таъкидламоқда.

Ўзбекистондаги расмий манбаларга таянган ахборот воситалари ҳозиргача АҚШдан бошпана топган қочқинлардан 60 дан ортиғи юртига қайтгани ҳақида ёзмоқда.
XS
SM
MD
LG