Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:52

Телефон мулоқоти ўзаро муносабатларни илиқлаштирадими?


6 март куни бўлиб ўтган ўзаро телефон суҳбати чоғида Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни Туркманистонга расман таклиф қилди.

Туркманистон телевиденияси хабарига кўра, Ўзбекистон президенти бу таклифни миннатдорлик билан қабул қилган. Шунингдек, ўзаро иқтисодий, савдо ва сиёсий масалаларни муҳокама қилган президентлар икки халқ ўртасидаги бир-бирига ишончни янада мустаҳкамлаш мақсадида маданий алоқалар тобора яхшиланиши керак, деган фикр билдирган.

Расмий Тошкент ва расмий Ашхобод тарқатган хабарларда телефон орқали мулоқот таклифи кимдан бўлгани ойдинлаштирилмаган. Бироқ Ўзбекистон президенти девонидаги исми айтилишини истамаган манба бу суҳбат Туркманистон тарафи ташаббуси билан бўлганини билдирди.

Кейинги пайтларда Туркманистон-Ўзбекистон муносабатлари анча совуқ эди, ҳатто 2003 йилда Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси мамлакатдан чиқариб юборилганди.

“Туркманлар бизни дўст ҳам, душман ҳам кўрмасди. Улар фақат ўз манфаатларини ўйлади”, - дейди бу совуқлиқ сабабларини изоҳлашга уринган ўзбекистонлик журналист Шарофиддин Тўлаганов.

Туркманистон телевидениеси ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг яхши тарафга ўзгараëтганини қайд этди. “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган таҳлилчилар ҳам икки давлат президентлари ўртасидаги мулоқот ўзбек-туркман муносабатларининг илиқлашуви аломати эканини таъкидлади.

Аммо яқин ўтган кунларда бу илиқлик аломати кўринмаётган эди. Қ.Бердимуҳаммедовнинг президент сифатида қасамёд қилиш маросимида МДҲ, хусусан, Марказий Осиёнинг бир неча давлати президентлари қатнашганди. Аммо Туркманистоннинг яқин қўшниси бўлган Ўзбекистон президенти бу маросимга келмаганди, табрик телеграммаси жўнатиш билан чекланганди, холос.

Туркманистоннинг марҳум президенти Сапармурод Туркманбоши билан эса И.Каримов охирги марта 3 йил олдин Бухорода учрашган ва унга автомобиль совға қилганди. Бироқ бу мулоқот ҳам ўзбек-туркман муносабатларидаги музни эритмаган эди.

Хўш, 6 март куни икки қўшни давлат президентлари ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти ўзаро алоқаларни амалда яхшилашга ҳисса қўшадими? Бу саволнинг жавоби яқин келажакда аниқ бўлса ажаб эмас!
XS
SM
MD
LG