Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:34

ЎИҲ жангарилари пуштунлар билан тўқнашди


6 март куни Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасида Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари ва уларга бошпана бериб келган маҳаллий пуштун қабиласи вакиллари ўртасида илк бор қонли тўқнашув содир бўлди.

Отишма давомида ҳалок бўлганлар орасида ЎИҲнинг 12 аъзоси, маҳаллий қабиланинг 3 вакили ва 2 афғон қочқини борлиги хабар қилинмоқда.

Шимолий Вазиристон ЎИҲ, “Толибон” ва “Ал-Қоида”нинг ўзбек, чечен, араб ва бошқа миллатларга мансуб аъзолари бошпана топган жой ҳисобланади. 2001 йилда қўшни Афғонистонда АҚШ бошчилигида бошланган аксилтеррор амалиётлари давомида улар маҳаллий қабилалар назоратида бўлган бу минтақага ўрнашиб олган эди.

6 март куни хорижий жангарилар ва маҳаллий қабила вакиллари ўртасидаги отишма уларнинг илк жиддий тўқнашувидир.

“Рейтер” ахборот агентлигининг Покистондаги мухбири Роберт Бирсел сўзларига кўра, хорижий жангарилар ҳукуматга мойил қабила раҳбари Малик Саидуллоҳ Хонни ўлдиришга уринган.

“Аммо воқеа жойига унинг тарафдорлари етиб келгач, отишма бир неча соатгача давом этди. Покистон ҳарбий манбалари бу ҳужумни ЎИҲ жангарилари уюштирганини тасдиқламоқда”, - деди Роберт Бирсел.

Хорижий жангарилар илгари ҳам ҳукуматга мойилликда ёки АҚШ ҳарбийлари фойдасига жосусликда гумонланган кўпгина қабила раҳбарларини шу тариқа йўқ қилишга муваффақ бўлган.

Минтақадаги қуролли гуруҳлар бўйича етакчи мутахассислардан бири Аҳмад Рашид фикрича, айни пайтда Шимолий Вазиристонда назоратни ўз қўлига олиш учун маҳаллийлар ва хорижлик жангарилар ўртасида курашнинг авж олаётганини кузатиш мумкин.

“Ғоявий қарашлари бўйича улар бир-бирига бегона эмас, аммо минтақани ким назорат қилиши масаласида улар ўзаро рақиб бўлмоқда. Хорижий жангарилар жуда кўп қабила оқсоқолларини ўлдириб, бу ердаги қонунни ўз қўлига олишга муваффақ бўлган. Табиийки, маҳаллий пуштунлар ўз юртида хорижликлар эмас, ўзлари хўжайин бўлишни хоҳлайди”, – дейди А.Рашид.

Минтақадан келаётган энг сўнгги хабарларга кўра, қабилалар раҳбарлари маҳаллий кенгаш - Жирға мажлисини уюштириб, зиддиятни ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда террорчилар маконига айланган Шимолий Вазиристонни мутлақо назорат қилмайдиган Покистон ҳукумати маҳаллий қуролли қабилалар хорижий жангариларга қарши туришини хоҳлаётганини тахмин қилиш мумкин.

“Вазият қабилалар раҳбарларини хорижликларга бошпана бермаслик керак, деган хулосага етаклаши мумкин. Покистон ҳарбийлари айнан шунга умид қиляпти, деб ўйлайман”, - дейди “Рейтер” мухбири Роберт Бирсел.

Покистон расмийларининг билдиришича, маҳаллий “Тинчлик қўмитаси” раҳбари Малик Саидуллоҳ Хон ўзининг 250 нафар қуролли қабиладоши ёрдамида жангарилар суиқасдидан омон қолган. ЎИҲ аъзолари Шимолий Вазиристондаги Аъзам Варсак қишлоғида уни сўнгги уч кун ичида иккинчи бор ўлдиришга ҳаракат қилган.

Айнан шу минтақада 2004 йилда Покистон ҳарбийлари Тоҳир Йўлдошев бошчилигидаги ЎИҲ жангариларига қарши йирик ҳарбий амалиёт уюштирган эди. Шиддатли жанглар давомида 100 дан зиёд жангари ўлдирилган, Т.Йўлдошевнинг ўзи эса қочишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистон ҳукуматига қарши жиҳод эълон қилган ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдошевни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 1999 йилдаги Тошкент портлашларини уюштиришда айблаб келади.
XS
SM
MD
LG