Линклар

Бу галги хабар чинмикин?

  • Замира Шукур

Халқаро коалиция кучларининг Афғонистон-Покистон чегара ҳудудларида амалга оширган амалиëтлари натижасида Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбарларидан бири ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Айрим манбалар бу шахс ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўзи ёки унинг яқин сафдошларидан бири бўлиши мумкинлигини маълум қилмоқда.

Бироқ Т.Йўлдошнинг ушланганини Покистон ва Афғонистон ҳарбийлари ҳозирча тасдиқлагани ҳам, инкор ҳам қилгани йўқ.

Куни-кеча Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Жанубий Вазиристон вилоятида ЎИҲ жангарилари ва маҳаллий пуштун қабилалари ўртасида қонли тўқнашув бўлган эди. Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Т.Йўлдош мана шу тўқнашувдан кейин Покистондан Афғонистон ҳудудида ўтган.

Минтақадаги вазиятни кузатиб бораётган таҳлилчилар Т.Йўлдошнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги маълумотга шубҳа билан қарамоқда.

Марказий Осиëдаги исломий ҳаракатлар тўғрисидаги китоблар муаллифи, покистонлик журналист Аҳмад Рашид ҳам бу хабарга эҳтиëткорлик билан муносабат билдиради.

“Биз Т.Йўлдошнинг қўлга олинган-олинмаганини аниқ билмаймиз. Бу ҳақда фақат Покистоннинг битта хусусий телеканали хабар тарқатди. Жанубий Вазиристонда нима бўлаëтганини фақат маҳаллий қабилалар бошлиқлари ва Покистон ҳарбийларигина билади. Шу боис, Т.Йўлдошнинг қўлга олинган-олинмаганини улар ойдинлаштирмаса, бу борада аниқ бир гап айтишнинг иложи йўқ”, - дейди покистонлик журналист.

Т.Йўлдошнинг қўлга олинганига муносабат билдираëтган россиялик айрим кузатувчилар унинг Афғонистон-Покистон сарҳадида ушланганининг ўзи шубҳали экани айтмоқда. Россиялик журналист Аркадий Дубнов Россия разведкасидаги ишончли манбалар Т.Йўлдош яқинларгача Эрондан бошпана топганини билдириб келганини таъкидлади.

Аммо Аҳмад Рашид ЎИҲ раҳбари Жанубий Вазиристон ва Афғонистон-Покистон чегара ҳудудларида экани аниқлигини айтди. Шу билан бирга, у Т.Йўлдошнинг ўзбек жангарилари устидан назорати сусайиб бораётганини қўшимча қилди.



“Биз кейинги ойлар ичида минтақадаги ўзбекларнинг бир неча гуруҳга бўлиниб кетганини ҳам биламиз. Т.Йўлдош бугун Вазиристондаги барча ўзбек жангариларини бошқараëтгани йўқ. Ўзбекларнинг айримлари “Ал-Қоида” ëки толибларнинг бошқа қўмондонлари сафига ўтиб кетди. Бу бўлиниш нафақат ўзбек жангариларининг ўз ичида, шунингдек, ўзбеклар ва покистонлик жангарилар ўртасида ҳам юзага чиққан”, - дейди Аҳмад Рашид.

ЎИҲнинг Покистонда яшаётган собиқ аъзоси ҳам Т.Йўлдошнинг Вазиристонда экани ва ҳаракат ичида юз берган бўлиниш ҳақидаги бу маълумотни тасдиқлади. Бироқ у бу бўлиниш сабабларидан бехабарлигини билдирди. Бироқ Аҳмад Рашид бўлиниш сабабини Т.Йўлдошнинг ниҳоятда шафқатсизлиги билан изоҳлади.

“Т.Йўлдош бошчилигидаги ўзбек жангарилари ниҳоятда шавқатсизлиги билан донг чиқарган ва кейинги пайтда улар маҳаллий қабила оқсоқолларидан бир нечтаси, қолаверса, бошқа кўплаб покистонликларнинг ўлдирилишига маъсулдир. Бундай шавқатсизлик маҳаллий пуштунлар тоқатини тоқ қилиб юборди ва уларнинг норозилигини кучайтирди. Бунинг устига, ўзбек жангариларнинг минтақада ўз назоратини ўрнатиш истаги маҳаллий пуштун қабилаларини қўллаб келаëтган покистонлик толиблар ғазабини келтирмай қолмаган”, - деди Аҳмад Рашид.

Сўнгги бор АҚШда 11 сентябрда амалга оширилган террор ҳужумларининг беш йиллиги муносабати билан жамоатчиликка мурожаат қилган Т.Йўлдош ЎИҲнинг кундан-кун кучайиб бораëтганини даъво қилган эди.

2006 йил 11 сентябрь куни Марказий Осиë мусулмонларига қилган бу даъватида ер юзида исломий халифалик қуриш мақсадида жиҳод олиб бораëтганини даъво қилган ЎИҲ амири Т.Йўлдош қўлга олингани ҳақида илгари ҳам бир неча марта хабарлар тарқатилганди. Бироқ ҳар гал бу каби маълумотлар тасдиғини топмаганди. Навбатдаги хабар тасдиғини топиши ҳам ҳали номаълум. Аммо янги тахминнинг Ўзбекистон номини яна бир бор халқаро майдонда тилга туширгани ва бу жамоатчиликни авторитар ҳукумат таъқибидан қочган ўзбекистонликлар бугун халқаро террор халқасининг бир бўлагига айланганидан яна бир бор огоҳ қилгани аниқ.
XS
SM
MD
LG